Шартномани тарафларнинг келишувига асосан танлаш йўли билан тузилган қонуний хужжат деб изоҳласак хато қилмаймиз. Шунинг учун ҳам “шартнома-қоида” деб тан олиниб юритиладиган ибора бор. Шартноманинг олди-сотди, ҳадя, ижара, пудрат, қарз, мол-мулк ва хаказо шаклдаги тарафларнинг келишуви билан тузиладиган турлари мавжуд. Кредит шартномаси ҳам шундай шартномалардан бири.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлдаги ПФ-6034 сонли Фармонида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида 2021 йил 1 январдан вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини фаолият олиб бориши белгиланган.
Тадбиркорларга тижорат банклари томонидан тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида, тадбиркорлик субъектларининг юқори технологияли ва инновацион лойиҳаларини, ишлаб чиқариш микрофирмаларини, кичик корхоналарни, деҳқон ва фермер хўжаликларини молиялаштириш учун ажратилган кредит маблағларидан тўғри мақсадда фойдаланиш, тадбиркорларга кредит ажратиш ва амалдаги қонунларга таяниб шартномалар асосида фаолият олиб бориш йўлидаги низоларни кўриб чиқиш иқтисодий судловимиз фаолиятига киради.
Избоскан туманлараро иқтисодий судига 2021 йил давомида жами келиб тушган 1297 та даъво ариза ва аризаларнинг 135 таси кредит шартномаси билан боғлиқ низолар. 135 та иқтисодий ишлардан 1 таси бўйича иш юритишдан тугатилган, 5 таси бўйича кўрмасдан қолдирилган, 1 таси бўйича қабул қилиш рад этилган, 3 таси қайтарилган, 1 таси бўйича қаноатлантириш рад этилган, 41 таси даъво аризалар қисман қаноатлантирилган, 81 таси тўлиқ қаноатлантирилган, қолган 3 та иқтисодий ишлар 2022 йилга қолдиқ бўлиб ўтган.
Мазкур иқтисодий ишларни туманлар кесимида тахлил қилинганида, Андижон шахрига 3 таси, Балиқчи туманига 39 таси, Бўстон туманига 2 таси, Избоскан туманига 32 таси, Пахтаобод туманига 57 таси ва Шахрихон туманига 2 таси тўғри келади.
Юқоридаги иқтисодий ишларни кўриш жараёнида тадбиркорларнинг молиявий, иқтисодий ва ҳуқуқий билимларни мукаммал билмасликлари, ўзаро тарафлар ўртасида тузилган шартномаларда баъзи бир камчиликларга йўл қўйилганлиги, тарафлар томонидан келишувдаги мажбуриятларни ўз вақтида бажармаслик ҳолатлари аниқланмоқда.
Масалан, “Микрокредитбанк” АТБ билан якка тартибдаги тадбиркор ўртасида 16.09.2020 йилда парранда ва парранда клеткаларини сотиб олиш учун кредит шартномаси тузилган. Шартноманинг 1.1-бандига асосан даъвогар 29.900.000 сўм миқдорида, 36 ой муддатга, 6 ой имтиёзли давр билан, йиллик 15 фоиз устама тўлаш шарти билан жавобгарга кредит маблағлари ажратган, жавобгар кредит тани ва фоизларини тўлов жадвалига асосан ўз вақтида тўлаб бориш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Жавобгар ушбу тўлов муддатларини бузиб, кредит шартномаси бўйича ўз мажбуриятини бажармаган. Оқибатида 12.08.2021 йил ҳолатига жавобгарнинг кредит шартномасига кўра, муддати ўтган кредит танидан 6.313.598 сўм қарздорлиги юзага келган. Даъвогар 2021 йил августь ойида жавобгарга муддати ўтган кредит тани ва фоизларидан бўлган қарздорликни тўлашни, акс ҳолда кредит қарздорлигини муддатидан олдин қайтариш ҳақида судга даъво ариза билан мурожаат қилиш ҳақида талабнома тақдим этган. Лекин талабнома жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган.
Суд мазкур низони адолатли, ошкора ва қонуний кўриб чиққан ҳолда ҳал қилув қарори қабул қилган ва даъво талаби қаноатлантирилган.
Шуларни назарда тутиб биз иқтисодий судлар бевосита тадбиркорлар ўртасида тушунтириш ишлари олиб боришга ҳамда суд ишларни очиқ-ошкора тарзда жамоатчилик билан ўтказишга аҳамият бермоқдамиз. Бу албатта, келажакда тижорат банклари билан тадбиркорларимиз ўртасида тузилган кредит шартномаларнинг ижро этилишида муҳим ахамият касб этади деб ҳисоблаймиз.
Р.Г.Асқаров,
Избоскан туманлараро
иқтисодий судининг раиси.
Ё.Тожибоева,
Судья ёрдамчиси.