Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

СОҒЛОМ ОНА — СОҒЛОМ БОЛА

Туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқ мажмуаси 135 ўринга эга. Ҳомиладор ва ҳасталиклар, Гинекология, Туғруқ, Чақалоқларни интенсив даволаш, чилла даври, ташрих ўтказиш, жарроҳлик бўлимларида жами 139 нафар тиббиёт жонкуярлари самарали меҳнат қилмоқдалар.

-Ҳаётда ҳар бир она соғлом фарзандни дунёга келтириб, уни етук инсон қилиб вояга етказишни орзу қилади,- дейди акушер-гинеколог Гулсара Тишаева.-Бу ерда ишлаётган тажрибали акушер-гинеколог ва шифокорларимиз, ўрта тиббиёт ходимлари оналарнинг бу эзгу орзуларининг амалга ошиши йўлида ҳамжиҳатлик билан фаолият олиб бормоқдалар. Жорий йилнинг 1 август ҳолатига 2601 нафар чақалоқ дунёга келди. Уларнинг соғ ва саломат дунё юзини кўриш­ларида, оналарининг саломатликларини сақлашда шифокорлардан Малоҳатхон Сайфутдинова, Раънохон Абдураҳмонова. Зулайҳо Мамажонова, доялардан Мавлудахон Мирзақосимова, Маҳмудахон Аҳмаджонова, Дилрабо Обиддиновалар ҳиссалари беқиёс. Нафақат дори-дармон балки ширин сўзлари, муомалалари билан ҳам уларнинг тезроқ дардлардан фориғ бўлишларига ёрдам бермоқдалар.
Бугунги кунда мажмуада карантин қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда иш олиб борилмоқда. Жумладан, ҳар бир хонада масофа сақланган ҳолда 2 нафар хомиладор аёл жойлаштирилмоқда. Изоляция хонаси ташкил этилган. Қабулга келган, касалликка гумонланган аёллар тиббий назоратга олинмоқда. Хоналар белгиланган жадвалга асосан дезинфекция қилиниб, ҳомиладорлар саломатлиги учун керакли чоралар кўрилмоқда.
Бир сўз билан айтганда мажмуада “Соғлом она-соғлом бола” шиорига амал қилинганган ҳолда самарали меҳнат жараёни давом этмоқда.

Суратда: акушер-гинеколог Гулсора Тешабоева ҳамкасблари билан.

ЯНГИ БИНО —  ҚУЛАЙ ШАРОИТ

Дўстлик маҳалласи худудида жойлашган 30-Қишлоқ оилавий поликлиникаси биноси 2019 йилда қайта реконструкция қилиниб, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди.
Бу эса Дўстлик, Тараққиёт, Янги Бўстонобод маҳаллаларида истиқомат қилаётган аҳолига қулайликлар яратди. Муассасага мурожаат қилганларга шу жойнинг ўзида аниқ ташхис қўйилиб, керакли муолажалар қилинмоқда. Бу эса аҳолининг туман марказига қатнамай шу ернинг ўзида даволаниб, қимматли вақтларини тежашларига имкон бермоқда. Тиббий муасса сада хизмат қилаётган шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларининг хизматлари элга манзур бўлмоқда. Бу қуйидаги суҳбатимиздан ҳам яққол намоён бўлди:
-Шифокор Раҳимахон Асқарова бошлиқ қишлоқ оилавий поликлиниканингг ходимлари мени тиббий кўрикдан ўтказиб буйрагимда шамоллаш ва туз пайдо бўлганини аниқлашди,- дейди 53 ёшни қаршилаган Наргизахон Нишонова, — Мана тўрт кундан буён бу ердаги кундузги стационарда кера

кли муолажаларни оляпман. Соғлигим анча яхши, мен бундан хурсандман.
Демак қулайликла

р бор жойда муаммо бўлмайди, ишлаш мароқли бўлади. Бу ердаги 103-«Тез тиббий ёрдам» шохобчаси, ижтимоий дорихона ҳам туну-кун аҳоли хизматида.

17 йилдан буён болалар шифокори бўлиб ишлаб келаётган Муножот Абдуллаеванинг сўзларига қулоқ тутамиз:
-Ҳозирда ҳудудда 76 нафар хомиладор аёллар рўйхатга олинган. Улар доимо назоратимизда бўлиб керакли маслаҳатларни бериб бормоқдамиз. Йил бошидан буён 99 нафар соғлом чақалоқ дунёга келди,-дейди у.
Шифокор сўзларининг давомида Covid-19 пандемияси туфайли карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда керакли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани ҳақида ҳам гапириб берди. Муножотхон 4 нафар ҳамкасби билан Вилоят малака ошириш марказида Covid-19 пандемиясига чалинган беморларни даволаш бўйича билимларини ошириб келганлигини айтиб, айни дамда ҳам худуддаги маҳалла фуқаролар йиғинлари мутасаддилари билан яқиндан ҳамкорлик олиб борилаётганини сўзлаб берди.
Поликлинакада ташкил этилгани 10 ўринли кундузги стационар, стомотолигия, акушер-гинеколог, жарроҳлик ҳамда яқинда ишга туширилган УЗИ аппаратида тор соҳа ходимларининг аҳоли соғлигини сақлашда муносиб хизмат қилаётганлигининг гувохи бўлдик. Ҳар куни аҳоли хизматида бўлаётган Мастурахон Тошматова, Кимёхон Маматқулова, Комилжон Йўлчиев, Муаттар Ортиқова, Жамилахон Йўлчиева каби ходимлар номини алоҳида тилга олгимиз келди.

МУРОЖААТЛАРГА АМАЛИЙ ЖАВОБ

Тумандаги Туячи, Бўстон, Жомий маҳаллаларида истиқомат қилаётган 12264 нафар аҳолига 27-Туячи Қишлоқ оилавий поликлиникасининг тажрибали 12 нафар олий тоифали, умумамалиёт шифокорлари, 14 нафар пат­ронаж ҳамшира хизмат кўрсатади.

Карантин бу жойдаги иш жараёнини ҳам ўзгартирди. Муассасада ташкил этилган Covid-19 пандемиясига қарши кураш бўйича мобил гуруҳининг аъзолари мунтазам равишда аҳолидан тушаётган мурожаатларни ўрганиб, керакли маслаҳатлар, муолажа, дори-дармонлар билан амалий ёрдам кўрсатишмоқда. Демакки бирорта мурожаат жавобсиз қолмаяпти.
-11 августдаги Ўзбекистон Республикаси Срғлиқни Сақлаш Вазирлиги ва Маҳалла ва Оилани қўллаб-қувватлаш Вазирлигининг қарорига асосан Коронавирус инфекциясига чалинган беморларга тиббий ёрдам бериш, карантин тадбирларини ташкил этилмоқда,-дейди биз билан суҳбатда муассаса раҳбари Марҳабохон Абдураҳмонова.- Ҳудудлардаги 2749 та хонадонлардаги 65 ёшдан юқори, ногиронлар, сурункали касаллик билан оғриган беморлар, ҳомиладор аёллар ҳолидан хабар олишда режали ҳаракатлар йўлга қўйилган. Олиб борилаётган ишларда кўп йиллик иш тажрибасига эга Машҳура Маҳкамова, Санталатхон Шаробиддинова, Мамлакатхон Махмудова, патронаж-ҳамширалардан Гавҳарой Аҳмаджонова, Хилола Ғаниева, Афрузахон Шаробиддинова, Наргиза Худойбергановалар барча ҳамкасбларига бош-қош бўлмоқдалар. Аҳолига дори-дармон воситалари билан тиббий ёрдам кўрсатишда ижтимоий дорихона ходимлари Ферузахон Абдулхаева ва «Тез тиббий ёрдам» шахобчасининг вакиллари яқиндан кўмак бермоқдалар.
Оилавий поликлиникамиз биноси қайта қуриш бўйича Давлат дасурига тушган,-дейди мудира.-Тиббиёт муассасаси янги биноси қурилиб битказилиб, фойдаланишга т опширилса аҳолига кўрсатаётган тиббий хизматимиз бунданда яхши ва сифатли бўлади.

ТЎРТ МАҲАЛЛА ЭЪТИБОРДА

Чувама қишлоғида жойлашган кўп тармоқли марказий поликлиниканинг оз эмас, кўп эмас 14500 нафар аҳолисига 40 нафар тиббиёт ходимлари сифатли ҳамда малакали тиббий хизмат кўрсатмоқдалар. Шифокорлар хизматидан Тошкечик, Узункўча, Бешмирза, Қумкўча маҳалла аҳлига беҳад мамнунлар. Шифокорларнинг 7 нафар олий тоифали экан. Улар томонидан туман санитария эпидемиология осойишталиги маркази билан ҳамкорликда худудларда фаолият олиб бораётган ишлаб чиқариш, савдо, турли тадбиркорлик шахобчалари узлуксиз назоратдан ўтказилиб, Covid-19 пандемиясига қарши тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилиб, дезинфекция қилинмоқда.
Мобил гуруҳида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари аҳоли томонидан келаётган мурожаатларни рўйхатга олиб керакли маслаҳатлар бериш билан бирга зарур дори-дармонларни ўз вақтида етказиб беришмоқда. Бу борада «Тез тиббий ёрдам» шохобчасининг хизмати қўл келмоқда.
Муассасада ёш саломатлик посбонлари Жавохир Қодиров, Шохсанам Мамадиновалар ўз меҳнатлари билан қисқа вақт ичида эл эътиборига тушдилар. Жавоҳир умумий амалиёт шифокори. У ўз касби йўналишида изланишдан чарчамайди. Карантин вақтида Жавоҳир туманимиз ва вилоят чегараси бўлган худудда четдан қайтган эмигрантларни тиббий назоратдан ўтказиш гуруҳида ҳам фаолият кўрсатиб қайтди. Шохсанам эса патронаж ҳамшира сифатида ҳар куни аҳоли саломатлиги йўлида хизматда. Хонадонларда бўлиб ҳар бир оиланинг саломатлигини назоратдан ўтказиб, улар билан яқиндан суҳбатда бўлган Шоҳсанам ўз касбидан фахрланади.
Кўп тармоқли поликлиника ходимлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги ва Маҳалла ва Оилани қўллаб-қувватлаш Вазирлигининг “Коронавирус инфекциясига чалинган беморлар ва уларнинг хонадонларида карантин тадбирларини ташкил этиш тартиби тўғрисида” ги қарорига асосан олиб бораётган режавий, савобли ишларини қизғин давом этттирмоқдалар.

Саҳифа материалларини М. РУСТАМОВ тайёрлади.

 

Улашинг: