Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Фидоий фермер

Тумандаги Урганжи массивига қарашли «Бойтўра ҳосил барака» фермер хўжалиги раҳбари Абдусалом Ниёзовни деҳқончилик соҳасида эришган ютуқлари орқали туманда, балки вилоятда ҳам яхши танишади.

Деҳқончилик ҳадисини олган АБдусалом ака ҳозирда 68 ёшни қаршилаётган бўлсада ҳали ҳам ёшлар каби ишга чаққон, шижоаткор. Унинг пахта, ғалла йўналишида қўлга киритган муваффақиятларини бир неча бор қутлаб вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов шахсан ўзи табриклаш билан бирга ёшларга намуна бўлаётганлигидан, уларга ўз тажрибаларини ўргатаётганлигидан мамнун бўлди.
Жорий йилда ғалла ҳосили учун 26 гектар ер майдонидаги «чиллаки» навли буғдойдан 70 центнердан ҳосил олиб, давлат хирмонига режадаги 71 тоннага яна 40 тонна ғалла қўшиб, жами 111 тонна ҳосил етказиб берди. Фермер хўжалигида фаолият кўрсатаётган аъзолар хонадонларига 300 кг дан дон кириб борган бўлса, сувчи ва механизаторлар 1,5-2 тоннадан ғалла олдилар.
Такрорий экиш учун аъзоларга тарвуз, шоли экинлари учун ер ажратиб берди. Фермер ўз тажрибаларини яна бир бор амалда тадбиқ этиш учун 6 гектар ерга «Соя» уруғларини қадамоқда. Илгарироқ 26 гектар майдонда парваришланаётган ғўза қатор ораларига экилган сояга ишлов берилмоқда.
Абдусалом ака фермер бўлса-да доимо маҳалладош­лари билан ҳамнафас. Илгари маҳалланинг ички кўчаларига юзлаб машиналарда шағал ётқизиб, уларнинг меҳрини қозонган. Ободонлаштириш ва кўкамламзорлаштириш ишларида ҳам фаол.
Бештерак маҳалла оқсоқоли Акрамжон Юсуповнинг айтишича карантин муносабати билан Абдусалом ака йигирмага яқин оилага 1 қоп­дан ун, 1 кгдан қўй гўшти, қанд-ширинликлари етказиб берган. Маҳалладошларни ўйлаб, ўз маблағи ҳисобига йўлларни равон бўлишида, уларга моддий томондан ёрдам бериши унинг фидойи инсон эканлигидан далолат беради, десак хато бўлмайди. Кўплаб шогирдларнинг устози, миришкор деҳқон, тажрибали фермер, камтарин инсон Абдусалом ака Ниёзовнинг келгуси режаларини амалга оширишда, халқ манфаати йўлида хизмат қилишда унга соғлик-саломатлик, улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз.

М. РУСТАМОВ.
Суратда: фермер Абдусалом Ниёзов.

Улашинг: