Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ОДИЛ СУДЛОВ ЎЗАГИ

Конституция нормаларини тўғридан тўғри қўллаш судловнинг ўзаги  

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимизнинг асосий қонуни бўлиб, у давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантириш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради.

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиеёв томонидан Конституциямиз тўғрисида шундай фикр билдирилган: “Тўла ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда. Бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.”

Бош қомусимизнинг 15-моддасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади деб кўрсатилган. Мазкур моддадан келиб чиқиб, бугунги кунда судларда ҳам Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш орқали адолатли суд қарорлари қабул қилиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, судлар томонидан конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри ва бир хилда қўлланилиши орқали инсон ҳуқуқларига оид кафолатларни тўлақонли таъминлаш мақсадида, 2023 йил 23 июнда Олий суд Пленумининг “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур Пленум қарорининг 5-бандида Конституциянинг 20-моддасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши; инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини ташкил этиши белгиланган. Шунга кўра, судлар давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари билан муносабатларда инсон ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида мазкур органлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан инсонга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда Конституция белгиланган мутаносиблик принципига риоя қилинганлигини текширишлари лозим. Бунда инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.

Шунингдек, Конституциянинг 55-моддасида давлат органлари ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги оқибатида етказилган зарар ихтиёрий равишда қопланмаган тақдирда, унинг ўрни манфаатдор шахснинг аризасига асосан суд тартибида давлат томонидан қопланиши кафолатланганлиги инобатга олиниши лозимлиги белгилаб қўйилди. Шунга кўра, судлар кўриб чиқилаётган низоларни ҳал этишда, мазкур ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши ва Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозим.

Шу ўринда Избоскан туманлараро иқтисодий суди амалиётидан келиб чиқиб, битта мисолга тўхталсак: Даъвогар “ААА” жамияти судга мурожаат қилиб, “БББ” жамиятига нисбатан масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан 39 372 480 сўм асосий қарзни ундириб беришни сўраган. Аниқланишича, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2023 йил 01 июнь куни автоклавланган газбетон блоклари етказиб бериш тўғрисида” 51-сонли шартнома (бундан буён матнда “Шартнома”) тузилган. Мазкур шартноманинг 1.1-бандига асосан даъвогар умумий қиймати 620 000 000 сўмлик автоклавланган газбетон блоклари етказиб бериши, жавобгар эса етказиб берилган маҳсулотни қабул қилиш ва ҳаққини тўлаш мажбуриятини олган. Шартномага асосан даъвогар жавобгарга 2023 йил 06 декабрдаги 795-сонли электрон ҳисобварақ-фактурага асосан 39 372 480 сўмлик автоклавланган газбетон блокларини етказиб берган. Бироқ, жавобгар томонидан шартнома шартлари бажарилмасдан, етказиб берилган маҳсулотлар учун 39 429 457 сўм тўловни амалга оширмаган. Натижада, даъвогар олдида 39 372 480 сўм қарздорлиги юзага келган. Избоскан туманлараро иқтисоий судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби асосли деб топилган ҳамда қаноатлантирилган. Суд ўзининг ҳал қилув қарорида энг аввало Конституциянинг 55-моддасини асос сифатида келтирди. Чунки Бош қомуснинг мазкур моддасида “ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади” дея қайд этилган.

Бу каби мисолларни яна келтириш мумкин. Эътибор берадиган бўлсак, 2024 йилнинг январь-май ойларида шартномавий муносабатларига доир низоларни кўришда Избоскан туманлараро иқтисодий суди томонидан 32 маротаба Конституция нормалари қўлланилган. Бир сўз билан айтганда, мамлакатда ўтказилган конституциявий ислохотлардан асосий мақсадалардан бири ҳам халқнинг Конституцияга бўлган ишончини кучайтириш, турли ҳаётий масалларга ечим топишда Бош қомус ҳуқуқий таянч ва суянч вазифасини ўтайдиган кучга айланишга эришишдир.

Х.Абдураимов,

Избоскан туманлараро иқтисодий суди судьяси                                  

Улашинг: