–Мен ноозиқ- овқат товарлари савдоси билан шуғулланаман. Пандемия шароитида ўз фаолиятимни тўхтатишга мажбур бўляпман. Фаолиятимни тўхтатиш учун нима қилишим керак?
А. Валиев, Пойтуғ ш.
Саволларга туман Давлат солиқ инспекцияси Камерал назорат шўъбаси катта инспектори К. Собиров жавоб беради:
–Ўбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ФП 5978-сонли Фармонига асосан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қўллаш қуйидагича белгиланган.
Фармоннинг 5-бандига мувофиқ, карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммасини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилган. Бунда фаолиятни тўхтатганлик тўғрисида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органлари хабардор қилинади ва давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳномани топшириш талаб этилмайди. Мисол учун, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиш учун Давлат хизматлари марказига бориш ўрнига уйида ўтирган ҳолда шахсий кабинети орқали Давлат солиқ инспекцияси ходимлари автоматлаштирилган ахборот тизимларига фаолиятини тўхтатганлик тўғрисидаги муносабатни киритиб қўйишади. Ва бу ўз-ўзидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда ижтимоий солиқ ҳисобланиши тўхтатилишига сабаб бўлади.
Ш. ҲАМРАҚУЛОВ,
туман ДСИ матбуот хизмати ходими