Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Гуркировда халқаро мусобақа

Гуркиров маҳалласидаги бокс мажмуасида 2006-2007 йилларда туғилган ёшлар ўртасида туман ҳокими соврини учун халқаро бокс мусобақаси бўлиб ўтди.

Унда туманимиз спортчиларидан ташқари вилоятимиздаги туманлар ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон давлатларидан келган ёш чарм қўлқоп усталари иштирок этдилар.
Жами 140 нафардан зиёд боксчи 4 кун давомида қизғин баҳсларда қатнашди. Ҳар бир учрашув мухлисларда катта таассурот қолдирди.
Дулат Бердиалиев, қозоғистонлик мураббий:
—Мен Ўзбекистон, хусусан Андижонда биринчи бор бўлишим. Андижонликларнинг меҳмондўстлиги, кўрсатилган хизмат, эътиборлари учун маҳалла аҳлига ўзимнинг, шогирдларимнинг чексиз миннатдорчилигини билдираман. Мен ўзим билан 7 нафар ёш боксчини олиб келгандим. Мусобақа давомида боксчиларим 1 та биринчи, 2 та иккинчи, 1 та учинчи ўринга сазовор бўлишди. Мен бу кўрсаткичдан хурсандман. Менга туманингиз ёқиб қолди, келажакда албатта яна келиш умидидаман.
Мусобақа якуни бўйича туманимизнинг ёш боксчилари 8 та биринчи, 6 та иккинчи, 18 та учинчи ўринга сазовор бўлишди.
Ғолиблар туман ҳокимлиги томонидан тақдирландилар.
Мусобақа иштирокчилари бокс турнирининг кўнгилдагидек ўтишида «Анорзор» МФЙ раиси Ў. Ҳайитова ва ҳомийлардан П. Мирзаевга алоҳида миннатдорчилик изҳор этдилар.

Х. УМАРОВ,
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари
фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича
туман Кенгаши раиси ўринбосари.
М. РУСТАМОВ.

Суратларда: мусобақа пайти; мусобақа ғолиби Нурилло Комилов.

Улашинг: