Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

СИЗГА ХАТ ЖЎНАТГАНДИК…

Жавоблардан эса дарак йўқ

Агар нуфузли идораларда аҳвол шундай бўлса бошқалардан нима кутиш мумкин?!
Ёдимда Тинчлик маҳалла фуқаролар йиғинининг бир гуруҳ фуқаролари номидан Тўрткўл-Янгиқишлоқ катта асфальт йўлнинг чегара ҳудудидаги кўприк ости қувури олди очиришда ёрдам сўраб мурожаат қилинганди. Хат туман ҳокимлигидан туман сув хўжалиги ва йўл қурилиш идорасига ўз вақтида чиқарилган. Ижроси таъминланмаганлиги учун хат тақдири билан қизиқиб, туман ҳокимлиги умумий бўлими(канцелярия)га кириб суриштирув ўтказишга тўғри келди. Мурожаатда кўрсатилган муаммо ҳар иккала идора ўртасида бир бирларига солинаётгани учун ижроси чўзилиб кетганди. Шундан сўнг яна туман ҳокимлигига чиқарилган хат ижроси назоратга олиниб, муаммога ечим топишда ёрдам сўралганидан кейин бу иш ҳал қилинганди.
Бу ҳолатни ёдга олишдан мақсад ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, шунингдек жамоа тақдири ётиши, қолаверса мамлакатимизда аҳоли мурожаатлари билан ишлашдаги қонунларга эътибор ҳар қачонгидан кучайтирилганлигини англаш шарт эканлигини билдиришдир.
Туман ҳокимлиги «Пахтакор» газетасининг муассиси ҳисобланади. 2020 йилга келиб тахририятда газетага обуна қилиш ва молиявий қийинчиликлар юзага келаётганлиги ҳақида бир неча бор ёзма равишда муассисга мурожаат қилинди. Чунки аҳволни муассисга билдирилмаса тахририят томонидан масъулиятсизлик бўларди. 2019 йилда 4 та, 2020 йилда ана шундай мазмундаги қатор хатлар чиқарилди. Хатларнинг аксариятда молиявий аҳвол, сайловлар жараёнида қўшимча газеталар чиқариш учун маблағ етишмаётгани, муассис молиявий жиҳатдан тахририятни қўллаб қувватламаса бу кейинги йилларга ҳам таъсир кўрсатиши баён қилинган эди.
Ўрганиш жараёнида маълум бўлдики, мурожаатларимиз туман ҳокимлиги умумий бўлимидан туман ҳокимига, туман ҳокими томонидан тегишли бўлимларга, у ерлардан маблағга боғлиқ ташкилотга чиқарилган. Масалан, ана шундай хатларнинг бири биринчи ўринбосар Э. Каримовга, ундан иқтисодиёт бўлимига, у ердан 2019 йил 21 ноябрь куни РХ-306 рақами билан молия бўлими бошлиғи У.Тўрақуловга чиқарилган. Молия бўлимига чиқарилган хат 2020 йилнинг 10 мартигача «туз еб» ётган. Журналист суриштирувидан сўнг ҳокимлик иқтисодиёт бўлимига молия бўлими жавоб хати етиб келган. Туман ҳокимлиги иқтисодиёт бўлимига тўрт ойдан кейин келган жавоб хатида шундай сўзлар бор: «Пахтакор» газетаси тахририяти давлат корхонаси хўжалик юритувчи субъект бўлиб, ушбу корхона ҳаражатлари учун туман бюджет параметрида маблағлар назарда тутилмаганлиги сабабли, қўшимча манбалар ҳисобидан қопланиши мақсадга мувофиқ эканлигини маълум қилади».
Савол туғилади: Агар жавоб хати ўз вақтида, 4 ой ўтказилиб юборилмай ҳокимликка қайтарилганда муассис тахририятнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловларни тарғиб қилиш учун қўшимча газета чиқариб, ундан бўлган қарздорлигини тугатиб иқтисодий аҳволини яхшилаш учун ҳокимлик томонидан балки бирор тадбир кўрилган бўлармиди? Хуллас туман молия бўлими туман ҳокимлигидан чиқарилган хатга ана шундай қўл силтаб қўйган бўлса бошқаларнинг мурожаатларига қандай жавоб бераётганини англаш унчалик қийин эмас.
Яна бир, шу йил 17 январдаги 2-сонли хат ҳам юқоридагидек «йўллар»ни босиб ўтиб, туман ҳокимлиги иқтисодиёт бўлимидан туман ҳокими ўринбосари Ф. Джўрабоевга чиқарилган. Аммо суриштирув давомида хатнинг ҳаттоки рўйхатдан ўтказилмаганлиги маълум бўлди. Мурожаатлар билан ишлашда ҳокимликка чиқарилган хатлар тегишли мутасаддиларга чиқарилганда ҳам хатда кўрсатилган муаммо қандай ечилади ёки ечилмаслиги ҳақида хат чиқарган ташкилотга расмий тарзда жавоб йўлланиши ва бунинг ўзига яраша қонун қоидаси, муддати борлигини ҳеч кимга эслатишнинг ҳожати бўлмаса керак. Аммо ҳокимликка ўтган йилдан буён чиқарилган хатларимизнинг бирортасига жавоб ололмаганимизни айтиб ўтиш жоиз.
Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунга амал қилиш нуфузли идораларда шунчалик бўлса бошқа идораларда қандай экан?

Й. ИСОҚЖОНОВ,
«Пахтакор» газетаси мухбири.

Улашинг: