Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Мамлакатимизда тадбиркорларнинг таклифлари инобатга олинмоқда

Мамлакатимизда тадбиркорларнинг таклифлари инобатга олинмоқда

 Ўтган икки йилда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлари натижасида тадбиркорлик соҳасида кўплаб тизимли муаммолар ҳал этилди, шу жумладан бизнес юритишни соддалаштириш, солиқ юкини камайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш тизими ва инфратузилма яратиш ҳамда мулк ҳуқуқини таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилди.

Тадбиркорлик субъектларини микро, кичик, ўрта ва йирик тоифаларга, туман ва шаҳарларни 5 та тоифага ажратиш орқали тадбиркорликни манзилли қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилди.

2023 йилнинг 18 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида тадбиркорлардан келиб тушган қарийб 6 мингта мурожаатда кўтарилган тизимли муаммоларнинг ечимига қаратилган таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш ҳамда очиқ мулоқотда белгиланган устувор вазифаларни бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 4 сентябрдаги ПҚ-292-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.

Мазкур “Йўл харитаси” орқали қуйидаги йўналишлар бўйича чора тадбирлар ва ташаббуслар юзасидан амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.

-кичик бизнесга янги имкониятлар яратиш;

-ўрта бизнесни барқарор иқтисодий ўсиш гаровига айлантириш;

-янги бозорларга сифатли ва рақобатбардош маҳсулот билан кириш;

-юқори даромадли корхоналарни кўпайтириш;

-содда солиқ маъмуриятчилиги ва бюрократиядан холи қулай муҳит яратиш.

Хусусан, тадбирорлик субъектларининг кичик бизнесга янги имкониятлар яратиш юзасидан берилган таклифлари инобатга олиниб, кичик тадбиркорлик субъектлари ва йирик давлат корхоналари ўртасида кооперация алоқаларини ўрнатиш чора-тадбири белгиланди. Бунда, йирик давлат корхоналари билан кооперация асосида ташкил қилинадиган кичик тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар, аёллар тадбиркорлиги ва ёшлар тадбиркорлиги учун:

-кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари томонидан замонавий технологияларни жорий қилиш, ходимлар малакасини ошириш ва маҳсулотни реализация қилишга амалий ёрдам бериш;

давлат харидлари доирасида ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни
2 йил давомида тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотишга рухсат беришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини тайёрлаш белгиланди.

Шунингдек, тадбиркорларнинг содда солиқ маъмуриятчилиги ва бюрократиядан холи қулай муҳит яратиш юзасидан қилган мурожаатлари асосида солиқ низолари доирасида тадбирорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш чора-тадбири белгиланди.

Бунда, иқтисодий судлар томонидан солиқ органлари иштирокида кўрилаётган ишларни маъмурий судлар юрисдикциясига ўтказиш.

Солиқ тўловчиларга солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқини таъминлаш ҳамда солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддатини уч йил этиб белгилашни назарда тутувчи қаонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланди.

Бундан ташқари, юқоридаги “Йўл харитаси”да кредит қарзини ундириш юзасидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, мазкур кредитлар бўйича фоизлар ва неустойка ҳисобланишини тўхтатиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланди.

Юқоридаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил
4 сентябрдаги ПҚ-292-қарорининг 10-бандига асосан 2024 йил
1 январдан бошлаб тўлов миқдори кредит мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаганда, маблағларни, биринчи навбатда, мутаносиб равишда муддати ўтган асосий қарз ва фоиз қарздорликларини, иккинчи навбатда жорий тўлов учун ҳисобланган фоизлар ва асосий қарзни, кейинги навбатларда неустойка ва ижро харажатларини қоплашга йўналтириш тартиби ўрнатилди.

Мазкур амалга оширилагн ишлар энг аввало мамлакатимизда фаолият юритаётган тадбиркорларимизнинг таклифлари ва мурожаатлари асосида амалга оширилмоқада. Бу эса давлатимиз билан тадбиркорларимиз ўртасида ўзаро ижобий алоқаларга киришганлигини англатади. Зеро, юқоридаги Президент қарори билан белгиланган чора-тадбирлар дастлаб тадбиркорларимизнинг мурожаатлари ва таклифлари асосида ишлаб чиқилди.

Мазкур “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларни тўлиқ ижросини таъминланиши мамлакатимизда фаолият олиб бораётган барча тадбиркорларнинг иқтисодий ўсишига хизмат қилади.

 Х.К.Абдураимов,

Избоскан туманлараро

иқтисодий суди судьяси                                 

Улашинг: