Юртимиздаги пандемия шароити ўзбек таълим тизимида янги босқични–онлайн таълимнинг йўлга қўйилишини бошлаб берди. Пандемиягача ҳеч бир ўқув маркази бундай тартибга ўта олмаётганди. “Ҳар яхшининг бир ёмони, ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор”, дейилганидек, карантин тартибининг жорий этилиши таълим ва тарбия муассасаларининг масофавий машғулотларга ўтиш ишларини жадаллаштириб юборди.
Бир сўз билан айтганда пандемия эртанги кунимиз эгаларининг таълим-тарбия олишларида янгича бурилиш йўлларини очиб берди. Ўқитувчи ва тарбиячилар «маошларимиз тўланаверар экан» деб бекор ўтиришмади. Изланиш ҳар доим имкониятлар яратишини улар бу гал ҳам амалда исбот этдилар. Барно Ҳамдамова бош бўлган 16-мактабгача таълим муассасаси аҳил жамоаси ҳам ана шундай янгиликларни ҳаётга татбиқ этиш ишларидан четда қолмади. 203 нафар келажагимиз ворислари таълим-тарбия олаётган муассасада бирданига тарбияланувчиларнинг пандемия сабаб келмай қолишлари уларни тушкунликка туширмади. Аксинча жамоа янада жипслашди. Санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилганлари ҳолда муассаса биносининг ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этдилар. Тарбияланувчилар учун турли ўйинчоқлар, кўргазмали қуроллар тайёрладилар. Ўз билимларини мунтазам оширдилар. Хоналарни зарарсизлантириш ишлари сифатли амалга оширилди. Муассаса ташриф буюрувчиларнинг иссиғини ўлчаш, антисептик воситалари билан таъминланди.
–Рухсат этилиши билан ҳар бир гуруҳда 15 нафардан тарбияланувчи билан иш бошлаймиз,–дейди муассаса раҳбари.–Бунда санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилинади, масофа сақланади. Маълум вақтларда тарбиячилар ва тарбияланувчиларнинг ҳарорати ўлчаб турилади. Ҳар бир ҳаракат назоратимизда бўлади. Тарбияланувчини фақат ўз ота- онасидан қабул қилиб оламиз ва ўзларига топширамиз. Ҳозиргача тарбияланувчиларга онлайн машғулотлари ўтказилмоқда. Даставвал эътибор бермаган ота-оналар бугунги кунда бу машғулотларга жуда катта қизиқиш билдирмоқдалар. Зиядиновлар оиласи, Хабибуллоховлар ҳамда Зокировлар, Ҳайитбоевлар оилаларини онлайн машғулотлар бўйича барчага ўрнак десак муболаға бўлмайди. Илғор тарбиячимиз Барно Миркомилова «Лидер тарбиячи» мақомини олиб, онлайн дарсларни мунтазам танқидий таҳлил қилиб бормоқда.
Дарҳақиқат эртак қаҳрамонлари, нутқ ўстириш, табиат ва математика, бадан тарбия, мусиқа мавзуларининг онлайн олиб борилиши барча тарбияланувчилар ва ота- оналарни бефарқ қолдирмаяпти. Муассасада «Уста-шогирд» амалиётининг йўлга қўйилганлиги ўз самарасини бермоқда. Б. Миркомилова, Ш. Меҳмонова, Б. Эгамов, М. Холматова, Ю. Усмонова каби талабчан тарбиячилар ишга келган ёшларга бириктирилган бўлиб бу ҳам ҳамжиҳатликни таъминлашда яхши омил бўлмоқда. Хуллас, муассасадагилар пандемия даврида ҳам ўз мақсадлари сари биргаликда фаолият олиб бормоқдалар. Мақсад эса келажагимиз ворисларини ҳар томонлама етук инсонлар этиб тарбиялаш.
Суратда: муассасада олиб борилаётган ишлар.
Пандемия — бекорчилик эмас
Ўхшаш хабарлар Маънавият саҳифасидаги мақолалар »