2020 йил 25 майда жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судининг судлов ҳайъати ўз биносида очиқ суд мажлисини ўтказди. Унда эшитган ҳар бир кишини ларзага солувчи ҳолат — ўғилнинг ўз ота-онасининг қотилига айлангани юзасидан жиноят иши кўрилди…
1988 йилда туғилган судланувчи 1946 йилда туғилган отаси ва 1959 йилда туғилган онаси билан яшаб келган. Ота-онаси унга ёқтирган қизини олиб бермагани сабабли, улар билан доимий равишда ўзаро жанжаллашиб келган.
Ўғил 2019 йил 14 октябрда спиртли ичимликдан маст ҳолда уйга келган. Уларни қасддан ўлдириш мақсадида уйда бўлган кетмон, болта ва бел курак ёғоч сопи билан дастлаб онасини ҳаёти учун муҳим ҳисобланган бош ва юз соҳаларига бир неча марта уриб, ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлар етказган. Шу тариқа, онасини қасддан ўлдирган.
Сўнг иккинчи гуруҳ ногирон бўлган ожиз ахволдаги отасини ётоқхонасига кириб, қўлидаги кетмон билан ўта шафқатсизлик билан унинг бош ва юз қисмига бир неча марта уриб, уни ҳам қасддан ўлдирган.
СУД-ТИББИЙ ЭКСПЕРТИЗАСИНИНГ ХУЛОСАСИ…
Онанинг ўлимига бош мияси очик жароҳатланиши, бош энса, пешона, бурун, юз, юқори ва пастки жағ тўқималари чопилиб, синиб, мажағланиш кўринишидаги жароҳатлари сабаб бўлгани кўрсатилган.
Суд-тиббий экспертизасининг хулосасида отанинг ўлимига бош мияси очиқ жароҳатланиши, пешона, тепа тери остига қон қуйилиши, кўкрак қафасида ёпиқ шикаст, ўнг ва чап қовурғаларини кўплаб синиши, пешонаси, бош тепаси, бурни, ўнг юзи, ўнг қоши, ўнг ёноғи, чап юзларида чопилган кўринишдаги жароҳатлари сабаб бўлгани кўрсатилган.
“ЎТА ДАРАЖАДА МАСТ БЎЛГАНИМ САБАБ ВОҚЕА ТАФСИЛОТЛАРИНИ ТЎЛИҚ ЭСЛАЙ ОЛМАЙМАН”
Судланувчи ўғил судда айбига қисман иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлик билдирган…
— Дастлаб 2014 йилда бир қиз билан қонуний никоҳдан ўтиб, оилавий келишмовчиликлар сабабли 2015 йилда ажрашдик. Кейин 2016 йилда бошқа қиз билан турмуш қуриб, у билан ҳам оилавий келишмовчиликлар сабаб ажрашганмиз. Шундан сўнг 2018 йил яна бошқа аёл билан никоҳдан ўтиб турмуш қурдим. У билан 40 кун яшаганимдан сўнг уйига кетиб қолди. У онасиникига кетиб қолганидан сўнг акам билан шаърий никоҳдан ўтиб бирга яшашгани учун акам билан ака-ука ришталарини узиб юбордим. Мардикорчилик қилиб келганман, ота-онамнинг ёшга доир нафақасига кун кўриб келганмиз. Отам ногирон бўлган, уйда йиқилиб тушиб тўшакда ётиб қолган. Отамни доимий равишда онам парваришлаб келган.
2019 йил 14 октябрда ишга бориб, пахса девор учун лой тайёрлаб, кун давомида ишларни қилиб, иш ҳақи сифатида 200.000 сўм олдим. Сўнг туман маркази ҳудудидаги спиртли ичимликлар сотиладиган савдо дўконга кириб, спиртли ичимлик истеъмол қилдим. Ўта даражада маст бўлиб қолиб, уйга кетдим. Лекин уйга қандай ҳолатда ва қайси вақтда борганимни эслай олмайман. Уйга бориб, ота-онам билан бироз жанжаллашиб, уйнинг омборхонасидан болта ва кетмон билан онамни қувлаганимни бироз эслайман.
Шу куни ўта даражада маст бўлганим сабаб воқеа тафсилотларини тўлиқ эслай олмайман. Шу куни соат 22:40 ларда ўзимга келганимда хонамда ётгандим. Ўрнимдан туриб ховлига чиққанимда, ота-онам ётадиган хона эшик ва ойнаси синган эди. Онамнинг жонсиз, юзи қонга беланган ҳолда ётганини кўрдим. Онамни кўтариб турғизмоқчи бўлганимда ўлиб қолганини билдим. Жасадини анжир дарахти томонга 4-5 метрлар чамасида судраб олиб бориб қўйдим. Отам ётган хонага кирганимда отамнинг юзи ҳам қонга беланиб, ўнг томонга ёнбошлаган, чап қўли белини устида турган ҳолда ётганини кўрдим. Уни ҳам ўлдириб қўйганимни тушундим. Ҳолатдан қўрқиб кетиб, хонамга кириб эгнимдаги оқ футболка ва шимимни алмаштириб, рафиқамни уйига кетдим. Турмуш ўртоғимга ҳолатни айтганимда, нимага қўшнилар ёки шифокорларни чақирмаганим, Ички ишларга хабар қилмаганимни сўради. Қўрқиб кетиб унинг олдига келганимни айтдим. Эрталаб ИИБ ходимлари мени олиб кетишди.
— Судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а,в,ж” бандлари билан айбли деб топилди. Унга ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “а, в, ж” бандлари билан 21 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Улуғбек КАРИМОВ,
жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судининг судьяси
(Интернетдан олинди)