Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналиши сифатида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган бешта устувор йўналишнинг иккинчи йўналишида қонун устуворлигини таьминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
Республикамизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини, фуқаролар ва ҳўжалик юритувчи субъктларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таьминлаш, одил судловни амалга ошириш фаолиятини янада такомиллаштириш йўналишида судлар тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, судларнинг моддий-техник таьминотини яхшилашга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Маьлумки, суд тизимида аввал суд ҳокимиятининг иккита олий органи, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судлари мавжуд эди, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан Олий хўжалик суди тугатилиб, суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тузилди ҳамда судьялик лавозимига тайинлаш (сайлаш) тартиби бўйича ислоҳотлар ўтказилди.
Фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида, Президентимиз томонидан 2020 йил 24 июлда қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни давом эттириш йўлидаги яна бир муҳим ҳужжат бўлди десак муболаға бўлмайди.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб:
вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш;
маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш;
маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши;
Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғом туманлари иқтисодий судларини тугатиш;
фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро судини, фуқаролик ишлари бўйича Ургут, Сўх, Хатирчи, Пахтакор туманлари судларини, Пастдарғом туманлараро иқтисодий судини, жиноят ишлари бўйича Бўзатов, Тахиатош, Бандихон, Тупроққалъа туманлари судларини ташкил этиш;
Шунингдек, Фармон билан суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш;
жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритиш ҳақидаги таклифлар ҳам маъқулланди.
Фармонга асосан қабул қилинадиган янги қонунлар, суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларидан воз кечиш, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши таъминлаш ва суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ бўлишига хизмат қилади.
Дилшоджон Убайдуллаев,
Избоскан туманлараро
иқтисодий суди судьяси