Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Янги Ўзбекистон-янгича қараш, Касб-ҳунар билан келажак сари

Тумандаги вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини ўз вақтида бартараф этишга кўмаклашишда умумтаълим ҳамда касб-ҳунар мактабларида ўтказилаётган турли тадбирлар, кечалар, ота-оналар билан учрашувлар муҳим омил бўлмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири тумандаги 10 та гуруҳда 274 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган 2-касб-ҳунар мактабида ўтказилди. «Янги Ўзбекистон-янгича қараш, касб-ҳунар билан келажак сари» мавзуидаги маънавий-маърифий тадбир ота-оналар, жамоатчилик вакиллари ҳамда ўқувчилар иштирокида ўтказилди. Тадбирни мактаб директори Мансурбек Абдужабборов қисқача кириш сўзи билан очди. У ўз сўзида кейинги тўрт йил давомида таълим-тарбия соҳасида ижобий ўзгаришлар бўлаётгани, Давлатимиз раҳбари ёш авлод таълим-тарбияси, пухта билим олишлари учун чексиз ғамхўрлик кўрсатаётганига, бугунги ёшларимизнинг билим олишлари, касб-ҳунар ўрганишлари учун барча қулай шарт-шароитлар яратилиб берилаётганига, спорт мусобақалари ва бошқа тадбирлар вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини ўз вақтида бартараф этишга кўмаклашишдаги ролига тўхталиб ўтди. Тадбирда иштирок этган «Пахтакор» газетаси мухаррири М. Мирзаабдуллаев спорт мусобақалари ва бошқа тадбирлар вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини ўз вақтида бартараф этишга кўмаклашишдаги ролини айтар экан, бу соҳада ота-оналарнинг фаоллиги ошириш зарурлигига тўхталди.

Шундан кейин мактаб ўқувчилари ўз иқтидорларини намоён қилдилар. Бекзодбек Маҳмудовнинг «Она ҳақида»ги ижроси, 3-гуруҳ ўқувчиларининг «трио»си, Шоҳруҳбекнинг ҳазил  шеърлари ва бошқа чиқишлар тадбир қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.

Тадбир якунида мактабда ўтказилган футбол ва спортнинг бошқа турлари бўйича ўтказилган мусобақалар ғолиблари тақдирланди.

Ота-оналар ва тадбир иштирокчилари ижодкор ўқувчилар томонидан ташкил этилган ярмаркани кўздан кечирдилар. Абдуҳалим Абдусатторов, Саидумар Яхшибоев, Самандар Қорабоевлар томонидан тайёрланган намуналар, автомобил моторини йиғиш, пайвандлаш ишлари мактабда ўқувчиларни касб-ҳунарга қизиқтириш ва ўргатиш намунали эканлигидан далолат берди. Айниқса 27 нафар қизнинг тикувчилик бўйича эгаллаётган ҳунари таърифга лойиқ, деб топилди.

Улашинг: