Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

“Хорижлик қаллоб”нинг жиноят иши кўриб чиқилди

Шу йилнинг март ойида жиноят ишлари бўйича туман судида 1982 йилда Эрон Ислом Республикаси Сарахс шаҳрида туғилган, миллати эрон, маълумоти ўрта, оилали, 3 нафар фарзандли, муқаддам судланмаган, ҳайдовчилик билан шуғулланган Жовеини Хоссеин Аликханнинг жиноят иши кўриб чиқилди.

Суд, судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, ишда мавжуд бўлган далилларга ҳаққоний баҳо берди. Очиқ суд мажлиси давомида шу нарса маълум бўлдики, судланувчи Жовеини Хоссеин Аликхан назорат қилинмайдиган фойда олиш ва ноқонуний йўл билан бойлик орттириш мақсадида, тўловларни имкон қадар  камроқ миқдорда тўланишига эришиш ниятида шахсини аниқлаш имкони бўлмаган жиноий шериклари билан олдиндан тил бириктириб, жиноий режа тузган. Ушбу жиноий режага кўра гўёки Ўзбекистон республикаси божхона постлари орқали ҳаракатланиши давомида қиймати жиҳатидан юқори бўлмаган товар қимматликлари транзит юки сифатида олиб ўтилаётганлигини кўрсатиб, аслида эса қиймати жиҳатидан юқори баҳоланувчи  товар қимматликларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тушириб қолдиришни мақсад қилган.

У ўтган йилнинг 29 сентябрь куни тахминан 00:30 лар атрофида  ўз бошқарувидаги тиркамали автотранспорт воситасига юкланган контейнер билан Туркманистон Республикаси орқали Бухоро вилояти божхона бошқармаси «Олот» чегара божхона постига кириб келган. Божхона ходимларига дастлаб у томонидан «керамик  тош маҳсулотлари» ва «мебеллар» олиб кетилаётганлигини маълум қилиб, юк ҳужжатларини тақдим қилган. Лекин божхона ходимларини чалғитиш, алдаш қўлидан келмагач, уларнинг огоҳлантирувчи ва сўровига асосан  ҳақиқатан ҳам юкхонада мавжуд бўлган юкларга тегишли ҳақиқий ҳисобланган 430 дона «LG» ва 309 дона «SAMSUNG» русумли телевизорлар юк ҳужжатини тақдим қилган. Бу ҳақда божхона  расмийлаштирувини амалга ошириб, шу орқали Республикамиз ҳудудига кириб келишга эришган.

Шундан сўнг жиноий режасига кўра ҳаракатланиб, келгусида реализация қилиш мақсадида, дастлабки терговлар давомида аниқланмаган шахслар билан биргаликда ҳаракат қилиб, 430 дона «LG» ва 309 дона «SAMSUNG» русумли телевизорларни Самарқанд вилояти ҳудудида  тушириб қолдирган. Ўзининг жиноий қилмишини яшириш мақсадида ва божхона ходимларида шубҳа уйғотмаслик учун  контейнерига юк ҳужжатида кўрсатилган товар қимматликларидан нархи паст бўлган 650 дона бошқа номдаги 627 дона «Моонх», 12 дона «Immer-27», 5 дона «Immer-24» 3 дона «Immer-43» «Immer-27», 3 дона «Моонх Smart» номли телевизорлар устки қисмига «LG UHDTY», «LG SMART TY», « LG LED TY» ва бошқа номдаги  16 дона бўш қутилар ҳамда 37 дона  МДФ тахта маҳсулотарини юклаб, белгиланган муддатдан кечикиб 2018 йилнинг 6 октябрь куни соат 15.00 да «Дўстлик-автойўл» чегара божхона пости орқали қирғизистон Республикасига ўтиш учун ҳаракатланаётган вақтда  божхона ходимлари томонидан тўхтатилган. Жиноий ҳаракати аниқланиб, тўхтатилиб, ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Суд мажлисида судланувчи даставвал айбига иқрор бўлмади. У бир неча йиллардан буён ҳайдовчилик билан шуғулланиб келаётганини, Эрон Ислом Республикасининг «Rahrovan Khorasan» юк ташиш фирмасида ишлаётганини, фирма раҳбариятининг кўрсатмасига асосан  «Бан-дар-Аббос» портидан  қирғизистон Республикасида жойлашган «Yava Company LTD» корхонасига етказиш мақсадида ЭИР фуқароси Сади Ходи билан биргаликда  юкларни етказиш учун белгиланган йўналиш бўйича  ҳаракатланганини, ҳеч ким билан жиноий тил бириктирмаганини, йўлда транспорт воситалари носозликка учраганини, уни созлаш учун вақтлари кетганини ва бошқа баҳоналарни важ қилиб, сувдан қуруқ чиқмоқчи бўлди. Лекин унинг жиноий қилмиши гувоҳларнинг кўрсатмалари, юк хатлари ва юкхонадаги юкларнинг ҳужжатларга мос келмаслиги, транспорт воситасини созлашда иштирок этган гувоҳлар ва бошқа ашёлар билан фош этилдики, судланувчи охир-оқибат Ўзбекистон Республикаси  қонунларини бузган бўлса кечириб сўраб, суддан одилона қарор қабул қилишини сўради.

Суд давлат айбловчисининг хулосасини, судланувчининг кўрсатмасини, ҳимоячи адвокатнинг фикрларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини, гувоҳларнинг кўрсатмалари, тушунтириш хатлари, хизмат текшируви хулосалари, ашёвий далилларни ўрганиб, жиноий иш исботланди, деб топди.

Суд  Жовеини Хоссеин Аликханни қамоқда сақланган 4 ой 24 кунини энг кам ойлик иш ҳақининг иккидан бир қисмига тенглаштириб, унга 14 375 400 сўм жарима жазосини белгиланган тартибда давлат фойдасига ундиришга, суд залидан дарҳол қамоқ жазосидан озод қилишга ҳукм қилиб, вилоят ИИБ М ва ФРБга Жовеини Хоссеин Аликханни мамлакатдан чиқариб юбориш(депортация) вазифасини топширди.

Суд ашёвий далил деб эътироф этилган уч дона 3881115, 00023458, 011781- сонли пломбалар жиноят ишида сақланаётгани сабабли жиноят иши билан бирга сақлашга, Марҳамат туманидаги «Садбарг» масъулияти чекланган жамиятига қарашли савдо дўконида сақланаётган 1.058.198.941 сўмлик товар-моддий бойликлар, «Дўстлик» чегара божхона пости ашёвий далилларни сақлаш терминалида сақланаётган 100.838.280 сўмлик «INTERNATIONAL9700»  русумли 26А237/10 давлат рақамли автотранспорт воситаси ҳамда 88.300.000 сўмлик «MARAL MRL-385» русумли  26А 238/10 бўлган ярим тиркамали автотранспорт воситаси, 1 дона 25.793.700 сўмлик 45G1 русумли TEMU 6877559 рақамли контейнер давлат тасарруфига ўтказилишига ҳукм қилди.

Мазкур ҳукм билан мустақил мамлакатимиз бедарвоза эмаслиги, қонун барча учун — хоҳ у чет эллик хоҳ бошқа кимса бўлсин барчага баробар эканлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг ҳамиша ҳушёр эканликлари ўз исботини яна бир марта топди.

Н. Зайнабиддинов,

Жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.

М. Мирзаабдуллаев, 

«Пахтакор» махсус мухбири.

Улашинг: