Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг юртимиз кундан кунга чирой очиб бормоқда. Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан кўплаб соҳаларга эътибор берилмоқда. Хусусан, архивлар тўғрисида ҳам бир неча Қонун ва қарорлар қабул қилиниб, бу иш такомиллаштирилмоқда.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида қонун ва қарорлар қабул қилингандан сўнг Республикада биринчи бўлиб Избоскан туманлараро давлат архиви базасида 1999 йил 25 август куни “Архив ҳужжатлари хатловларини такомиллаштириш” мавзусидаги Республика архивчиларининг илмий- амалий анжумани ўтказилди. 2010 йил 15 июнь куни 6 боб 36 моддадан иборат янги таҳрирдаги “Архив иши тўғрисида”ги Қонуни кўрилиб, Президентимиз томонидан тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 26 августдаги №194-сонли «Ўзбекистон Республикасида Архив ишини янада ривожлантиришга доир кўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги, Андижон вилоят ҳокимининг 2008 йил 2 сентябрдаги №144-сонли қарорларини бажарилишини таъминлаш, туманда архив ишини янада ривожлантириш учун қўшимча чора-тадбирлар белгилаш мақсадида туман ҳокимининг 2008 йил 8 сентябрда №360-К сонли қарори қабул қилинди ва ушбу қарор асосида Архив ишини ва иш юритишни ривожлантириш дастурини асосий вазифа қилиб белгилаб берди.
Туман ҳокими томонидан дастур асосида 2008 йил 17 декабрда №1039-К сонли «Туман Молия бўлими биносини Избоскан туманлараро давлат архиви ихтиёрига ўтказиш ва қўшимча бино қуриш ҳақида» қарори қабул қилиниб, 2010 йил август ойида Пойтуғ шаҳар марказига кўчиб ўтилди.
“Архив иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида”ги 101-сонли қарори қабул қилинган. Қарор ижросини таьминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг 2012 йил 13 апрелда 81-К сонли қарори қабул қилинди. Избоскан туман ҳокими томонидан қарор ижросини таьминлашга ижобий ёндошилиб, архивга ҳужжатларни сақлаш ва қўшимча хизмат бинолари қуриш учун 2012 йил 27 апрелда 284-К сонли қарори қабул қилиниб 470.0 кв.м ер майдони ажратилди. 2015 йилда 15000 сақлов бирлигида ҳужжатларни сақлаш учун ҳужжатхона, 2019-2020 йилнинг биринчи чорагида бюджетдан ташқари маблағ ҳисобидан 400 млн сўмлик қурилиш ишлари олиб борилиб, фуқароларни қабул қилиш хонаси қурилиб, ишга туширилди. Ҳукуматимиз томонидан “Архив иши тўғрисида” ги Қонуни асосида чиқарилган қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида Избоскан туман давлат архиви Балиқчи, Избоскан, Пахтаобод туманларидаги 134 та бошқарув идораларини идоравий архивлари назоратга олиниб, бу идораларга давлат архиви томонидан давлат ҳокимияти, маҳаллий органлари аппаратларида ижро интизомини мустаҳкамлаш, иш юритишни такомиллаштириш, бошқарувнинг барча даражаларидаги раҳбарлар ва мутахассислар жавобгарлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирликлари, давлат қўмиталари, идоралари, уюшмалари, компаниялари ва бошқа марказий муассасалари аппаратларида иш юритиш, ижро назоратини ташкил этиш учун ўқув семинарлар ташкил этилиб, намунавий йўриқномалар тасдиқланиб услубий амалий ёрдам берилди.
“Архив иши тўғрисида”ги Қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 101-сонли қарорида кўрсатилган давлатнинг конституциявий асоси ўзгарганда маьмурий ҳудудий чегараланиш натижасида архивларда сақланаётган фондлардаги ҳужжатларни қайта фондлаштириш ва уларнинг ҳисобини олиш белгилаб қўйилган. Қонун, қарорларни ижросини таьминлаш мақсадида 2015-2019 йиллар давомида давлат архиви сақловидаги 1923-2015 йилларга оид 73248 та сақлов бирлигидаги ҳужжатларни мавжудлик ҳолати аниқланиб қайта фондлаштирилди. Қайта фондлаштиришда:
Собиқ иттифоқ даври 1923-1991 йилларга оид 225 та фондда 50743 та сақлов бирлиги, Мустақиллик даври 1992-2012 йилларга оид 112 та фонд 22505 та сақлов бирлигидаги ҳужжатлар ажратилиб уларнинг ҳисоби олиб борилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5834-сонли фармонини қабул қилиниши архив соҳасида туб бурилишга сабаб бўлиб, Республика Марказий давлат архивларига Миллий архив мақоми берилди, туманлардаги ҳокимият қошидаги хўжаликлараро шахсий таркиб ҳужжатлари архиви негизида туман шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари ташкил этилди. Шунингдек, давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда давлат архивларида сақланаётган ҳужжатларни ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқариш ҳужжатларни хатловлардан ўтказиш тегишли маълумотлар базасини яратиш архив иши ва иш юритиш соҳасини такомиллаштириш, ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, Миллий архив фонди ҳужжатларини босқичма босқич рақамлаштириш, суғурта нусхаларини яратиш, архив хизматларини ягона интерактив хизматлари портали орқали амалга ошириш вазифалари белгилаб берилди.
Президентимиз бошчилигида архив ишларинии ривожлантириш тўғрисида тинмай ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Бу ҳақда қатор қарор ва кўрсатмалар берилди. Чунки давлат ишларига юксак баҳо бермоқда.Зеро, архив материаллари умумдавлат иши, халқ бойлиги сифатида эъзозланмоқда. Бунга жавобан архив ходимлари ҳужжатларни жамлаш, сақлаш ва уларнинг ҳисобини олиб бориб келгуси авлодга етказишда ва архив иши ривожланишида ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
С. МАМИТОВ,
туман давлат архиви
мутахассиси