Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Асаларичилик камбағалликдан қутқаради

Роҳатбек Тўйчиев билан дастлабки танишув бундан чорак аср аввал бўлган. Ўша даврдаёқ уларнинг оиласида асалари боқиш ва шифобахш асал етиштириш бошланганди. Кўп ўтмай асаларичилик кенгайтирилиб 50 та уяга, кейинчалик 200 ва ҳозирга келиб 400 та уяга етказилди.

Бу орада Роҳатбек кичик бизнес ва тадбиркорликка ёндошишни кучайтириб, рес­публикада ўтказилган энг яхши тадбиркор йўналишидаги танловларда нуфузли ўринларни эгаллаб борди ва фермерчиликни ҳам бошлаб уни кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантирди. Ҳозирда пахта-ғалла, асаларичилик, боғдорчилик-узумчилик йўналишларида фаолият олиб бораётган “Избоскан шоналари” фермер хўжалиги ҳар йили, ҳамма соҳада зиммага олган шартномавий мажбуриятларини илғорлар қаторида ортиғи билан бажариб келяпти. Укаси Мўминжон пахта-ғаллада, Хайрулло асаларида, узумчиликда, Солижон ҳисоб-китобда масъул бўлса, Роҳатбекнинг ўзи кўп тармоқли фермер хўжалигини янада кенгайтириб қўшни ривож­ланган мамлакатлар билан ҳамкорликни тиклаш ва маҳсулот экспорт қилишни кўзлаб интиляпти. Бугунги кун республика иқтисодиётининг муҳим сектори ҳисоб­ланган қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири—бу ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, уларни ишлаб чиқариш соҳасида мустақилликка эришиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни тақозо этмоқда.
Шундан келиб чиқиб давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилда балиқ етиштириш ҳажмини 350 минг тоннага, асал етиштиришни 5 мартага кўпайтириш, 382 минг қути қурт уруғини боқиш бўйича топшириқлар берилди. Бу билан камида 750 минг одам иш билан банд бўлади.
Роҳатбек Тўйчиев ана шу топшириқларни бажариш учун “Асал шифо” МЧЖга асос солиб асаларичилик кластерини ташкил этмоқда.
Яқинда “Ўзбекистон 24” телеканалида “Асал шифо” МЧЖ фаолияти билан асаларичиликни ривожлантириш борасида Роҳатбек Тўйчиевнинг орзу-истаклари, мақсадлари ҳақида кўрсатув берилди. Хўш, у мақсадларини амалга оширишда қандай омилларни назарда тутяпти?
Ҳисоб-китоб соҳаси бўйича олий маълумотга эга бўлган ва оддий деҳқон фарзандлигидан масъул лавозимлардаги ишларда тобланиб, ҳаётнинг қувонч ташвишлари, муаммо ечимлари, ростлик ва ёлғончилик сабабларини идрок ва таҳлил этиб оилавий тадбиркорликни кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантирган Роҳатбек асаларичиликни кам даромадли оилаларни камбағалликдан қутқаришда энг мақбул соҳа деб ҳисоблайди.
—Ҳали шу вақтга қадар бор бўлса-да ошкор этилмаган камбағалликни Президентимиз очиқ-ойдин айтиб камбағал оилаларни даромадли, фаровон оилаларга айлантиришни муҳим топшириқлардан этиб қўйди ва унинг омилларини кўрсатиб берди,—дейди у. —Мен айнан бу борада асаларичиликни танладим. Чунки икки қути асалари ўртача бир оилани бир йилда даромадли оилага айлантиради, табиатдаги барча ўсимликлар гулларидан бол олиб шифобахш асал тўплайди, унга фақат белгиланган тартибда парвариш талабларини бажариб турилса бас. Асалари боқиш учун яшиқ ясашга дурадгор, яшик ичидаги тўшакчага тикувчи, ром ясашга ҳунарманд керак. Буларни бажариш учун ҳар бирига биттадан иш ўрни яратилади. Тасаввур қилинг, 400 яшиқ асаларини 200 та хонадонга тарқатиш ва ҳар йили бу рақамлар икки баробарга кўпайса қанча яшик, қанча ром, қанча тўшакча керак бўлади. 200 та оиладаги ишчи ўрни бир йилда 400 ишчи ўрнига айланади. Шифобахш асал ҳам шу тариқа кўпайиб боради. Оилаларга ана шундай керакли нарсаларни тайёрлаб берадиган хизмат шахобчалари ҳам очамиз.
Бир кило асалнинг баҳоси 40 минг сўм. Шифобахшлигини айтмайсизми. Тиббиётда асаларига чақтириб даволаш йўлга қўйилган. Яна энг яхши томонлари бу асаларилар атрофдаги миллионлаб мева, сабзавот, ғўза гулларини чанглаб ҳосилга ҳосил қўшади. Фермер хўжалигимиз ўтган йили шу омил ҳисобига 45 центнердан пахта етиштирди. Хуллас асаларичилик камбағал оилаларни даромадли оилага айлантиришига ҳеч шубҳам йўқ. Бунинг учун фақат шу ишга меҳр бериш, ўта масъулият билан ёндошиш, боқиш тартиб талабларини яхши билиш тақозо этилади. Бунинг учун эса асаларичилик кластери аъзоларини ўргатамиз, ўқитамиз, тушунтирамиз, мунтазам назоратимизга оламиз.
Биз Роҳатбекнинг депутат сифатидаги фаолиятига тўхталмадик. Бу кейинги мавзу. Янги-янги ташаббуслар изидан изланиб, интилиб бораётган депутат ва тадбиркор “Асал шифо” МЧЖ жамоасига ўз мақсадларини амалда бажаришларига эса биз омадлар тилаймиз.

Йўлдош ИСОҚЖОНОВ,
“Пахтакор” махсус мухбири

Улашинг: