Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Тиббиёт муассасаларида: Хизматимиздан эл мамнун

–Пунктимизда эл саломатлиги йўлида олиб бораётган ишларимизни намунали йўлга қўйишга ҳаракат қиляпмиз,–дейди У. Мансуров ҚВП мудираси Жамилахон Рус­тамова, – Репродуктив саломатлик бўйича 1888 нафар туғруқ ёшдаги аёллар тиббий кўрикдан ўтказилди.

Кўрик давомида касаллиги аниқланган аёллар соғлиги доимо назоратимизда. Чақалоқлар илк кунлариданоқ малакали патронаж ҳамширалар томонидан кузатувга олинмоқда. 2 ёшгача бўлган болаларни эмлаш календар бўйича ойма-ой режа асосида ташкил этилмоқда. Қишлоқ врачлик пунктимизда 81 нафар ногиронлиги бўлган фуқаролар рўйхатда туради, улардан 16 нафарини болалар ташкил этади. Улар ҳар ойда умумий амалиёт шифокори ва патронаж ҳамширалар томонидан уй шароитида кўрикдан ўтказилади ва мунтазам тиббиёт бирлашмасидан келадиган меҳр-мурувват ва биринчи ёрдам дори-дармон воситалари билан таъминланади. 16 ёшли болалар АДСМ, яъни кўкйў­тал, қоқшол ва бўғма касалликларига қарши эмланди. 1-6 ёшли болаларга олти ойда бир марта бериладиган Витамин-А дори воситалари ўз вақтида тарқатилмоқда. Ундан ташқари вирусли гепатитга қарши эмлаш учун олиб борилган тарғибот–ташвиқот ишлари натижасида 110 нафар аҳоли эмланди. Аёлларнинг исталмаган ҳомиладорликни олдини олиш бўйича барча турдаги дори воситалари мавжуд бўлиб, туғруқлар ўртасидаги маълум вақтни сақлаш бўйича аёллар маслаҳатхонасида керакли тушунтиришлар олиб борилмоқда.
Қишлоқ врачлик пунктида кекса ёшдаги аҳолига, кам таъминланган оилаларга, ёрдамга муҳтожларга ижтимоий патронаж қамрови ташкил этилган. Ўсмир қизлар 92 нафар бўлиб, маҳалла фуқаролар йиғини ва умумтаълим мактаблари билан ҳамкорликда ҳафтанинг ҳар шанба кунида «Қизлар мактаби»да уларни оилага тайёрлаш борасида ўқув курслари, тушунтириш ишлари ташкил этилмоқда.
Ҳудуддаги 2 та умумтаълим мактаби ва 2 та мактабгача таълим ташкилотида йилига икки марта тор мутахассислар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилади. Аниқланган касаллик бўлса беморлар туман ва вилоят шифохоналарида даволаниш учун юборилади. Бу йил ҳозиргача Заврақ сиҳатгоҳига 7 киши соғлигини тиклаш учун жўнатилди. Йилда бир марта шифокор Раҳмонжон Худойбердиев 20 кишини бепул ўзининг ҳусусий санаториясида даволаб келмоқда. Бундан ташқари ижтимоий дорихона ҳам мавжуд бўлиб, 200 дан ортиқ дори-дармон воситалари аҳолига арзон нархларда тақдим этилмоқда. Бу ерда 24 соат мобайнида навбатчилик асосида иш ташкил қилинган.

Г. КЕНЖАБОЕВА

Улашинг: