Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

МОТИВАЦИЯ ТУШУНЧАСИНИ БИЛАСИЗМИ?

Мотивация (лот. movere)
Мотивация — ҳаракатни уйғотмоқ; руҳий-физиологик режанинг динамик жараёни, инсон ҳаракатини бошқариш, мақсад сари етакловчи восита, ташкиллаштириш, фаоллик ва бардошлилик каби маъноларни англатади. Мотивация ҳис-туйғуга, ишонч эса ақлга боғлиқдир. Мотивация инсонга танлаш имкониятини бериб, уни бирор ишга асло мажбурламайди. У бу ишни ўз ички ҳис-туйғуларидан келиб чиқиб фаол амалга оширади. Энди мотивациянинг баъзи бир соҳалардаги ўрнига тўхталсак: Маълумки, ўзбек миллий кураши қадимдан бизга аждодлардан авлодларга мерос бўлиб қолган ва биз учун муқаддас спорт тури ҳисобланади. Ушбу спорт турини тўй, сайл ва байрам тадбирларида ўтишини кузатган бўлсангиз, даврани олиб борадиган баковул кураш томошабинлар учун қизғин ва мазмунли ўтиши учун полвонларнинг келиб чиқиши ва уларнинг полвонлар оиласидан эканлигини оммага баланд овозда таништириб боради. Қайси бир полвон заифроқ ҳаракат қилаётган бўлса, унинг қувватини янада оширишни кўзлаб у ҳақда мақтовли сўзларни гапира бошлайди. Натижада мусобақа қизғин кураш остида ўтади ва узоқ давом этади. Баковулнинг полвонлар ҳақида кетма-кет ёғдираётган мақтовли сўзлари мотивация дейилади. Баъзи ҳолларда спортчиларга мусиқа ҳам мотивацион ёрдам беради. Аксарият ёшлар кино, сериал ёки ўқиган адабиётларидан ўзлари учун қаҳрамон танлаб, унинг гап сўзлари-ю, юриш-туриши, ҳатто, кийинишигача эътибор бериб ўзларини ўша қаҳрамонга ўхшатишга ҳаракат қиладилар. Бу усулда ҳам мотивацияни кўришимиз мумкин. Юқоридаги мисоллардан келиб чиқиб, мотивация иккига бўлинишини тушунган бўлсангиз керак. Биринчиси,мотивация инсоннинг бошқалар томонидан кучини оширувчи омил бўлиб хизмат қилаётган бўлса, иккинчиси эса,инсоннинг ким ёки нимадан олган таассуроти орқали мотивациянамоён бўлади. Айрим инсонлар ҳаётидан нолиб ўзларини тиклаб ололмаётганидан шикоят қилиб қоладилар. Улар мотивациядан олдин ўзларидаги қўрқув, норозилик, уятчанлик, иккиланиш ва ички блокланган хислатларидан холи бўлиш ҳақида қайғуришлари лозим. Ушбу хислатлар мотивациянинг акси бўлиб, инсонни мақсад сари интилишларини йўқотишга хизмат қилади. Мотивация етишмаслигидан азоб чекадиган одамлар кўп ҳолларда хаёлпарастликка берилган, ақлларини ишлатишни хоҳламайдиган, ўзларига беэътибор бўлиб ёшларига қараганда анча кексайган ва ҳаётга қизиқиши сўнган ноумид инсон бўладилар. Буюк файласуф Суқрот айтганидек, «Кимда истак бўлса – йўлини қидиради, кимда истак бўлмаса – сабаб қидиради». Ўз мақсадингизни амалга ошириш, Ватан ва оилангиз олдида юзингизни ёруғ қилиш учун муносиб йўл қидирсангиз бас!

Улашинг: