—Суҳбатимиз бошида ўзингизни беғубор болалик чоғларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз?
—-Болалик чоғларим ўзим туғилиб ўсган Чувама қишлоғининг сўлим гўшаларида ўтган. Отам Гали ака қишлоқдаги мактабда ўқувчиларга рус тили ва адабиётидан дарс берарди. Онам Фаридахон ая уй бекаси, оиладаги тўрт ўғил ва икки қизни тарбияси билан машғул бўлган. Ҳозирда орамизда отам бўлмаса-да 92 ёшни қаршилаган онам ёнимизда дуогўйимиз.
—Боксга кириб келишингизга ким сабабчи бўлган?
—-Отам ўқитувчи бўлганлиги сабабли мунтазам жисмоний тарбия билан шу- ғулланарди. Шундан бўлса керак 1972 йилда Пойтуғ шаҳридаги собиқ Киров номли 30-ўрта мактабнинг бокс тўгарагига олиб борган. Ўқиш билан бирга бу ерда бокс билан мунтазам шуғулланиб бордим. Мактабни битирган йилим отам тўсатдан: —-Сен ҳам рус тили ўқитувчиси бўласан, дея туриб олди. Шундан сўнг мен отамни маслаҳати билан Украинанинг Херсон шаҳридаги олийгоҳга ўқишга кирдим. Бу давр мобайнида боксни ташлаб қўймадим. Нуфузли мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритдим. Афсуски боксчи сифатида фаолиятимни давом эттиришга кеч бўлган эди. Чунки ёшим ҳам ўтиб бораётган эди. 1982 йил Андижон спорт интернатида мураббийлик фаолиятимни бошладим. Чунки бокс мени ўзига тамомила мафтун қилиб қўйган эди. Йиллар ўтиб шогирдларим халқаро ареналарда юқори ўринларни эгаллай бошладилар. Буни кузатиб турган чет эл мутахассислари мени ўз давлатига ишга таклиф қила бошладилар. 2003 йил Тайванд давлатида бокс бўйича мураббийлик қила бошладим. Сўнгра йиллар ўтиб Хитойга ишга таклиф қилиндим. У ерга борганимда ҳали халқаро майдонларда деярли чемпионлар етишиб чиқмаган экан. Фаолиятим давомида бир қанча Хитой ёшлари бокс бўйича чемпион бўлдилар.
Орадан йиллар ўтиб Корея давлатида ҳам фаолият олиб бордим. У ерда ҳам Хитой давлати каби ҳолат эди. Боксчилар қалбида иштиёқни ошириб, нуфузли турнирларга чорладим. Натижада Лондонда бўлиб ўтган олимпиадада шогирдим бўлган корейс йигити 2-ўринни эгаллаб, кумуш медаль соҳибига айланди.
—Сиз нафақат чет элларда, балки мустақиллигимиздан сўнг ўзбек боксини ривожи учун катта меҳнати сингган мураббийлардан саналасиз. Айтингчи, спортчилар тилида Андижонни «бокс ўчоғи» дейишади. Бу борада туманимиз бокси мактаби, шогирдларингиз ва мураббийлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз?
—-Ўзбек боксини ҳозирда барча давлат танийди. Уни қандай салоҳиятга эга эканлиги йилдан-йилга намоён бўлиб бормоқда. Фаолиятим давомида кўплаб ёшларга бокс сирларини ўргатдим. Натижада улар орасидан Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳрам /иёсов, Исроил Мадримов, Муроджон Аҳмадалиев, Жасур Латипов, Рустам Тўлаганов каби кўплаб шогирдларим олимпиада, жаҳон, Осиё чемпионига айландилар. Мураббийлик борасида ҳозирда мен билан бир қаторда иш олиб бораётган Абдувоҳид Жалолов, Жасурбек Қурбонов, Улуғбек Зокиров, Ботир Маҳмудов, Сардор Раззоқов, Зиёйиддин Тайғанбаев, Аҳмадали Қўчқоров, Одилжон Абдураҳмонов каби кўплаб шогирдларим ёш боксчиларга сабоқ беришмоқда. Мураббийларимиз ичида ёшларга сабоқ бериш билан бирга ҳакамлик қилаётган шогирдларим ҳам бор. Улар орасида Жасурбек Қурбонов 2016 йилда Рио де Жанейро шаҳрида ўтказилган олимпиадада бокс бўйича ҳакамлик қилиб якунда «Энг яхши ҳакам» номини қўлга киритди.
Ҳозирда Чувама бокс мактаби Избоскан боксининг пойдевори саналади десам хато бўлмайди. Ёш боксчиларни катта ареналарга олиб чиқаётган мураббийлардан Ҳамидулло Турғунов ва унинг шогирдларини алоҳида тилга олмоқ керак. Мисол учун яқинда Хоразм вилоятида бокс бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Унда чувамалик мураббий Аҳмадали Қўчқоровнинг шогирди Рўзивой Мирзажонов 46 кг вазнда биринчи ўринни эгаллаб, олтин медални қўлга киритди. Шунинг ўзи юқоридаги фикримга далил бўлади.
—Ҳозирги фаолиятингиз ҳақида тўхталсангиз?
—-Айни дамда Андижон ихтисослаштирилган олимпия заҳиралари спорт мактабида ёшларга бокс сирларини ўргатмоқдаман. Ўтган йиллар давомида олиб борган ишларимдан, айниқса юртимиз боксини ривожига ҳисса қўшганимдан ва қўшаётганимдан фахрланаман.
—Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Суҳбатдош:
Маҳмуджон РУСТАМОВ.