— Бу мактабгача таълим ташкилотига неча йиллардан буён қадам босилмасдан, деворлари нураб, хоналари сувоқлари тўкилиб абгор ҳолга келганди, — дейди «Шодлик» маҳалласи фуқароси О. Исломова бу ерга ташрифимиздаги суҳбатимиз чоғида. — Лекин ҳар бир нарса инсон қўлида. Чирой ёзмаган жойга гўзаллик бахшида этиш ҳам, хусн-таровати оламни тутаётган жойни файссиз маконга айлантириш ҳам инсон ихтиёрида. Мана имкони бор экан-ку! Бу жой шундай даргоҳга айландики, маҳалла аҳлининг шодлиги, давлатимиз ва ҳукуматимизнинг болажонларга эътиборидан миннатдорчилиги чексиз.
Ҳа, анча йиллардан буён фаолиятсиз турган, ҳозирда шу кун талаблари даражасида қурилиб, фойдаланишга топширилган 33-мактабгача таълим ташкилоти биносида болажонларнинг шўх овозлари, кулгулари янграмоқда. Бу ердаги қурилиш ишларини “Ферун Декор” маъсулияти чекланган жамиятининг тажрибали бунёдкорлари олиб бордилар. Улар ўтган йилда, май ойида давлат дастурига киритилган 3 миллиард, 200 миллион сўмлик янги бино қурилишини шу йилнинг декабрь ойида сифатли ҳолда якунлаб, фойдаланишга топширдилар.
— Жами 180 ўринга эга бўлган ташкилотимизда 120 нафар эртанги кунимиз эгалари таълим ва тарбия олмоқдалар, — дейди педагогика соҳасида кўп йиллик тажрибага эга Дилфузахон Қурбонова.-Рус тили ўқитувчиси Гулбаҳор Солижонова билан бирга тарбиячилардан Мадинахон Абдурахмонова, Гулмирахон Расулова, Ҳуршидахон Қамчиева, Ўғилой Сойипова, Ҳолисхон Олимова, Маҳбубахон Ҳакимжонова, Дилафрўз Кенжаева, Ҳилолахон Мўйдиновалар ўз меҳнатлари билан барчага ўрнак бўлмоқдалар. Ўтилаётган ҳар бир машғулот кўргазмалилик асосида ташкил этилаётганлиги, тарбиячиларнинг сайри вақтида борлиқни, атроф – муҳит ва табиатнинг жонли тарзда тушунтирилиши тарбиячиларни болажонларни етук инсон бўлиб етишишлари учун бор имконгиятларини, билимларини ишга солаётганларидан далолатдир.
Таълим-тарбия масканида ўтаётган ҳар бир кун мазмунга бойлиги билан ҳам тарбияланувчиларнинг онгига муҳрланиб қолмоқда. Байрамларга, халқимиз ардоқлаган буюк инсонларнинг таваллуд кунларига бағишланган тадбирлар уларнинг тарбияси ва билим олишларида муҳим омил бўлаётир. Ташриф чоғида улуғ боболаримиз Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд кунларига бағишланган адабий-бадиий тадбирдаги иштирокимиз давомида ана шунга гувоҳ бўлдик. Нафақат ўз тилимизда балки бошқа тилларда ҳам ғазал мулкнинг султони Мир Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Бобурнинг асарларининг янграши жамоанинг самарали меҳнатини намоён қилди. Болажонларнинг ижро этган саҳна кўринишлари, ғазал, рубоийларни намунали айтишлари тадбирда қатнашган ота-оналарни беҳад мамнун қилди. Ташкилотда Президентимизнинг «Беш ташаббус»и остида ўтказилаётган тадбирлар, “Отам, онам ва мен – спортчилар оиласи” шиори остида спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилиши , маҳалла ва ота-оналар билан яқиндан ҳамкорлик ташкилотдаги таълим –тарбия ишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.
М. ДЕҲҚОНОВ.