РЕНЕССАНС. Бу сўзни илгари ҳам эшитганман, ўқиганман.
Уни фанда илк бор итальян гуманистлари қўллаганини ҳам биламан. Лекин Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллик байрамида бу сўзни Президентимиздан эшитиб, унинг шукуҳини, қувватини ўзгача ҳайрат, ўзгача масъулият билан идрокладим.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган стратегик саъй-ҳаракатлар кун келиб Учинчи Ренессансга пойдевор бўлишини жўшқин нутқдан шууримга оқиб кираётган мотивациянинг катта тўлқинида англадим. Ахир, мудроқ жамиятни, одамларни уйғотишнинг ўзи РЕНЕССАНСнинг дебочаси эмасми! Бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмаслиги, бугунги ёшлар кечаги ёшлар эмаслигини исботлашга ҳожат қолмаганининг ўзиёқ залворли натижа эмасми!
Эътибор қилинг: Президент ёшлар ҳақида қатъий ишонч билан гапирди. Математика, кимё, биология – фундаментал фанларни зўр ўқитайлик, деди, инновацияларга йўл очайлик, деди. Ёшларнинг маърифати, маънавияти бош масаламиз, стратегик вазифамиз, устувор йўналишимиз, деди. Буларнинг амалдаги исботини кўринг: сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонда 43 янги олий таълим муассасаси ташкил этилди.
Бу йил олий ўқув юртларига кириш учун 1,5 миллионга яқин йигит-қиз ҳужжат топширди. Бу ёшларимизнинг таълим олишга мотивацияси 40 фоизга ошди, дегани. Шу ўқув йилидан яна бир янги тизим жорий этилди: кам таъминланган оилалар қизларининг билим олиш имкониятини кенгайтириш мақсадида ОТМга қабулда улар учун давлат гранти асосида 940 қўшимча ўрин ажратилди. Мана сизга истеъдодларнинг интилишларини рўёбга чиқариш, ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун яратилган имкониятлар!
Президентимиз ўқитувчилар ойлигини 1000 АҚШ доллари эквиваленти миқдоригача ошириш, уларнинг ижтимоий мавқеини юксалтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтди.Ҳақиқатан ҳам, узоқни кўзлаган ҳар қандай режанинг асосини сифатли таълим ташкил этади. Кўҳна Хитой мутафаккири Конфуций:“Агар режангиз бир йиллик бўлса шоли экинг, ўн йиллик бўлса дарахт экинг, юз йиллик бўлса болаларингизга таълим беринг” дея бежиз таъкидламаган. Келажакда кутилган «ҳосил»ни йиғиш учун Ўзбекистонимизда ҳозирдан кенг имкониятлар яратиляпти, ёшларни илму маърифатга рағбатлантириш, илм эгаларини қадрлашга қаратилган тизим яратиляпти.
Ўз навбатида, ёшлар ҳам шахсий ривожланиши учун мотивация манбаларини ўзи топа билиши керак –у хоҳ китоб, хоҳ киноасар, хоҳ спорт ёки саёҳат бўлсин. Имконият яратилса ўқийман, дейдиган эмас, ҳар қандай вазиятда ҳам билим олиш ва ривожланишга ҳаракат қиламан, дейдиган йигит-қизларимиз сафи кенгайиши учун ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.
Биз яшаб турган шу муқаддас заминда Уйғониш – Ренессанс бошланган пайтлар Европа ҳали ғафлат уйқусида эканини кўпчилик яхши билади. Бу тарихий ҳақиқатни Европанинг етук олимлари тан олгани ҳам сир эмас. Ҳарқалай, атоқли немис шарқшуноси Адам Мецнинг “Мусулмон Ренессанси”, академик Николай Конраднинг “Шарқ Ренессанси” концепцияси осмондан тушган эмас. Агар “Die Renaissance des Islams” китобини ушбу мавзудаги бош манба, деб ҳисоблайдиган бўлсак, Адам Мецдек буюк олим фундаментал тадқиқотини яратишда улуғ ватандошимиз Берунийнинг илмий меросига таянганидан фахрланмай бўладими!
Машҳур Маъмун академиясида камолга етган Ибн Сино, Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний каби алломалар Шарқ уйғониш даврининг биринчи босқичига, Темурийлар даври тамаддунининг ёрқин вакиллари – Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби олимлар иккинчи юксалиш босқичига ҳисса қўшгани қиёс қилинса, Учинчи Ренессанс вакиллари бугунги ислоҳотларнинг меваларидан баҳра олган Янги Ўзбекистон фарзандлари орасидан етишиб чиқса, не ажаб!
Алишер САЪДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори.