Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Янгича ёндошув

Гулсанамхон Орифжонова бош бўлган 28-мактабгача таълим ташкилотида 150 нафар эртанги кунимиз эгалари тарбияланмоқда. Юртимизда кечаётган пандемия сабабли 15 март кунидан буён болажонлар уйларида – ота-оналари бағрида вақт ўтказмоқдалар. Лекин улар муассаса тарбиячилари билан мунтазам алоқадалар.

Инглиз тили фанидан Нозима Қўчқорова, мусиқадан Одилжон Раҳмонов ва муассаса тарбиячилари онлайн тарзда машғулотлар ўтиб бормоқдалар. Муассасада хўжалик мудираси Рўзахон Мамадалиева, ҳамшира Сабоҳатхон Козимжонова каби 24 нафар ходим сидқидилдан меҳнат қилмоқда.
—-Иш жараёнида болажонларнинг шовқин- суронига ўрганиб қолган эканмиз,-дейди муассаса мудираси Г. Орифжонова.- Карантин бошланишида «Нима қилсак экан?» деган ўй барчамизнинг кўнглимиздан ўтганди. Аста-секин бу кунларда болажонлар билан қандай қилиб машғулотлар ўтишни ўргандик. Ота-оналар билан мулоқотимиз кучайди. Машғулотларни тарбияланувчилар ота-оналари билан такрорлаб, онлайн жавоб қайтаришни билдилар. Бу эса ҳар қандай шароитда таълим ва тарбия учун йўл топиш мумкинлигини яққол кўрсатди.
Тарбиячилик масъулияти жуда катта. У ҳар бир тарбия­ланувчини мукаммал –ҳам жисмонан, ҳам руҳан тарбиялайди. Бу боланинг келгуси ҳаётида муҳим роль ўйнайди. Улар тарбиясида эскича қолипда қотиб қолиш мумкин эмас. Имкони борича янгиликка интилиш, инновацион ғояларга амал қилиш, болани эркин фикрлашга ўргатиш, бу борада ота-оналарнинг масъуллигини ҳам ошириш керак. Муассасада жонли бурчак ташкил қилмоқчимиз. Қуён, турли қушлар олиб келиш билан бирга аквариумда балиқ парвариш қилмоқчимиз. Бунда бола ўз қўллари билан уларга емиш беради, улар рангини, кўринишини, ҳаракатларини ҳис этади. Бу билан болада табиатга қизиқиш, меҳр уйғонади, оилага нисбатан меҳр-муҳаббат тарбия топади.
–Ментал алифметикани ташкил қилиш боланинг фикрлаш доирасини кенгайтиради. Ўз-ўзидан математикага қизиқади,–сўзларини давом эттирди мудира. –Яна мақсадимиз олдинига шашка, кейинроқ шахмат ва гимнастика тўгаракларини йўлга кўйишдир. Гимнастикада қизларимиз нафисликни ўрганади ва соғлом бўлиб вояга етади. Биз болада муомала маданиятини йўлга қў­йиб, мактабга тайёрлашимиз керак. Бу эса келажакда ўз натижасини беради.
Муассасада тарбияланувчиларнинг таътилдан қайтиш­ларига улар ва ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча ишлар бажарилмоқда. Хоналар таъмирланди. Махсус ҳимоя воситаларини сотиб олиш, ўрнатиш ва зарарсизлантириш ишлари амалга оширилмоқда. Ободонлаштиришга ҳам алоҳида эътибор берилган.

Г. БОЛТАБОЕВА

Улашинг: