Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Ҳаромдан ҳазар қилмаганлар

2019 йил 27 майда “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Фармонда жамият ҳаётидаги жирканч кўринишга қарши курашиш тизими самарадорлигини кучайтириш чора-тадбирлари белгиланган.

Таъма, ўғирлик, фирибгарлик, товламачилик… бундай ҳаром пул келтирадиган омиллар азал азалдан ҳам диний, ҳам дунё­вий томондан қораланиб келинган. Аждодларимиз борки ўз фарзандларини ҳаромдан ҳазар қилишга тарбиялаб келганлар. Яқин яқинларда ҳам ота-боболаримиз «Бировнинг ҳаққига ҳиёнат қилма», «Шайтоннинг аврашига учма», «Йўлда топган бирни топдим деб суюнсанг у борингни супуриб кетади, ҳуш­ёр бўл, ҳаромга қўл урма» деб уқтирардилар. Шу сабабми уйида бирор тишлам нон қолмасада, фарзандлари билан оч қолсада ҳеч ким ҳаромга қўл урмаган, таъмагирлик, ўғирлик қилмаган, борига шукр қилган.

Ҳозирчи? Ҳаромга ошна бўлаётганларга нима етмаяпти? Ишлаётган жойи бўлса. Қора қозони қайнаётган, қорни тўяётган, уй-жойи бор бўлиб, бировларникидан кам бўлмаётган бўлса. Нимага қинғир ишга қўл урилмоқда. Уларни шайтон йўлдан урди, десак биров ишонмайди. Зотан бу қилмишлари билан улар шайтонга ҳам дарс берадиларов. Очкўзлик, тўймаслик, сабр қилмаслик, шукр келтирмаслик ана шундай айрим кишиларнинг билиб туриб тубсиз жарликка қулашларига сабаб бўлмаяптимикан?

Туманимиздаги икки маҳалла фуқаролар йиғини раислари К.Х. ва Г.А.лар (айрим сабабларга кўра исм ва фамилиялари ўзгартирилган) дастлабида бир чиройли ишлаб келдилар. Маҳалла раиси сифатида фуқароларни яхши ишларга руҳлантирдилар, ободончилик, тозалик ва бошқа ишларда бошқаларга бош-қош бўлдилар. Маҳалладошлари улардаги бу ҳислатларни кўриб, қувондилар. Муносиб номзодни танлаганларига ҳурсанд бўлдилар.

Лекин уларни амал ўзгартирдими, «ишончга кириб олдим, энди ҳамма нарса ярашаверади» деб ўйладиларми, кўзлари олазарак бўлиб, енгил йўл билан ҳаром пул топиш хаёлларидан кетмай қолди. Нафслари шунчалик ҳаккалак отганидан атрофларида нима бўлаётганини унутиб қўйдилар. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам ошкор бўлишини ўйламадилар. Кам таъминланганларга, фарзандларига нафақа пули олиш зарур бўлганларга инсонгарчилик юзасидан кўмак беришни пул топиш йўли деб суюндилар. Харом пулнинг ютими уларни шунчалик чалғитдики, бу жиноят йўли эканлигини, бу қилмиш учун албатта жазо тайин эканлигини эътиборга олмадилар. Ҳар иккиси ҳам  моддий ёрдамга мухтож инсонлардан нафақа тайинлаш учун таъма талаб қилдилар. Бири 400 000 сўм, яна бири 100 АҚШ доллари миқдорида пора олаётганларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан қўлга олиндилар.

Жиноят ишлари бўйича туман суди раиси Н. Зайнобиддинов раислигида суд биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида ҳар икки судланувчи ўз айбларига тўлиқ иқрор бўлдилар. Оилавий шароитларини, фарзандлари борлигини айтишиб, суддан ўзларига нисбатан енгиллик берилишини сўрадилар. Суд уларнинг ҳар бирига қилмишига яраша жазо тайинлади.

 

Ф. Толипов,
Ўзбекистон республикаси Бош Прокуратураси
ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти
вилоят бошқармаси тезкор бўлим бошлиғи.
М. Мирзаабдуллаев,
«Пахтакор» махсус мухбири

Улашинг: