Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Ўзбекистонда коронавируснинг қайси штамми энг кенг тарқалгани маълум бўлди

Коронавируснинг Ўзбекистонда энг кенг тарқалган варианти “дельта” штамми экани маълум бўлди. Сўнгги вақтларда аниқланаётган беморларнинг 82 фоизи ушбу штаммни юқтирган. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Вазирлик ҳузуридаги Илғор технологиялар марказининг Ўзбекистонда аниқланган коронавирус инфекцияси ҳолатларини ўрганиш мақсадида ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, “дельта” штаммининг улуши 82 фоизни ташкил этади, бу бутун кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир. Иккинчи ва учинчи ўринларни Alpha (10,3 фоиз) ва 20A (7,7 фоиз) штаммлари қайд этилди.

Илғор технологиялар маркази директори Шаҳлохон Турдиқулованинг сўзларига кўра, бугун касалланаётганларнинг бешдан тўрт қисми “дельта” вариантига чалиняпти.

“Ҳинд штамми” деб номланувчи вирус тури Ухан ва Британия версияларига қараганда кўпинча касалликнинг оғир шаклларига олиб келиши билан хавотирга солади”, дейди Илғор технологиялар маркази директори Шаҳлохон Турдиқулова.

Марказ директорининг таъкидлашича, ҳозирги вакциналар янги штаммларга қарши самаралироқ. Коронавирус камдан-кам ҳолатларда эмланганларга юқяпти.

“Эмланганлар камдан-кам ҳолларда касалликка учраган тақдирларида ҳам, инсон танасида вирус мутация қила олмаслиги сабабли COVID-19 ни енгил ўтказади. Буни 24 август куни олинган ZF-UZ-VAC2001 препарати синовларининг учинчи босқичи натижалари ҳам тасдиқлайди”, дейди Шаҳлохон Турдиқулова.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 27 август ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 154033 нафарни ташкил этмоқда. Сўнгги суткада 829 кишида коронавирус, 334 кишида эса пневмония аниқланган.

Шунингдек, айни кунгача мамлакатда жами 13 751 939 доза вакцинадан фойдаланилиб, тўлиқ эмланган фуқаролар сони 1 670 949 нафарга етган.

Улашинг: