Суҳбатдошимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида тажрибали, олий маълумотли мутахассис Аъзамжон Нурмирзаев.
-Сиз собиқ А. Тиллабоев номли жамоа хўжалигида узоқ йиллар ҳосилот бўлиб ишлагансиз. Йиллар давомида колхоз, жамоа хўжалиги, ширкат хўжалиги, фермер хўжалиги каби турлича мулкчилик шаклларида фаолият олиб борилди. Кластер тизимини ҳам кўряпмиз. Яқинда “Пахта хомашёсини етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг Қарори чиқди. Кластер афзалми, кооперация? Фикрингиз билан қизиқяпмиз.
-Кластер қисқа даврда ижобий томонларини кўрсатди. Янги тизим бўлганлиги учун ҳам пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини мувофиқлаштиришда баъзи муаммоларларни ҳал этиш заруриятини юзага келтирди. Бунинг учун республика пахта тўқимачилик кластерлари уюшмаси ташкил этилди. Шунингдек, пахта тўқимачилик кластерлари Кенгаши фаолияти йўлга қўйиляпти. Бу ўз ўрнида тизимда белгиланган тартиб-тамойиллар асосида кенгашли иш олиб борилишини таъминлайди. Ҳар қандай инновацияда албатта ютуқлар ва камчиликлар бўлиши табиий. Кооперация борасида менга маъқул келгани кооперациялар ташкил қилинса, кластерларга рақобатчи пайдо бўлади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги аграр тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Отажон Тошпўлатов ҳам “муаммоларни бартараф этишга ва манфаатларни давлат бошқарув идораларида ҳимоя қили борасида самарали механизмлар яратилмаганлини ҳолатлари ҳам кўзга ташланиб қоляпти” деб бежиз таъкидламаган.
(Янги Ўзбекистон газетаси. 22 июнь 17-сон) Бу фикрларда балки кластер ва фермерлар ўртасидаги шартнома шартларига кўра пахта-ғалла ҳақларини ўз вақтида тўланмаётганлиги, маъданли ўғит ва бошқа маҳсулотларни бозор бахосидан ортиқча етказиб берилаётгани ҳам назарда тутилгандир?
–Кооперация тўғрисидаги Низомнинг 3-боб, 9-абзацида “Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари кооперациянинг қонун хужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашишга хақли эмас” деб қайд этилибди. Афсуски, қонуний шартнома бўлатуриб, сохани чуқур билиб-билмай давлат органлари ва мансабор шахслар томонидан фермерлар фаолиятига аралашиш, кўрсатмалар бериш ҳолатлари ҳали ҳам учраб туради. Аслида улар Президентимиз айтганларидек, фермерга муаммоларини ечишда амалий ёрдам бериши керак, шундай эмасми?
-Кластер ҳам, кооперация ҳам аввало халқни рози қилиш, уларнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш, даромадини ошириш йўлида фаолият олиб боради. Қишлоқ хўжалиги тизими асосан нафақат озиқ-овқат, балки саноат маҳсулотлари ҳам етиштиради. Давлат органлари, мансабдор шахслар ҳам фақат ана шу мақсаддаги қонуний фаолиятни таъминлайди. Ҳар бир ишни ўз эгаси бажарса натижаси яхши бўлади.
Муаллифдан: Кооперация молиявий томонидан даромадларини ҳисоб-китоб қилиш, тақсимлаш, ўз ҳохишига кўра ҳар қандай маҳсулотни сотиб олиш жиҳатидан кластердан фарқ қилади. Қолаверса, кооперация ҳақидаги тушунчани ҳали жуда кўп фермерларимиз билмаслиги ойдинлашди. Шундай экан, бу тизимни ўрганиб, кластер тизимини ҳам чуқур таҳлил қилиб қайси мулкчилик хўжалигига аъзо бўлиш ҳар кимнинг ўз ҳохиши ва ихтиёри қонунийдир.
Йўлдош ИСОҚЖОНОВ
суҳбатлашди