Избоскан тумани пахтакорлари жиддий мавсум-пахта йиғим-терими олдидан машваратга йиғилдилар
Туманимиз меҳнатсеварларига ҳар йилгидек бу йил ҳам омадли ва баракали келди. Чилги ҳосил пиллачилик, ризқ-рўзимиз бўлган ғалла ҳосили кўзланганиданда мўл ва сифатли бўлди. Пиллакор-у ғаллакор етиштирган ҳосилидан мамнун бўлиши билан бирга омборларига ғалла кириб, оила бюджети янада яхшиланди. Пандемия даврида бу юртдошларимизга чин ёрдам бўлди.
Пахтачиликда ҳам туманимизда мўл ҳосил олиниши кутилмоқда. Бободеҳқонларнинг ва тажрибали фермер хўжаликлари раҳбарлари, пахтачилик илми усталарининг гап-сўзларига қараганда бу йил пахтачиликда ҳам барака йили бўлган. Кўзланганиданда мўл ва сифатли ҳосил етиштирилган. Эндиги навбат ана шу ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш ва қабул пунткларига етказиш. Албатта пахтакорларимиз бу маррани ҳам шараф билан забт этадилар.
Бугун, 20 август куни тумандаги А. Тиллабоев фермер хўжалигининг кўркам шийпонида масъулиятли мавсум олдидан кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни Избоскан тумани ҳокими С. Исмоилов қисқача кириш сўзи билан очди. Йиғилишда иштирок этган вилоят ҳокими ўринбосари Р. М. Исматиллаев туманда етиштирилган мўл пахта ҳосили ҳақида ва уни ўз вақтида уюшган ҳолда йиғиб-териб олишда мутасаддиларнинг вазифалари ҳақида сўзлади. У ўз сўзида избосканлик пахтакорларнинг пешона тери эвазига етиштирилган ҳосилнинг ҳар йилгиданда мўл ва сифатли бўлганини, бунда фермер хўжаликлари аъзоларининг ҳамда мутахассисларнинг салмоқли ҳиссаларига тўхталиб ўтди. Шунингдек, мавсумда туманда ташкил этилган отряднинг бу мавсумдаги ўрнини таъкидлар экан отрядлар бошлиқларининг масъулияти нақадар юқори эканлигини, ҳар бир ишга эътибор билан қараш лозимлигини уқтириб ўтди. Шу билан бирга теримга масъул бўлган туман ташкилот ва муассаса раҳбарларининг вазифаларини гапирди.
Туман ҳокими С. Исмоилов туманда ҳар йилгиданда мўл ҳосил етиштирилганини айтиб, уни йиғиб териб олишда уюшқоқлик билан иш ташкил қилинишини таъкидлади. Избосканликларнинг ҳар доимгидай йиллик режаларни ортиғи билан бажариб, юзлари ёруғ бўлишини, вилоят пешқадамлар сафида бўлиши билдирди.
Йиғилиш якунида илғор пиллакор ва ғаллакорларга, пахтакорларга, массив раҳбарларига бу борада уларга кўмакчи бўлган ташкилотлар вакилларига қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек отряд раҳбарларига вилоят ҳокимининг совғаси сифатида велосипедлар топширилди.
Муталлибжон СОҲИБОВ,
Урганжи массиви раҳбари.
-Менинг камтарона меҳнатим тақдирланганидан ҳурсандман. Менга бугун берилган мукофот янада жиддий масъулият юклайди ва юксак ишонч билдирилганидан далолат. Мен ишонч ва масъулиятни оқлаш учун мен билан бирга ишлаётган ҳамкасбларим билан бирга янада яхшироқ меҳнат қилишга ҳаракат қиламан. Албатта массивимиз пахтакорлари қисқа муддатлар ичида етиширилган ҳосилни териб олиб, белгиланган режани ортиғи билан уддалайдилар.