Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

У мураббий ва ҳакам

Юртимизда ёшлар ўртасида спортнинг мунтазам ривож­ланиб боришида албатта таж­рибали мураббийларимизнинг хизматлари катта. Улар орасида кураш бўйича ёшлар мураб­бийи Ҳусанбой Қўчқоровнинг алоҳида ўрни бор, десак хато бўлмайди.

Ҳусанбой 1985 йил Яккатут маҳалласидаги 14-умумтаълим мактабини битириб, Наманган вилояти Косонсой педагогика билим юртида, сўнгра 2005 йилда Андижон давлат университетининг махсус сиртқи бўлимининг жисмоний тарбия ва жисмоний маданият факультетида ўқиди.
Ҳусанбой илк меҳнат фаолиятини 1987 йилда Сирдарё вилоятидаги Меҳнатобод туманида жойлашган 7-мактабда жисмоний тарбия ўқитувчиси сифатида бошлади. Кейин туманимиздаги собиқ 1-БЎСМда юнон-рум кураши мураббийи, кураш бўйича мураббий, Избоскан уй-жой коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежида жисмоний тарбия ўқитувчиси сифатида ишини давом эттирди. Ҳозирда эса туман Болалар-ўсмирлар спорт мактабида кураш бўйича ёшлар мураббийи бўлиб фаолият олиб бормоқда. У мураббийгина эмас балки халқаро тоифадаги ҳакам ҳамдир.
“Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва кўплаб нуфузли халқаро мусобақаларда ҳакамлик қилиб, “Энг яхши ҳакам” совринларини қўлга киритган. Шу сабаб бўлса керак кўплаб мусобақаларнинг финал баҳсларини Ҳусанбой Қўчқоров олиб борган.
Унинг шогирдлари респуб­лика, жаҳон миқёсида ғалабалар қозонган. Шу билан Бобомурод Шералиев, ака-ука Ойбек, Турдимуҳаммад Тусматовлар, Муҳиддин Қўчқоров каби кўплаб шогирдлари туманимиздаги умумтаълим мактабларида мураббий сифатида фаолият олиб бормоқдалар.
Ҳусанбой Қўчқоров ҳозирда Яккатут маҳалласи ҳудудида жойлашган 8-, 13-, 14-умумтаълим мактабларидаги жами 70 нафар ёш курашчиларнинг севимли мураб­бийи. У билан суҳбатда бўлганимизда бизга бир хушхабарни етказди. Олтинкўл туманида ўсмирлар ўртасида кураш бўйича вилоят биринчилигида ўз вазн тоифаларида шогирдларидан Р. Рўзиева, И. Одилов 1-ўринни, О. Содиқов, М. Тўлқинов, С. Раҳимбердиев 2-ўринни, Ҳасанбой, Ҳусанбой Тўлашевлар, Ш. Одилов, Х. Жалоловлар 3-ўринни эгалладилар.
Биринчи ўринни эгаллаган ёш курашчилар август ойида бўлиб ўтадиган Республика биринчилигига йўлланмани қўлга киритдилар. Бу ҳам устознинг меҳнати самараси.

М. РУСТАМОВ.

Суратда: Ҳ. Қўчқоров ёш чемпион шогирдлари билан.

Улашинг: