Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш бўйича Избоскан туманида қандай ишлар олиб борилмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида озиқ-овқат маҳсулотларининг арзон ва етарлилиги халқ розилигининг асосий омилларидан бири эканлиги таъкидлаб ўтилди. Буни таъминлаш мақсадида сўнгги 3 йилда озиқ-овқат, чорвачилик, мева-сабзавотчилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларини ривожлантириш учун 28 триллион сўм кредит маблағлари ажратилди. Биргина чорвачилик йўналишида 11 триллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилди.

Бундан ташқари, коронавирус пандемиясининг нарх-навога таъсири инобатга олиниб, жорий йил апрель ойидан бошлаб асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импорти божхона тўловларидан озод қилинган.

Лекин шунга қарамай, охирги вақтларда гўшт, тухум, ўсимлик ёғи ва шакар маҳсулотларининг нархи кескин ошди. Дунё бозорида ўтган 9 ойда ўсимлик ёғи 15 фоизга, Ўзбекистонда эса 26 фоизга ортган. Шакар нархи 5 фоизга камайишига қарамасдан, юртимизда 23 фоизга қимматлаган.

– Бугундан барча чораларни кўриб, амалдаги тизимни ўзгартирмасак, эртага қиш ва баҳор ойларида қийин бўлади. Озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириб, бозордаги нарх-навони арзон қилсак, одамларни, айниқса, кам таъминланганларни рози қила оламиз, – деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида.

Ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокимида ҳудуд аҳолисининг кейинги йил майгача гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар, гуруч, картошка, сабзи ва пиёзга бўлган эҳтиёжи, бу маҳсулотларни қачон, қаердан олиш бўйича аниқ ҳисоб-китоб бўлиши кераклиги таъкидланди.

Ҳар бир ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича алоҳида жамғармалар ташкил этилиши белгиланди. Ҳудуд раҳбарлари тадбиркорларни жалб қилиб, етишмайдиган асосий озиқ-овқат маҳсулотларини жамғарма ҳисобидан бошқа жойдан олиб келиш ёки импорт қилишни йўлга қўяди. Бундай тадбиркорлар учун кредит фоизининг бир қисми Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан қоплаб берилади.

Импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари нархини арзонлаштириш мақсадида йирик хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳаллий биржадаги иштирокини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Президентимиз Ш. М. Мирзиёев раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида қўйилган вазифаларни бажариш бўйича Избоскан туманида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Бугунги кунда туманимиз аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабларини қондиришда, туманимиздаги тегишли барча озиқ-овқат махсулотлари ишлаб чиқарувчи, етиштирувчи ва қайта ишловчи субъектларнинг ўрнини ошириш мақсадида туман ҳокимлиги ва тегишли мутасаддилар томонидан бозордаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларини сунъий ошишининг олдини олиш билан бирга бозорни тўйинтириш бўйича ижобий ишлар ташкил этилмоқда.

Туманимизда озиқ-овқат махсулотлари ишлаб чиқарувчи, етиштирувчи хамда қайта ишловчи корхоналар ҳақида Избоскан туман статистика бўлими бошлиғи Х.Режабов шундай дейди:

-Избоскан туманида Давлат рўйхатидан ўтган озиқ-овқат махсулотлари ишлаб чиқарувчи, етиштирувчи хамда қайта ишловчи корхоналар юридик субъектлар жами сони 439 та бўлиб, шундан 248 та фермер хўжаликлари (Пахта ва ғаллачиликдан ташқари), 190 та кичик бизнес субъектлари ва 1 та қишлоқ хўжалик корхонаси мавжуд. Жами 439 та субъектлардан 46 таси озиқ-овқат махсулотларини қайта ишлаш билан шуғулланади. Шоли  етиштириш билан рўйхатга олинган 22 та субъект астойдил шуғулланмоқда. Бундан ташқари маҳаллаларнинг ҳар бирида шоли туйиш билан шуғулланувчи оилавий абжувовчилар фаолият кўрсатишади.

«Қўғай» маҳалласидаги тадбиркор Маҳсуджон Дўстматов обжувозида кунига 3000-3500 килограммгача шоли оқланиб, аҳоли эхтиёжи учун етказилиб берилмоқда.

 

Тумандаги «Соҳибкорлар юрти» МЧЖ раҳбари Ихволдин Ғаффоровнинг айтишича туманда 6000 тонналик ва ундан ташқари 10 000 тонна сиғимга эга  5 та заҳира омбори, 13 та музлаткичли заҳира омборлари мавжуд. Туманда 2,5 минг тонна картошка заҳира қилиниши керак бўлган ҳолда ҳозирда фақат 300 тонна картошка, 300 тонна пиёз заҳира тўпланган холос.  Сабзи, турп, шолғом ва бошқа маҳсулотларни сақлаш учун омборлар тахт ҳолга келтирилган.

Тумандаги деҳқон ва озиқ-овқат бозори бир жойда жойлашган ва раҳбари бир киши. Ўрганиш даврида раҳбар шифохонада даволанаётгани сабабли унинг ўринбосари М. Йўлбарсов ҳамроҳлик қилди.

Унинг ҳамроҳлигида нархлар ўрганилиб, таҳлил қилинди. Ўтган йилнинг шу даврида Избоскан деҳқон бозорида 1 кило картошка  2000-3000 сўмдан гўшт 42000 сўмдан, пахта ёғи 1 литри 9-1000 сўмдан, писта ёғи 10-11000 сўмдан, сабзи 750-1500 сўмдан, пиёз 1000-1500 сўмгача, гуруч 6500-7500 сўмдан, помидор 2500-7000 сўмгача сотилган.

Бу йил картошка 3-4000 сўмдан (фарқи 1000 сўм), гўшт 55000 сўм(фарқи 13000 сўм), пахта ёғи 13-14000 литри(фарқи 3-4000 сўм), писта ёғи 14-15000 сўмдан(фарқи 5000 сўмгача), сабзи 1500 сўмдан(фарқи барқарор), пиёз 1800-2000 сўмдан(фарқи 500 сўмгача), гуруч 7500-10000 сўмгача(фарқи 2500-3000 сўмгача), помидор 5000-7000 сўмгача(фарқи 2500-3000 сўмгача).

Картошка захирасини тўлдириш мақсадида Россия ва Қирғизистондан маҳсулотлар олиб келиниши кўзда тутилган. Ҳозирча захира қилнмаган.

Шуни ҳисобга олиш зарурки, бозор ҳудудида хусусий тадбиркорлар(турғун савдо қилувчилар) томонидан шакар 8000 сўмгача, картошка 4000 сўмгача, гуруч 10-11000 сўмгача, пиёз 2500 сўмгача, ўсимлик ёғлари литри 15000 сўмгача сотилмоқда.

Оптом маҳсулотлар  Республикамизнинг турли ҳудудларидан турли нархларда олиб келинмоқда. Тўсиқлар йўқ. Фақат етказиб берувчилар томонидан нархлар кўтарилган.

Шуни таъкидлаш жоизки, Избоскан туманидаги супер маркетда барча маҳсулотлар қимматлашган. Масалан 5 литрли писта ёғи 82000 сўмдан сотилмоқда. Сабзавот ва полиз маҳсулотлари ҳам бозор нархидан қимматроқ сотилмоқда. Гўштнинг нархи ҳам 70 000 сўмгача , товуқ гўштлари 25-27000 сўмгача сотилмоқда.Бундай ҳолат маарказий деҳқон бозори ҳудудидаги барча турғун дўконларда мавжуд. Айниқса ўсимлик ёғи нархи ортиб кетган. Бунинг сабаблари сўралганда оптомдан ва бошқа жойларда нархларнинг ортиб кетганини баён қилишмоқда.

 

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш, 2020-2021 йил қиш — баҳор мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларининг асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича қуйидаги ишларни амалга оширмоқдамиз, -дейди туман ҳокимлиги мутахассиси Нозимжон Жўраев:

-Биринчидан туман марказий “Деҳқон бозори”да арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳам асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи доимий савдо ярмаркалари ташкил этдик. Хусусан бу ярмаркаларда гўшт ва гўшт маҳсулотлари (мол ва қўй гўшти, товуқ гўшти,) тухум, ун, шакар, ўсимлик ёғи, картошка , пиёз, сабзи, гуруч ва шу каби кундалик эҳтиёждаги зарурий маҳсулотлар садоси йўлга қўйилди. Савдо ярмаркаларида маҳсулотларни узлуксизлигини ва етарли миқдорда таъминлаш мақсадида тасдиқланган график асосида гўшт ва гўшт маҳсулотларини чорвачилик фермер хўжаликлари, товуқ гўшти ва тухумни паррандачилик фермер хўжаликлари томонидан тизимли равишда етказиб берилмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тумандаги агрофирмалар етказиб берилмоқда.

2020-2021 йиллар қиш-баҳор мавсумида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини узлуксизлигини шу билан бирга уларнинг нархларини барқарорлигини таъминлаш мақсадида тумандаги тайёрлов корхоналари томонидан қишки захира яратилмоқда. Бу йилги мавсумда жами 5 минг 27 тонна жумладан: 2 минг 537 тонна картошка, 1 минг 105 тонна пиёз, 942 тонна сабзи ва 443 тонна гуруч жамғаришни режалаштириб олганмиз. Шу кунга қадар 300 тонна картошка, 648 тонна пиёз жамғарилди. Асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш бўйича белгиланган ҳажмларни молиялаштириш манбалари этиб туман ҳокимлиги томонидан жалб этилган тайёрлов ташкилотлари учун – жамғарма маблағлари, хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз айланма маблағлари ва тижорат банкларининг кредитлари ҳисобидан молиялаштириш кўзда тутилган.

Шунингдек импорт асосида олиб келинадиган 76 тонна шакар ва 378 тонна ўсимлик ёғини захирага жамғариш чоралари кўрилмоқда.

 

Улашинг: