Бутун дунёга хавф солаётган “COVID-19” вирусини тарқалиб кетиши олдини олиш борасида Ўзбекистон Республикасида ҳам аҳолига бир қатор чекловлар жорий этилди. Шунга қарамасдан айрим бефарқ фуқароларимиз бу касалликни қанчалик оғир эканлигини англаб етмасдан ўзини шу билан бирга яқинларини, қўни-қўшни, ёр-биродарлари ҳаётини хавф остига қўйиб, ўрнатилган чекловларга амал қилмасдан бепарволик қилмоқдалар. Шу муносабат билан Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 23 мартда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2020 йил 24 мартда маъқулланган, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 26 мартда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг 613-сонли қонуни қабул қилинди.
Қонунга кўра Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз юрган шахсларга нисбатан МЖтКнинг 54-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача маъмурий жарима солинишига сабаб бўлади.
Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик, давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаган шахсларга нисбатан, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда маъмурий жарима солинишига сабаб бўлади.
Шунингдек карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 2445-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки оммавий ахборот воситалари, шунингдек Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали тарқатган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бундан ташқари Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарган ёхуд одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келган шахслар жиноят кодексининг 2571-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солиш ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ушбу ҳаракатлар одамнинг ўлимига сабаб бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Икки ёки ундан ортиқ одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Юқоридагиларга асосан Ўзбекистон Республикасининг барча фуқароларини ҳозирда мамлакатда ўрнатилган айрим чекловларга қатъий амал қилишлари зарурат бўлмаганда яшаш жойида қолиб, ўзини, оила аъзоларини, қолаверса ўзга шахсларнинг ҳаётини хавф остига қўймаслик лозим. Бу билан инсониятни қутқарган бўламиз!
Н.Зайнабидинов,
Жиноят ишлари бўйича Избоскан
туман суди раиси