Чўртонлиқ маҳалласи туманимизнинг чекка ҳудудида жойлашган бўлсада,бу ердаги ота-оналар фарзандларининг мактабда сифатли таълим олаётганликларидан мамнун.
Маҳаллада жойлашган 49-умумтаълим мактабида фаолият олиб бораётган ўқитувчилар ҳам уларнинг ишончини оқлашга чин-дилдан бел боғлашган. Мактабда она тили ва адабиёт фанидан таълим бераётган ўқитувчи Ҳуснидахон Саидова ўқувчиларни дарсларда фаол иштирок этишлари билан бирга уларни ижод борасидаги илк қадамларига ҳам алоҳида эътибор бермоқда. Ўзбек миллий адабиёти ва жаҳон адабиёти намоёндаларининг ҳаёти ва ижоди билан яқиндан танишиб бораётган ёш адабиётчилар кун сайин ўзларининг иқтидорларини намоён этмоқдалар. Ҳуснидахон мактабдаги “Ёш адабиётшунослар” тўгарагида уларнинг шеър, ҳикоялардан иборат ижод намуналарини тенгдошлари даврасида кенг муҳокама қилиб, адабиётга бўлган қизиқишларини оширмоқда. У ўқитувчилар жамоаси кўмагида мактабда ижодкор ўқувчилар ўртасида “Парвоздаги орзулар” номли ҳикоялар кўрик-танловини ташкил этди. Унда мактабда таҳсил олаётган бадиий адабиётга меҳр қўйган ижодкор ўқувчилар иштирок этди. Танловда ғолибликка номзод бўлиши кўзда тутилган ўқувчилардан Маъмурахон Маматалиева, Танзилахон Мамасиддиқова, Озодбек Камолиддинов, Бегойим Қосимова, Билолдин Эргашев,Темурбек Қосимовларни ортда қолдириб, “Қисмат”, “Надомат” ҳикоялари билан ёш ижодкор ўқувчи Муштарий Нурбойжонова биринчи ўринни эгаллади. Мактабдаги шарт-шароитлар билан танишар эканмиз, мактаб директори Юлдузхон Нишоновадан ижодкор ўқувчиларга яна қандай эътибор бериляпти деб сўрадик:
— Мактабимизда етишиб чиқаётган иқтидорли ёш ижодкорларнинг ижод намуналарини саралаган ҳолда келгусида китоб қилиб нашр эттиришни ўз олдимизга ният қилиб қўйганмиз. Бу ҳаракатлардан тўхтаб қолмай мактабда жисмоний тарбия, математика, физика, информатика, инглиз, рус тили каби фанлардаги иқтидорли ўқувчилар сонини янада ошириш асосий мақсадларимиздан биридир. Бу борада Президентимизнинг 5 муҳим ташаббуси бизга дастуриламал бўлмоқда.
Наврўз байрами арафасида мактабда тадбирга тайёргарлик кўраётган ўқитувчиларнинг юз-кўзларидаги мамнунлик, баҳорий кайфиятни дилдан сездик ва шарафли ҳамда масъулиятли касб эгаларини яшариш ва яшнатиш, яратиш, янгиланиш байрами Наврўзи олам билан чин дилдан қутлашни истадик.
Суратда: Она тили ва адабиёт ўқитувчиси Хуснидахон Саидова ижодкор ўқувчилар даврасида.