Мустақиллигимизнинг қутлуғ 29 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз. Ҳур ва озод диёримиз узра тезкор бунёдкорлик, яратувчанлик ишлари, ҳудудларнинг, кўчаларимизнинг гулларга бурканиши, халқимиз юзидаги табассум ва шодлик, кўзлардаги миннатдорлик ҳисси яққол кўзга ташланмоқда. Буларнинг барчаси буюк Истиқлолимизнинг, Юртбошимизнинг олиб бораётган тўғри сиёсати, эртанги кунга ишонч, ҳалол ва самарали меҳнатларимиз натижасидир. Мамлакатимиздаги улуғ неъмат- тинчлик ва осойишталик туфайли юксак натижалар, улкан муваффақиятлар кўлга киритилмоқда. Ана шу қутлуғ кунларда «Қизил империя»нинг зўравонлиги билан тинч ва осуда ҳаётидан, оиласида, ҳуқуқ ва эркинлигидан маҳрум қилиниб, умрлари сургунларда ҳазон бўлган бегуноҳ қатағон қурбонларини ёдга оламиз.
Жумлаи жаҳонга овоза қилиб, халқ давлати тузамиз, деган мустабит тузумнинг асл мақсади халқларни қўрқитиш, миллатлар бирдамлигига раҳна солиш, сургун қилиш, бор будини тортиб олиш билан олиб бораётган жирканч сиёсатини мустаҳкамлаш эди. Лекин зўрлик билан қурилган давлатнинг қум устига қурилган уйдай бўлишини исботлаш учун асрлар керак бўлмади. Ўзбекистон мустақилликка эришиб, қатағон қурбонларининг номлари покланди, уларнинг гуноҳсизлари исботини топди. 1918 йилнинг илк кунлариданоқ халқни зуғум остида ушлашга қарор қилган шўролар ҳукумати тинч аҳолига нисбатан қатағон ишларини бошлаб юборди. Биргина хўкизи озгинагина ери ёки ўзига яраша ҳунармандчилиги, тирикчилиги бўлган кишилар умумий мажлис ёки давлат сиёсий бошқармаси вакилининг ёзган қарори билан сургун қилинган, қамоққа тиқилган. Туман прокуратураси ва туман ижроия қўмитасининг архив материаллари билан танишар эканмиз, кишиларни қамаш, сургун қилиш учун тергов даврида гувоҳлар иштирок этмагани билан ҳам танишиш мумкин. Қулоқдан қулоққа эшитилган гаплар узоқ муддатли қамоқ ёки сургунга сабаб бўлган.
Масалан, 1948 йилда собиқ Қизил юлдуз қишлоқ советидаги Будённий номли колхоз аъзоларининг умумий йиғилиши чақирилиб, унда 1909 йилда туғилган Рустам Шердоевни СССР Олий Совети Президумининг 1948 йил 2 июндаги фармонига асосан саккиз йил муддатга узоқ районларга сургун қилиш масаласи кўрилган. Шердоевнинг айби-унинг 15 сотих ери бўлганлиги.
Ўртоқлар қишлоқ совети Калинин номли колхоз умумий йиғилишида ҳам шундай масала кўрилган. Мамажон Мўминов ҳам иккинчи гуруҳ ногиронлигига қарамай, ана шу фармонга асосан, узоқ Красноярск ўлкасига сургун қилинган. У ерда ҳаддан ортиқ оғир шароитларда ғишт заводида ишлаган.
1948 йилнинг 2 июнь фармони билан сургун қилинганларнинг яна бири Хаётхон Мансурова бўлиб, унинг сургун қилинишига 20 сотих томорқаси борлиги асос қилинган.
Архив ҳужжатларини варақлар эканмиз, Сталин номли колхозда Алиохун Тўхтаохунов, Абдулҳафиз Раҳимов, Саримсоқ Худойбердиев, Отамирза Раҳмонов, Турғунбой Бўстонов, Рисолатхон Умарова, Рахимахон Исманова, Махбубахон Абдурахмонова, Бусидиқа Алиева, Темирбой Сулаймонов, Эгамберди Хўжанов, Турғунбой Отамирзаев, Ворошилов номли колхоздан Тожиддин Қаюмов, Исмоил Жўраев, Жамолдин Тўраев, Аҳмаджон Ҳамдамов, Ристиқ Тожибоев, Аҳмадали Даминов, “Болшевик” колхозидан Тўхтасин Мавлонов, Камолдин Низомов, Ленин номли колхоздан Икромиддин Ахмедов, У. Юсупов номли колхоздан Вахоб Узоқов, Мадад Қўшақовларнинг ана шу зуғум қурбонлари бўлганликларга гувох бўламиз.
Буюк истиқлолимиз байрами арафасида қатағон қурбонларини эслар эканмиз, бугунги кунимизга ҳар қанча шукроналар келтирсак оз эканлигини англаймиз. Зеро, Ўзбекистондай улуғ, мустақил Ватанда инсон қадри, озод ва эркинлиги барча нарсадан устун қўйилмоқда. Олиб борилаётган ислоҳотларнинг барчаси инсон манфаатлари учун эканлиги такрор-такрор тилга олинмоқда. Кишиларимизнинг истак ва орзулари рўёбга чиқмоқда. Бундан ортиқ бахт борми, дунёда.
М.Пўлатова,
Избоскан тумани давлат архиви 1-тоифа архивчиси