Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Инсон манфаатлари йўлида

Сўнгги йилларда фуқаролар ва тадбиркорлик субьектларига ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ҳимоя қилиш, уларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш бўйича муҳим тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, 2017-2020 йилларда судлар фаолиятига замонавий ахборот коммуникация техналогияларини жорий этиш дастурининг ижроси натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судъялар ўртасида ишларни автомотик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини интернет тармоғида эьлон қилиш, ижро хужжатларини электрон шаклда Мажбурий ижро бюросига юбориш тизимлари жорий этилди.

Соҳада бошланган ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, одил судловни амалга ошириш мақсадида 2020 йил 3 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4818 сонли қарори қабул қилинди.

Қарорда тизимдаги АЙТИ технологияларини кенг жорий қилиш масалалари ўз ифодасини топган. Яьни, судларда ишларни кўришда кўпгина вазирлик ва идоралар билан маьлумот алмашинувини таьминлаш, интеграция қилиш, фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматларни кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш кўзда тутилган. Бундан мақсад, судга мурожаат қилишни янада эркинлаштириш, одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқликни ва шаффофликни таминлашдан иборат.

Қарор билан 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди. Дастурга мувофиқ 2021 йил                         1-январдан бошлаб барча судларда суд мажлисини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудио ёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислар баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш тизими жорий этилади. Шунингдек, 2021 йил 1июлдан бошлаб апелляция ва кассация инстанция судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш,               2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида СМС хабарнома орқали бепул асосда хабардор қилиш, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса, суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда тақдим этиш йўлга қўйилади.

Шунингдек, қарорда 2023 йил 1-январдан суд ишлари давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш амалиётини жорий этиш бўйича вазифа қўйилган. Қарор билан 28 банддан иборат судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича йўл харитаси тасдиқланди.

2022 йил 1 январдан бошлаб судлар фаолиятига “АДОЛАТ” ахборот тизимлари комплекси жорий этилади. Фойдаланувчилар ушбу тизим орқали судларга даъво аризалар ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этишлари манфаатдор шахслар томонидан даъво ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш, суд мажлиси иштирокчиси томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш каби бир қатор хизматлардан фойдаланишлари мумкин бўлади.

Қарор билан мавжуд судьялар ва судьяликка номзодлар бўйича маълумотларни тегишли давлат ташкилотларидан интеграция йўли билан олиш имкониятини берувчи дастур жорий қилиш назарда тутилмоқда, эндиликда ҳар бир судьяга алохида шахсий кабинет очилади ва уларга QR код берилади ва бу берилган QR код орқали эндиликда фуқаролар мобил телефонлари орқали судьяни шахсий кабинетига кириб, бу судья ҳақида тегишли маълумотларни қолдириш имкониятини беради. Яъни, қўйилган ҳар бир маьлумот Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Ўзбекистон Респудликаси Судьялар олий кенгаши раисининг шахсий кабинетига тушади ва судьяларни кейинги муддатга номзодлигини ўрганишда бу жуда қўл келади ва шу йўл билан халқнинг фикри билан судьяга баҳо берилади.

Қарорга мувофиқ 2020 йил якунига қадар жазони ижро этиш муассасаларидаги маҳбусларнинг суд мажлисларида ва суд раҳбарияти қабулларида  видиоконференцалоқа режимида иштирок этишлари имконини берувчи мобил дастур ишлаб чиқилади ва махсус ускуналар билан жихозланади. Бу эса ўз навбатида ўша маҳбусларни суд мажлисларига келиб иштирок этишларини эмас, балки ўша жазони ижро этиш муассасасидан иштирок этишларига шароит ярятиб берилади. Бу биринчи навбатда ортиқча сарф харажатларни олдини олади, вақт тежалади ва маҳбусларнинг хавфсизлигини таьминлайди.

Эндиликда, судьяликка бўлажак номзодлар Судьялар олий мактабига ўқиш учун масофадан туриб ариза беради, аризага илова қилиниши керак бўлган маьлумотларни давлат ташкилотларидан Олий мактаб ўзи интеграция қилиш орқали олади. Шунингдек, судда ишловчи мутахассислар, яъни архивариуслар, девонхона ходимлари ва бошқа маслахатчиларни малака ошириш курсларида ўқитиш масофавий онлайн тарзда олиб борилиши, уларни келиб кетиши ва мехмонхона билан боғлиқ харажатларини тежаб қолинишига олиб келади.

Бу яратилаётган имкониятлардан асосий мақсад, бу нафақат судларда ишни енгиллаштириш, балки фуқароларни ва ташкилотларни судда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, ортиқча вақт сарф харажатларини олдини олиш ҳамда судга мурожаат қилувчиларни ишни кўриш жараёнларида маьлумотларни очиқ ошкора олишлари яьни шаффофликни ва очиқликни таьминлашдир.

Хулоса қилиб айтганда судлар фаолиятига рақамли техналогияларнинг кенг кириб бориши ортиқча оворагарчиликларни олдини олишга, юридик ва жисмоний шахсларнинг вақтини ҳамда молиявий харажатларини тежашга, энг асосийси жараёнда очиқлик ва шаффофликни таьминлаш имконини беради.

Шу боис, ушбу қарорни инсон манфаатлари йўлидаги яна бир муҳим ҳужжат сифатида қабул қилиш мумкин.

Муйдинжон Салимов,

Избоскан туманлараро

иқтисодий суди раиси  

Улашинг: