Мухбиримиз Сил касалликлари шифохонаси бош шифокори Элёрбек Нурматовдан бу касаллик ҳақида сўзлаб беришни сўради:
Сил юқумли касаллик бўлиб, уни кўзга кўринмайдиган майда бактериялар — сил таёқчалари юзага келтиради. Кўп ҳолларда сил таёқчалари ўпкани зарарлайди. Баъзи ҳолларда мия ва мия қобиғи, суяклар, бўғинлар, буйраклар, жинсий аъзолар, кўз, ичак ва бошқа аъзолар сили ҳам учраши мумкин.
Ўпка сили билан касалланган бемор хонада узоқ вақт қолса, ҳавода бактерияларнинг сони кўпайиб, бошқа кишиларнинг нафас йўлларига ўтади. Бемор дуч келган жойга балғам ташласа, вақт ўтиб қуриб, сил таёқчалари ҳавога чанг билан кўтарилади ва нафас йўллари орқали соғлом кишиларга ўтади. Демак ҳеч ким сил таёқчаларнинг юқишидан ҳимояланган эмас, чунки, ҳаво ҳамма учун умумийдир.
Сил бактерияларини юқтирганларнинг барчасида ҳам касаллик ривожланмайди. Касалликнинг ривожланиши организмнинг иммунитети, яъни организмнинг касалликка қарши курашувчанлик қобилиятига боғлиқ. Организмнинг касалликка қарши курашувчанлиги (иммунитет) пасайганда, касалликнинг ривожланиш эҳтимоли ортади.
— Гиёҳвандлик;
— Кашандалик;
— Спиртли ичимликларга ружу қўйиш;
— Вақтида дам олмаслик;
— ОИВ /ОИТСни юқтириш;
— Ўз вақтида овқатланмаслик кабилар инсоннинг касалликка қарши курашувчанлик ҳусусиятларини сусайтиради ҳамда сил касаллигини ривожланишига замин яратади.
Айниқса одам иммунитет танқислиги вируси (ОИВ), одам организмининг ҳимоя воситаси ҳисобланадиган иммун тизимини чуқур жароҳатлайди. Сил кўп ҳолларда грипп ёки нафас йўлларининг шамоллаши ниқоби остида кечади. Нафас йўлларини шамоллашида ишлатиладиган дорилар эса, сил таёқчаларини ўлдиролмайди. Оқибатда одам касалликни ўтказиб юборади.
Сил узоқ давом этадиган касаллик. Уни даволаш 6-8 ой муддатни талаб этади. Бу муддат давомида шифокор тавсия этган дориларни қабул қилишда танаффусга мутлақо йўл қўймаслик керак. Ёдингизда тутинг! Сил ирсий касаллик эмас, у наслдан наслга ўтмайди. Фақат яқин мулоқотда бўлганлиги сабабли, беморнинг оила аъзоларига касалликнинг юқиш эҳтимоли юқори бўлади. Шунинг учун сил касаллиги баъзи ҳолларда оилавий кўринишга эга бўлиши мумкин. Сил касаллигини аниқлаш ва даволаш хизматлари бепул кўрсатилади. Ҳозирги вақтда силга қарши эмлаш (БЦЖ) туғруқхонада, чақалоқ ҳаётининг биринчи кунларида ўтказилади. Эмлашнинг таъсири 5-7 йилдан кейин камаяди. Шу муносабат билан қайта эмлашлар ўтказилади. Ҳар йили бир марта шифокор кўригидан ўтиб туриш тавсия этилади. Шу билан бирга:
— хоналарни тез-тез шамоллатиб туриш;
— хоналарга қуёш нури тушиб туришини таъминлаш;
— хоналар, жиҳозларнинг чангини нам ёки хўл латта билан артиш;
— ўрин-кўрпа, ёстиқ каби ювилиши қийин бўлган буюмларни офтобга ёйиб туриш;
— Дуч келган жойга тупурмаслик керак;
— Кашандалик, ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик каби иллатларни шаклланишига йўл қўймаслик керак.