Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

РУҲИЯТ ОЗУҚАСИ САРДОРИ

Руҳимизни озиқлантирувчи китобнинг, бу бебаҳо ҳазинанинг инсон маънавий камолотидаги аҳамияти беқиёс эканлиги сир эмас. Аҳолини, айниқса ёшларни китобга ошно қилишда таълим муассасаларида, кутубхоналарда ўтказилаётган тадбирлар, айниқса шоир ва адиблар билан учрашувлар, мулоқотларнинг алоҳида ўрни бор. Избоскан туман Ахборот-кутубхона марказида руҳият озуқасининг етук сардорларидан бири—Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби, таниқли ҳажвчи адиб Ҳабиб Сиддиқ таваллудининг 70 йиллигига бағишлаб “КУЛИБ, КУЛДИРИБ ЯШАШ БАХТИ” деб номланган маънавий-маърифий, адабий бадиий анжуман бўлиб ўтди.

Тадбирда шоир ва адиблар, олимлар, журналистлар, санъаткорлар, кутубхона тизими ходимлари, ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар, адабиёт ихлосмандлари иштирок этдилар. Тадбирда сўз олган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси аъзоси Қамчибек Кенжа, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти маънавият ва ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Абдусалом Махсуталиев, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раиси Махпура Артиқова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, шоирлар Ориф Мелиев ва Аваз Абдусалом ҳамда “Пахтакор” газетаси муҳаррири Маҳаммаджон Мирзаабдуллаев, «Нуроний жамғармаси» Избоскан туман бўлими бошлиғи Баҳодиржон Қурбонов ва бошқалар ёзувчи, олим, публицист ва таржимон Ҳабиб Сиддиқнинг ҳаёт ва ижод йўли, муҳлислар эътиборини қозонган асарлари, адабиётимиз, айниқса ҳажвиётимиз ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси, инсоний фазилатлари ҳақида сўзладилар, қутлуғ етмиш ёши билан табрикладилар, ижодкорга мустаҳкам соғлик, ижодий муваффақиятлар тиладилар Улар ўз сўзларида узоқ йиллардан буён Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида илмий-педагогик фаолият билан шуғулланиб келаётган ёзувчи, олим, публицист ва таржимон Ҳабиб Сиддиқ номи китобхонларга яхши танишлигини, адибнинг “Тўқайга ўт тушса”, “Ким ошди савдоси”, “Бедаво дарднинг давоси”, “Инглизча туш”, “Чироғи ёниқ хонадон”, “Ўрага сичқон тушди”, “Нимкоса” каби китоблари, “Яхшилар кўп дунёда, “Лаббай, хўжайин…” номли қиссалари, оммавий ахборот воситаларида чоп этилган ҳикоя, ҳажвия ва ҳангомалари аллақачон ўқувчилар қўлига етиб борган, муҳлислар эътиборини қозонгани ҳақида тўхталиб ўтдилар.. Шунинг билан бирга адиб асарлари асосида йигирмадан ортиқ телеминиатюралар, “Чўғ”, “Кичик корхонанинг катта ҳангомаси”, “Тақдирлар” видеофильмлари тасвирга олинган ва тез-тез намойиш этилаётган, турли миллат адибларининг қатор жаҳонга машҳур комедиялари ва ҳикоялари Ҳабиб Сиддиқ таржимасида ўзбек ўқувчилари ва томошабинларининг маънавий мулкига айланиб улгурганини қайд этдилар.

Дарҳақиқат Ҳабиб Сиддиқ ҳажвия ва ҳангомалари рус, инглиз, турк, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ тилларига таржима қилиниб Ватанимиз сарҳадларидан ташқарида ҳам ўз ўқувчиларини топиб бормоқда.   Тадбир сўнггида ёзувчи Ҳабиб Сиддиқ сўз олиб янги асарларидан ўқиб берди, кутубхона тизими ходимларининг китобхонлик маданиятини ошириш бўйича машаққатли ва хайрли фаолиятлари ҳақида сўзлади, тадбир ташкилотчилари ва қатнашчиларига миннатдорчилик билдирди, Ахборот кутубхона марказига ва фаол китобхонларга китоблар совға қилди.

Тадбирга туман маданият бўлими бадиий жамоасининг дилтортар қўшиқлари ва дилрабо рақслари, ҳаваскор шоирларнинг шеърлари файз бағишлади.

Муҳаммаджон МИРЗААБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Улашинг: