Туманимизда ўз нуфузига эга бўлган, Қундузхон Акбарова раҳбарлик қилиб келаётган 17-умумтаълим мактабида ёш авлодни шу кун талаблари асосида таълим ва тарбия олишларига асосий эътибор ҳаратилмоқда. 2019-2020 ўқув йилида бу билим масканида 697 нафар ўқувчи таълим-тарбия олдилар. Карантин даврида ҳам машғулотлар бўшаштирилмади. 25 нафар синф раҳбари фанлар бўйича онлайн дарслар ташкил қилдилар.
Аудио ва видео орқали дарслар ўтилиб, ўқувчиларнинг билим ва салоҳиятлари мунтазам кузатилиб борилди. Ўқув йили давомида туман миқёсидаги немис тили, информатика, математика, она тили ва адабиёти фанлари олимпиадаларида Санобар Жаҳоналиева, Файзулло Турсунбоев, Абдулазиз Маҳмудов ҳамда Ойбарчин Йўлбарсовалар ғолибликни қўлга киритишиб, вилоят босқичига йўлланма олдилар.
–Бу йил мактабни 55 нафар ўқувчи битирмоқда,– дейди мактаб директори Қ. Акбарова. –Улар билан суҳбат давомида келажакда қандай касб-ҳунар танлашлари билан қизиқдик. Ўтказилган саволномада улар ўз истак ва орзуларини баён этдилар. Битирувчиларимизнинг аксарияти АДУ, АТИ, АҚХИ ва ИИБ академияси каби олий ўқув юртларига кириш истагини, бошқа битирувчилар касб-ҳунар ўрганишга аҳд қилганликларини билдирганлар. Биз уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашиб, уларнинг фикрларини ҳам ўргандик. Битирувчиларга йўналишлари бўйича Онлайн ва Офлайн тестлардан тизимли самарали фойдаланишларига шароитлар яратиб бердик. Шу билан бирга кафолатланган касбга эга бўлган ўқувчилар рўйхати тузилди. Унинг асосини тикувчилик, пазандалик, косибчилик, қассобчилик, қурилиш соҳасида, ҳайдовчилик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ҳамда компьютер оператори каби касблар ташкил этмоқда.
Ўқув йили давомида Президентимизнинг беш ташаббуси доирасида “Уйдаги таассуротларим”, “Ўзбекистон–умумий уйимиз”, “Ҳафта кашфиёти”, “Ватанимнинг тарихий обидалари” ҳамда “Бобур ва жаҳон маданияти” каби онлайн танловларда ўқувчилар фаол иштирок этдилар. Ғолиблар мактаб маъмуриятининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи А.Миркомиловнинг буйруғига асосан Май ойини–умумий ўрта таълим мактабларининг 11- синф битирувчиларини Олий таълимга йўналтириш ҳамда июн ойини битирувчи ўқувчиларнинг ота-оналари билан ҳамкорлик ойлиги деб эълон қилиниши бизга янада катта масъулият юклади. Битирувчилар ва уларнинг ота-оналари билан мулоқот, ҳамкорлик кучайтирилди.
Мактабда ободонлаштириш ҳамда сармоядан ташқари маблағ топиш, синф хоналарини келгуси ўқув йили учун тайёрлаш ишлари намунали йўлга қўйилган. Эрта экилган картошкадан ҳосил йиғиб олинди. Томорқанинг бошқа жойларига экилган булғор қалампири, ловия, мош, ошқовоқ ва бодринглар, иссиқхонага экилган помидор кўчатлари парваришланмоқда. Мактаб ҳовлисидаги мавсумий гуллар, мевали ва манзарали дарахтлар инсон дилини яйратади. Бу ишларда боғбон Муҳаммаджон Қоратоевнинг ҳисса каттадир.
Йилдан йилга мактабда олиб борилаётган ишлар, яратилган қулайликлар ўқувчиларнинг чуқур билим олишлари, ҳаётда ўз ўринларини топишида катта омил бўлмоқда. Мамлакатимизда мактаб ва ўқитувчиларга, ёшларга берилаётган эътибор барча қатори бу мактаб аҳил жамоаси қалбини ҳам фахр ва ифтихорга тўлдириб, уларни улкан ютуқларга руҳлантирмоқда.
Гулсора