Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунига кўра, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар суди, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар суди, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий суди раиси томонидан жамоатчиликни ҳар чоракда суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб бориши кўрсатиб ўтилган.
Мазкур қонун талабларидан келиб чиқиб, фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро суди томонидан фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги 2024 йилдаги фаолияти юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Маълумки, Избоскан, Пахтаобод ва Балиқчи туманлари фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судининг юрисдикция ҳудуди ҳисобланади.
Туманлараро суди томонидан 2024 йил ҳисобот даврида 5622 та фуқаролик иш кўрилган бўлиб, шундан 4033 та фуқаролик ишлари юзасидан ҳал қилув қарорлари қабул қилинган. Шундан, 3508 та даъво ариза ва аризалар қаноатлантирлиган, 525 та рад этилган, 772 та даъво ариза ва аризалар кўрмасдан қолдирилган, 53 та фуқаролик ишлари иш юритишдан тугатилган.
Шунингдек, 9.583 та суд буйруғи қаноатлантирилган, 763 та ариза материал тартибда кўрилган.
Ҳисобот даврида 318 та фуқаролик ишлари сайёр суд мажлисларида кўриб ҳал этилган.
2024 йил ҳисобот даврида 2023 йил ҳисобот даврига нисбатан ишга тиклаш, ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни буздириш билан боғлиқ даъволар кўпайган бўлсада, уй-жой ҳамда кредит қарздорлигини ундириш билан боғлиқ фуқаролик ишлари камайган.
Оилаларни сақлаб қолиш ва никоҳдан ажратиш ишларини камайтириш мақсадида 159 та хусусий ажрим ва тақдимномалар чиқарилиб, ижро этиш учун тегишли органларга юборилган.
Натижада 2024 йил давомида никоҳдан ажратиш ҳақидаги қаноатлантирилган даъволар сони 34 тага камайган. Шунингдек, оила низолари билан боғлиқ 24 та даъво аризалар юзасидан қўзғатилган фуқаролик ишлари тарафларнинг оиласи тикланганлиги сабабли иш юритишдан тугатилган.
2024 йил давомида 6 та фуқаролик ишлари юзасидан тарафлар келишувга эришганликлари сабабли даъво аризалар иш юритишдан тугатилган, шунингдек, 17 та даъво аризалар юзасидан қўзғатилган фуқаролик ишлари тарафларнинг медиатив келишувга эришганликлари сабабли кўрмасдан қолдирилган.
МИБнинг туман ва шаҳар бўлимлари билан доимий ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, ҳисобот даврида Мажбурий ижро бюроларининг туман ва шаҳар бўлимларига республика бюджетига давлат божи ундириш ҳақидаги жами 8.016.368.944 сўмлик 11.979 та ижро варақаси юборилган бўлиб, ҳисобот даврида юборилган ижро хужжатларининг 4.862 та 2.605.931.313 сўмлик ижро хужжати тамомланган, шундан 7117 таси ёки 5.410.437.631 сўмлик қисми ижро жараёнида.
Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судида томонидан хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда фуқароларнинг қонуний мурожаат, ариза ва шикоятларини қисқа муддатда синчиклаб кўриб чиқишни ва ҳал этишни таъминлаш йўлга қўйилган.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ҳамда Халқ қабулхоналари томонидан келиб тушган жами 248 та мурожаатлар ўрганилиб, тегишли тартибда ҳал этилган бўлиб, 2023 йил ҳисобот даврига нисбатан мурожаатлар сони 85 тага камайган.
Бундан ташқари суд раиси ва судьяларнинг шахсий қабулида жисмоний ва юридик шахс вакиллари томонидан қилинган 24 та мурожаат қабул қилиниб, уларга ўз вақтида ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
“Менинг маҳаллам – менинг судьям” ва Маҳаллабай сайёр қабуллар режаси асосида судьялар ўзларига бириктирилган маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш юзасидан сайёр учрашувлар ўтказиб келмоқдалар.
Тадбиркорлар ва ахоли билан учрашувлар давомида ўз маърузалари билан бевосита иштирок этган суд раиси ва судьялар томонидан аҳолига янги қабул қилинаётган қонунлар, шунингдек суд томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг ҳам мазмун-моҳиятини атрофлича тушунтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Ахроридин Масардинов,
фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро суди раиси