Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Пойтуғ бозори бузиладими?

—Илҳомжон, Пойтуғ деҳқон бозори бузилармиш деган гап-сўзлар кўпайди, шунга фикрингизни билдирсангиз?

—Бузилмайди, реконструкция қилинади. Маълумки республикамиз Президенти 2017 йил 27 мартда «2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорни қабул қилганди. Шундан сўнг вилоят ва туманимиз ҳокимларининг ҳам бу дастур ижросини таъминлаш юзасидан қарорлари қабул қилиниб, ижрога қаратиляпти.

—Деҳқон бозорини реконструкция қилишда қандай имтиёзлар ва талаб, қулайликлар назарда тутилган?

—Аввало бозорларда реконструкция ишларини олиб боришни назоратга олувчи республика, вилоят, туманларда алоҳида ишчи комиссиялар тузилди. «Ўзагросаноатлойиҳа» МЧЖ дастурни амалга ошириш доирасида шаҳар ва қишлоқ жойларида замонавий савдо мажмуалари қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича бош лойиҳалаш ташкилоти этиб белгиланди. Республика Марказий банкига тижорат банклари билан биргаликда дастурни амалга ошириш доирасида савдо мажмуалари қурилиши учун тадбиркорлик субъектларига республика марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган фоизларда камида 5 йил муддатга ва асосий қарзни қайтариш бўйича 1 йиллик имтиёзли давр билан кредитлар ажратилишини таъминлайдиган бўлди. Республикамизнинг қишлоқ жойларидаги деҳқон бозорлари ҳудудида замонавий савдо мажмулари қурилишига республикамиз ТИФ Миллий банкининг маблағлари, шаҳарларда эса тадбиркорлик субъектларининг ўз маблағлари ва тижорат банклар кредитлари йўналтирилади. Деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва ҳудудда замонавий савдо мажмуалари қуриш бўйича пудрат ташкилотларини танлаш Дирекция томонидан амалга  оширилади. Деҳқон  бозорлари ҳудудида йиғма конструкцияли вақтинчалик савдо павильонларини қуришга сарфланган маблағлар савдо мажмуалари лойиҳа қимматига киритилмайди. Зарурат бўлганда Дирекция вақтинчалик савдо павильонларини бузиш, бошқа жойга кўчириш ҳуқуқига эгадир. Савдо мажмуалари лойиҳаларини ишлаб чиқишда фуқаролар хавфсизлиги талаблари ҳисобга олинади, кузатув камералари ўрнатилади, фавқулодда вазиятлар ҳақида фуқароларга хабар бериш тизими яратилади. Айниқса автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари етарли бўлишига, транспорт воситаларини эркин ҳаракатланиши учун шароит яратишга, йўллар сифатига алоҳида эътибор қаратиш ҳисобга олинади. Автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида бир марталик йиғим фақат банк орқали ундирилишини автоматик тарзда ҳисобга олишини таъминлаш вазифалари қатъий қилиб топширилган.

Хуллас шу йил 25  апрель кунига қадар мавжуд деҳқон бозорини тўлиқ хатловдан ўтказиш, хатлов натижаларига кўра деҳқон бозорининг кейинги самарали фаолиятини ташкил этиш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқиш вазифалари юклатилган. Дастурга асосан шу йил деҳқон бозорини реконструкция қилиш ва унинг ҳудудида замонавий савдо мажмулари қуриш ишларини амалга ошириш учун белгиланган тартибда ер участкаси ажратилиши тегишли мутасаддиларга юклатилган.

—Деҳқон бозорини реконструкция қилиш жараёнида бозор ҳудудида ёки ён-атрофларида бино ёки иншоотлар бузилиши туфайли юридик ва жисмоний шахсларга зарар етиб қолиши ҳам мумкинми?

—Бундай ҳолларда етказиладиган зарарларни ҳисоб-китоб қилиш ва қопланишини таъминлаш албатта назарда тутилган ва бунга риоя этилади. Бозор ҳудудида санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши, озиқ-овқат маҳсулотлари сотилишидаги гигиена талаблари, молиявий интизом, йиғим пуллари аниқлигига риоя этиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, назорат тарозилари бўлишига эришиш, хуллас деҳқон бозорида деҳқонлар ўз маҳсулотларини сотиши учун ҳамма қулайликлар яратилади.

—Савдо павильонларини ўз ичига олган деҳқон бозорларнинг устав фонди ва давлат билан улушчилиги қандай бўлади?

—Республика ТИФ Миллий банки иштирокида сэндвич-панеллардан, йиғма енгил конструкциялардан кенг фойдаланган ҳолда барпо этилган савдо павильонларини ўз ичига олган деҳқон бозорларида устав фонди 51 фоиздан кам бўлмаган давлат улуши сақлаб қолинади.

—Билдирилган фикрлар, тушунчалар учун раҳмат.

Улашинг: