2024-пахта йиғим-терим мавсуми бошланди. Бепаён Ўзбекистонимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Избоскан туманимизда ҳам ҳар йилгидек пахта-йиғим теримига пухта ҳозирлик кўрилди. Айни кунларда пахтаси пишиб етилган фермер хўжаликларида теримчилар ким ўзарга саноатимизнинг қимматбаҳо хом ашёсини теришга бошладилар.
Албатта улар учун фермер хўжаликларида етарлича шарт-шароитлар яратилиб берилди. Пахтани даладан хирмонга олиб чиқиш, пахта қабул пунктларига етказиш учун техника воситалари жалб қилинмоқда. Барчамизга маълумки бу йилги об-ҳаво шароити бободеҳқонларга чигитни эртароқ қадаш имконини бермади. Бироқ улар самарали меҳнатлари, гўзани чин дилдан парваришлари, сув-ўғитлашни оби-тобюида олиб борганилари туфайли далаларда зўр ҳосил етиштирилди ва бу кўзларни қувнатмоқда. Демакки, пахта йиғим-теримига жадал киришган, ҳар бир дақиқани қиммат билган пахтакор ҳосилни ўз вақтида йиғиб-териб олиб, даромадига даромад қўшади. Зеро пахтанинг маълум қисмини техника ёрдамида териб олиниши ҳам бободеҳқон пахтакорга зўр мададкор бўлади.
Айни пайтда дала майдонларида пахта йиғим-терим ишлари қизғин тус олмоқда. Пахта 100 фоиз очилган далаларда терим авжига чиқмоқда. Андижон вилояти ИИБ ЙХХБ ходимлари томонидан «Диққат, пахта йиғим-терими мавсуми» доирасида туманимиз ҳудудида мавсумни беталофат ўтказиш мақсадида жадал ишлар олиб борилмоқда. Бунда 2024-пахта ҳосили мавсумида биринчи ўринда йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этиш муҳим ҳисобланади. Айниқса мавжуд техникаларнинг шайли, улардан оқилона фойдаланиш, техникаларнинг пухта таъмирланганлигига эътибор қаратилади.
Андижон вилояти ИИБ ЙХХБ ходимлари томонидан «Диққат, пахта йиғим-терими мавсуми» доирасида пахта далаларида, пахтани қабул қилиш пунктларида, фермер хўжаликлари дала шийпонларида мавсумни беталофот ўтказиш юзасидан турли тадбирлар, суҳбатлар ташкил қилинмоқда, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад мавсумда содир этилиши мумкин бўлган йўл-транспорт бахтсиз ҳодисаларининг олдини олиш, мавсумни беталофот ўтказишдир.
Азиз пахтакорлар, теримчилар! Фермер хўжаликлари раҳбарлари, мутахассислар ва ҳайдовчилар!
Барчамиз бир бўлсак, ҳамжиҳатлик билан иш ташкил қилсак албатта кўзлаган мақсадимизга эришамиз. Мавсумни беталофот ўтказамиз.
Илхомжон Иномжонович Хожимирзаев,
Избоскан тумани ИИБ ЖХХ ЙХХГ катта инспектори, майор.