Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Улуғбек Маматожиев: «Сув – ҳаёт манбаи. Жумлаи жаҳонда буни ҳеч ким инкор этолмайди»

Манбаларга кўра бугунги кунда  дунё аҳолисининг ҳар 10 нафаридан 4 нафари  тоза ичимлик суви  етишмайдиган ҳудудларда истиқомат қилмоқда. Биз яшаётган Ер шари аҳолиси 2030 йилда 8.6 миллиард кишига, 2050 йилга бориб  9.8 миллиард нафарга етиши Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экспертлари  томонидан тахмин қилинмоқда. Бу ўз-ўзидан сувга бўлган талабнинг ортишини билдиради. Ҳеч кимга сир эмас Марказий Осиё давлатларининг асосий сув манбаларига глобал иқлим ўзгариши сув ресурсларига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Мамлакатимизда муста­қиллик йилларида аҳолини, биринчи навбатда , қишлоқ аҳолисини  сифатли ичимлик суви билан таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Сув ва канализация тармоқларини қуриш, таъмирлаш, қайта реконструкция қилиш ишларида «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида бажарилаётган лойиҳалар мақбул бўлмоқда.

Лекин шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ичимлик суви таъминоти ва канализация  соҳасида қатор муаммолар ечимини кутмоқда. Тоза ичимлик суви истеъмолини ҳисобга олиш асбоблари, сув таъминоти ва канализация тизими объектларига оид зарур барча ахборотни «онлайн» режимида киритиш, сақлаш ва мунтазам янгилаш ҳамда мунтазам мониторинг қилишни таъминлайдиган ягона тизимнинг йўқлиги сувни исроф қилиш ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган харажатлар ошиб кетаётганининг  сабабларидан биридир. Ана шундай ва бошқа муаммолар ечимини топишга қаратилган, бу борада мутасаддиларнинг бажариши лозим бўлган вазифаларни аниқ ва равшан кўрсатиб берган Республикамиз Президентининг «Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори дас­туриламал қилиниб, барча ишлар ана шу асосда олиб борилмоқда. Туман ўрамида 102 та қудуқ ва  4 та тоза сув ҳавзаси мавжуд бўлиб, сув ҳавзаларининг хавфсизлик чоралари кўрил­ган. қудуқларнинг аксарияти ҳам қонун талаб­лари даражасида ўралган, хавфсизлиги таъминланган. Бироқ Амур Темур, Марказ, Тошкечик, Узункўча, Гуркиров, Чек, Навжур, Гудур, Ифтихор, Гузар, қўғай, Ўртақишлоқ, Бештерак, Салбоши, Куйганёр, Обод, Юқори ҳосил, Мангуберди, Наврўзобод, Бўстон, Тош­лоқ, Тўраобод, қўшкўп­рик маҳалла фуқаролар йиғин­лари ҳудудларидаги  сув қудуқлари ҳимоя майдонларига фуқаролар томонидан ноқонуний бино иншоотлари қуриб олинган. Бу ноқонуний объектлар эгаларига қурилмаларини олиш­лари ҳақида тушунтириш ишлари ўтказилганига қарамасдан қудуқларнинг ҳимоя майдонларини ташкил қилиш ва ўралиш ишларига тўсқинлик қилмоқдалар. Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, фаоллари ноқонуний қурилмаларни олинишига амалий ёрдам кўрсатишлари зарур. Чунки сув қудуқларининг ҳимоя майдонлари ичимлик сувининг тозалигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

-Туманимиз аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида вилоят «Сув оқова» ДУК бош­лиғи Шуҳратбек Матмусаев раҳ­барлигида бир қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда,-деб бошлади ўз сўзини суҳбатдошимиз туман «Сув оқова» филиали раҳбари У. Маматожиев. -Ўтган йилимизда Республика ишчи гуруҳи томонидан уйма уй юриш дастурига асосан ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича ўтказилган тадбирда 61032 нафар аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланиши лозимлиги аниқланди. 11 та қудуқ қуриш, 8 тасини реконструкция қилиш, 123.1 километр масофада тармоқ қуриш режаси белгиланди. Бунга 14 миллиард 290 миллион сўм миқдорида маблағ сарфланиши тахмин қилинди. «Alfa Building Lux»,  «Водийтаъмирқурилишсавдо», «Дусан индустри», «Бизнес бебаҳо», «қурилиш инвест люкс» ва бошқа масъулияти чекланган жамиятлар пудратчи ташкилотлар этиб бириктирилди. Бугунги кунга қадар тармоқлар тортилиб, белгиланган ишнинг ярми уддаланиш арафасида. Ўтган йилда  «Обод қишлоқ» дастурига асосан Юқори,  қораёнтоқ, Тараққиёт, Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғинларида 19370 нафар аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Жумладан 4 та янги қудуқ қуриш, 3 та реконструкция ишлари бажарилиб, тармоқ тортиш ишлари ниҳоясига етказилди. Бу ишларга 4 миллиард 275,0 миллион сўм молиялаштирилиб, бу ишлар бириктирилган пудратчи ташкилотлар «Зиё шохона» МЧЖ, «Идеал строй», «Абдулборий Элегант», «Пўлатжон аср қурилиши» МЧЖлари томонидан бажарилди. Лекин буюртмачи ва бажарувчи ўртасидаги шартноманинг мукаммал эмаслиги, маҳаллий бюджет тушумидаги  етишмовчиликлар, белгиланган сумманинг етказилиб берилмаётгани, ҳаттоки бажарилган иш учун маблағ етказилиб берилмагани учун ҳозирда тармоқ тортиш, таъмирлаш ишлари тўхтаб қолди.  Албатта бу ишнинг охирига етказиш чора-тадбирлари вилоят «Сув оқова» бошқармаси мутасаддилари томонидан кўрилмоқда. Ўйлаймизки, бу  иш ижобий ҳал этилади.

Амалдаги йилда ҳам аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Наврўзобод, Элатан, Гудур маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш «Обод қишлоқ» дастурига асосан амалга оширилади. 2 та қудуқ янги қурилади, 6 та қудуқ реконструкция қилинади. 31.6 километр масофада тармоқ ишлари бажарилади. Бунинг учун 4 миллиард 42 миллион сўм миқдорида маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

-Филиалимизда аҳоли мурожаатлари, ариза ва шикоятлари, муаммоларини тинглаш, ҳал қилиш бўйича ҳам етарлича ишлар олиб борилмоқда, — давом этади филиал раҳбари Улуғбек Маматожиев.- Мурожаатлар асосида таъмирлаш ишлари мунтазам олиб борилмоқда. Ренат қутлияров, Абдураҳмон Каримов, қаноатхон Миркомилова, Жавлонбек Солиев, Мақсудбек Абдураҳмонов, Дилшодбек Тўйчибоев, Исмоил Исмоилов сингари чилангар, уста ва операторларимиз кўрсатаётган хизматдан аҳоли мамнун бўлмоқда.

Шу ўринда айтиб ўтишим жоизки, тармоқ тортиш ишларида  айрим хонадонлар соҳиблари кўчат ўтқазиб қўйганликлари ёки бетон ишларини амалга оширганликларини, ёки ноқонуний қурилмаси борлигини рўкач қилишиб, тўсқинлик қилмоқчи бўладилар. Ёки бепарволик, лоқайдлик оқибатида жўмракларни суғуриб кетиш ҳоллари учрамоқда. Қишлоқ аҳли, кенг жамоатчилик ана шундай ишларни олдини олишда сувчиларга яқиндан ёрдам беришлари лозим. Филиалимиз ишчи-хизматчилари бундан буён ҳам туманимиз аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида бор куч-ғайратларини аямайдилар. Бу борадаги давлатимиз раҳбари ва ҳукумат қарорлари ишимизда дастуриламал бўлади.

М. Мирзаабдуллаев,

«Пахтакор» мухбири

Улашинг: