Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёевнинг “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айнан ана шу мақсадларни нақадар муҳим ва шартлиги кўрсатиб берилди.
Ҳудудларда ҳанузгача давлатга ва давлат улуши мавжуд бўлган корхоналарга тегишли бўлган, шунингдек ажратилган ер участкаларида тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилган ҳамда собиқ жамоа ва ширкат хўжаликларини тугатиш даврида сотиб олинган катта миқдордаги фаолият кўрсатмаётган ва самарасиз фойдаланилаётган бинолар ва қурилиши тугалланмаган объектлар сақланиб қолмоқда. Мазкур ҳолат янги иш ўринлари яратиш имкониятининг йўқотилишига, ишлаб чиқариш қувватлари маънан эскириши ва жисмонан емирилишига олиб келаётган бўлиб улардан оқилона фойдаланишни ташкил этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўришни талаб этмоқда, дейилади қарорда.
Туманимизда шу йилнинг бошларида бўш турган бинолар хатловдан ўтказилганида 110 та ҳисобланиб, улардан фойдаланиш чораларини кўриш юзасидан бироз ҳаракатлар бошланган эди. Ўтказилаётган хатлов давомида бўш турган объектлар сони 135 та бўлиб, шундан 25 таси давлат объектлари, 110 та бошқа объектлар аниқланди.
Шуни ҳам назарда тутиш керакки фойдаланилмай ётган бинолар атрофида гектарлаб ер майдонларининг қаровсизлиги, фойдаланилмаётганлиги республикамиз иқтисодиётигагина эмас, вилоятимиз, туманимиз иқтисодига, аҳоли дастурхони мўллиги, тўқлигига ҳам жуда катта салбий таъсир кўрсатаётир. Биргина Чўнгбоғиш қишлоғидаги Бектўпи маҳалласидаги қаровсиз ҳолатга тушган 33-мактабгача таълим муассасаси ва 3-бўлимдаги яна бир боғча биноси ва унинг атрофидаги ер майдонларининг ҳароба ҳолатини мисол келтириш мумкин. Хўш туманимизда Президентимиз қўйган бу борадаги вазифаларни бажарилиши қандай кечмоқда?
—Туманимизда бўш турган бинолардан фойдаланиш аҳволини ўрганиш, таҳлил қилиш борасида алоҳида гуруҳ тузилган,—дейди давлат солиқ инспекцияси туман бўлимининг камерал назорат бўлими бошлиғи Раҳматилла Қобилжонов. —Гуруҳга қуйидагича тартиб ўрнатиш вазифаси қўйилган:
Давлат мулки бўлган фойдаланилмаётган объектлар ўрнатилган тартибда сотилади, давлат-хусусий шериклик асосида шу жумладан ижарага берилади.
Фойдаланилмаётган объектларнинг хусусий мулкдорларига қуйидаги таъсир чоралари кўрилади.
Юридик шахсларга—соддалаштирилган солиққа тортиш тартибидаги солиқлар ва мажбурий тўловларни умумбелгиланган тартибда тўлашга ўтказиш. Юридик ва жисмоний шахсларга—мол-мулк ва ер солиқларини икки карра миқдорда тўлаш, 6 ой ўтгандан сўнг—беш карра, 12 ой ўтгандан сўнг ва кейинчалик ўрнатилган ставкага нисбатан ўн карра миқдорда тўлашга ўтказиш. Қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган солиқ имтиёзлари ва деференциялар амал қилишини тўхтатиш.
-Дастлабки аниқланаётган ҳолатлар ва кўрилаётган чоралар қандай кечмоқда? Савол ташлаймиз унга.
—Аҳвол ўрганиб таҳлил қилингач иқтисодий судгача мурожаат қилиняпти. Ҳозирда 4 ҳолат бўйича судда кўриляпти. Бу қарорнинг муҳимлиги шундаки бу ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга. Иш ўрни яратиш, ишлаб чиқаришни таъминлаш, шу асосда ишчиларга маош тўлаш орқали уларнинг оилалари турмуш фаровонлигини оширишга таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам ҳар бир объектни ўрганиб хулоса чиқариш ишчи гуруҳига тумандаги жуда кўп идораларнинг раҳбарлари, мутасаддилар биркитилган. Хуллас бундан буён давлат мулкига ҳам, хусусий мулкка ҳам муносабат ижобий томонга ўзгармас экан мулкдорларга осон бўлмайди. Қисқа муддат ичида ўтказилган ўрганишлардаёқ шу йил 13 июнь ҳолатига 40 та объект эгаларидан 523 миллион 608 минг сўм солиқ ундирилган бўлса, мавжуд 135 та объектдан 125 та объект эгаларига 1 миллиард 27 миллион 875 минг сўм таъсирчан солиқ механизми ҳисобланди.
Ҳа, бундан буён фақат ҳар бир фуқародан у ким, қайси соҳада фаолият олиб боришидан қатъий назар ўз ишига садоқат, мулкига шунчалик “эгалик” қилиш билан эмас, мулкини авайлаш, асраш, фойда беришини таъминлашга эътиборли бўлиши шарт. Мулкни сотиб олиб умрини бефойда ўтказаётганларга нисбатан энди белгиланган тартибда чора кўрилиши муқаррар.
Йўлдош ИСОҚЖОНОВ,
“Пахтакор”нинг махсус мухбири