Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунни 41-моддасида, судьялар жамоатчиликни ҳар чоракда суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб бориши белгиланган. Шу муносабат билан Избоскан туманлараро иқтисодий суди томонидан 2024 йил давомида одил судловни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан амалга оширилган ишларни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилишни лозим топди.
Жумладан, Избоскан туманлараро иқтисодий суди томонидан 2024 йилда кўрилган иқтисодий ишлар сони 2115 тани ташкил этади. Кўрилган иқтисодий ишларнинг 1667 таси фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга оид, 402 таси маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид, 40 таси ташкилот ва фуқароларнинг тўловга қобилиятсизлигига оид, 4 таси корпоратив муносабатларга оид, 2 таси юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлашга оид иқтисодий ишларга тўғри келмоқда.
Мазкур кўрилган иқтисодий ишларнинг 1861 таси қаноатлантирилган, 128 таси рад этилган, 15 таси кўрмасдан қолдирилган, 29 таси бўйича эса иш юритиш тугатилган, шундан 14 таси келишувга эришилганлиги сабабли келишув битимлари тасдиқланган.
Соддалаштирилган тартибида эса 42 та ишлар кўрилган. Избоскан туманлараро иқтисодий суди томонидан 2024 йилда коммунал тўловларни ундириш юзасидан етказиб берилган электр энергияси ва совуқ сув бўйича қарздорликларни ундириш тўғрисида 152 та ариза ва даъво аризалар қаноатлантирилган ҳолда 8 441 177 719 сўм қарздорликларни ундириш ҳақида суднинг ҳал қилув қарорлари қабул қилинган.
Избоскан туманлараро иқтисодий суди томонидан 2024 йил давомида тадбиркорлик субъектларига нисбатан 298 та ҳуқуқий таъсир чоралари қўллаш билан боғлиқ ишлар кўрилган. Хусусан, фаолиятида солиққа оид ҳуқуқбузарликлар аниқланган тадбиркорлик субъектларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш юзасидан 31 та ариза қаноатлантирилиб, 65 млрд 979 млн сўм молиявий жарима қўлланилган бўлса, 5 таси рад этилган, 2 таси иш юритишдан тугатилган. Банклардаги ҳисобварақалар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш ҳақида 265 та аризалар кўрилган. Тўловга қобилиятсиз деб топиш юзасидан жами 40 та шундан 2 таси жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш ҳақидаги аризалар кўрилиб, 8 таси рад этилган, 2 таси қайтарилган, 1 таси иш юритишдан тугатилган, 29 та ташкилотлар ва фуқаролар иқтисодий суднинг ҳал қилув қарорига асосан тўловга қобилиятсиз деб эътироф этилиб, тугатишга доир иш юритилган.
Избоскан туманлараро иқтисодий суди томонидан 2024 йилда 27 та ҳуқуқий таъсир чоралари қўллаш бўйича хусусий ажримлар чиқарилган яъни айбдор шахсларга нисбатан моддий, интизомий ва бошқа суднинг таъсир чоралари қўлланилган. Избоскан туманлараро иқтисодий суди ишларни кўриб билан бир қаторда юридик ва жисмоний шахслардан келган мурожаатларни ҳам ўрганиб чиқилган, судга 2024 йил давомида суд идорасида 46 та, ташкил этилган сайёр қабулларда 18 та, халқ қабулхоналарида 5 та жами 69 та жисмоний ва юридик шахслар иқтисодий суд раисининг шахсий қабулида бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасидан эса 5 та мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатлар бўйича қонунда белгиланган муддатларда ҳуқуқий тушунтириш бериш йўли билан ижобий ҳал этилган. Избоскан туманлараро иқтисодий судига 2024 йилда республика бюджетига ихтиёрий равишда тадбиркорлик субъектлари томонидан 409 415 544 сўм миқдорда давлат божи тўлаб даъво аризаларини тақдим этишган. Суд томонидан эса давлат божини ундириш юзасидан 11 473 123 700 сўмлик ижро ҳужжатлари чиқарилиб, ижро этиш учун тегишли Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлимларига юборилган, асосий қарздорликни ундириш юзасидан чиқарилган ижро хужжатларини ундирувчиларга юборилган.
Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8,24-моддаларига асосан 94 та ижро ҳужжатлари қайтарилган бўлиб, ижро органи томонидан техник хатолик билан нотўғри қайтарилган ва ижро ҳужжатини тузишда судьялар томонидан йўл қўйилган хато-камчиликлар Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда бартараф этилиб, ижро ҳужжатлари қайтадан ижрога тўлиқ электрон тарзда юборилди ва асоссиз равишда суд ҳужжатларини ижросини таъминламаган, суд ҳужжатини Қонуннинг 8,24-моддаларига асосан нотўғри қайтарганлиги учун ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қараган Мажбурий ижро бюросининг айбдор давлат ижрочиларига нисбатан Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармасига тақдимнома киритилган.
Р.Г.Асқаров,
Избоскан туманлараро иқтисодий судининг раиси