Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ОТ ЎРНИНИ ТОЙ БОСАР

“Анорзор” маҳалласи худудида жойлашган, Шуҳратбек Деҳқонов раҳбарлик қилаётган 41-умумтаълим мактабида жами 263 нафар ўқувчи таълим олади.
Тажрибали ўқитувчи Ҳайрулла Ғаниев рус тили ва адабиётидан, унинг турмуш ўртоғи Гавҳарой Исмоилова бошланғич таълимдан ўқувчиларга дарс бериб келаётганларига қарийб 20 йилдан ортмоқда. Бу давр мобайнида улар таълим ва тарбия берган не-не ўқувчилар мактаб даргоҳидан учирма бўлмади дейсиз. Уларниг барчаси бугунги кунда элга нафи тегадиган инсонлар бўлиб етишишиб, турли жабҳаларда меҳнат қилмоқдалар. Устозларига қаерда дуч келишмасин, қаерда учрашишмасин, қўллари кўксида ҳурмат ва эътиборини жойига қўядилар. Биргина шу Ҳайруллони ва Гавҳаройни ўқитувчилик касбининг этагидан тутиб ҳато қилмаганларини эслатиб, мамнун ва баҳтиёр айлайди.
Шунданми, уларнинг фарзанди Моҳларой Ҳабибуллаева ҳам ота-­онаси йўлидан борди. Уларнинг касбини ҳавас қилди. Орзулари бир олдам бўлиб, дастлаб Андижон маданият коллежида кутубхоначи йўналишида таҳсил олиб, ўзи таълим ва тарбия олган мактабда фаолиятини бошлади. Билимга чанқоқлик уни Андижон Давлат Университетининг филология йўналиши сиртқи бўлимига етаклади. Синовлардан ўтиб, талабалик мақомини олди.
Моҳларой мактабда ишлар экан унинг зеҳни, ташаббускорлиги, ҳар бир ишни пухта бажариши туфайли мактаб ижодий-маданий тарғиботчилигини ишониб топширдилар.
— Моҳларойга ишониб тўғри қарор қабул қилган эканмиз, -дейди мактаб директори Шуҳратбек Деҳқонов. — У ўз вазифасини чуқур англаган ҳолда иш режасини тузиб чиқди. Мактабдаги ижодий қобилиятга эга ўқувчиларни янги ташкил этиган “Ижодкор ёшлар” тўгарагига жалб этиб, уларнинг айнан қайси йўналишларга қизиқишларини билиб олди. Ўқувчилар орасида рассомчилик, китобхонлик, драма, шеърият ва бошқа йўналишларга қизиқувчиларга бир қатор тўлиқ маълумотлар билан таништириб борди. Шу билан бирга мактабдаги тарбияси оғир ўқувчилар билан яқиндан суҳбатлар ўтказиб, уларнинг кўнгилларига ҳам йўл топиб, ўқув фанларидан баҳолари яхши томонга ўзгаришига эришди. Ҳозирда мактабларда таътил кунлари давом этаётган бўлсада, Моҳларойнинг қизиқувчан ўқувчилари мактаб томон шошадилар. Деярли ҳар куни ўзларининг ижод йўлларида кашф этган янгиликлари билан ўртоқлашадилар. Шу билан бирга маҳалла ёшларининг иқтидорларини ҳам кашф этмоқда.
-Келгуси режаларим бисёр,-дейди Моҳларой.- Мактабдаги ҳозирча 22 нафар ижодий қобилиятга эга ўқувчилар билан Ватанимиз Мустақиллигиннинг 30 йиллигига бағишлаб, ижодий кечалар, мустақил қўл меҳнатлари билан яратилган ижод маҳсулларидан ташкил топган кўргазмалар, бадиий чиқишлар билан саҳна кўринишларини ташкил этиш ниятидаман. Рассомчиликка қизиққан Мубинахон Ҳусанова, Муҳаммадали Каримжонов, Ойдиной Алиева, китобхон ўқувчилардан Зулфияхон Абдукаримова, Мухлиса Абдуманнопова, актёрлик санъатида Абдуваҳоб Тоҳиров, Бибисора Тоҳирова каби ўқувчиларнинг ижодий изланишлари мени қувонтирмоқда. Демак ҳар бир ўқувчи билан индивидуал ишлаб, унинг салоҳиятини юзга чиқариш зарур экан.
Иш бошлаганига ҳали ҳеч қанча вақт бўлмасданоқ ўз йўналишини топиб, сулола яратаётган, ўқувчилар ҳамда аҳил жамоа қалбидан жой олаётган Моҳларойнинг ишларидан барча мамнун.

Маҳмуджон Рустамов,
Суратда: Моҳларой Ҳабибуллаева ижодкор ўқувчилар

Улашинг: