Муҳтарам Президентимизнинг 1 октябрь “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”га бағишланган йиғилишда сўзлаган маърузасидан иқтибос келтирамиз:
-Муаллим ва ўқитувчиларнинг билими ва малакасини ошириш ҳақида гапирганда,бугун жамиятимизда долзарб бўлиб турган яна бир масалага тўхталиб ўтиш зарур, деб ўйлайман.
Айтинг-чи, ўқитувчи ўз устида ишлаши,билим ва маҳоратини ошириш учун қўшимча методик ёрдамни қаердан олади? Албатта,шу соҳага оид китоб ва қўлланмалардан, махсус педагогик нашрлардан олади. Афсуски,биз кейинги йилларда “мажбурий обуна”баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик. Бунинг натижасида мактаб ва олийгоҳларнинг ўқитувчи ва домлалари ўзлари учун зарур бўлган газета ва журналлардан ажралиб қолди. Шундай аянчли ҳолга келдикки, ҳатто айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлдилар. Ўзинггиз биласиз, дунёда комьпютер технологиялари энг ривожланган давлатлардан бири бу Япониядир. Лекин ушбу мамлакатда кунига 3-4 миллион нусхада нашр этиладиган газеталар борлигига нима дейсиз? Айтмоқчиманки, ҳаётимизда радио-телевидение, Интернет билан бирга босма нашрларнинг ҳам ўз ўрни бор.
Туманимиз ҳаёти билан яқиндан таништириб борадиган «Пахтакор» газетаси муштарийлар томонидан қўллаб-қувватланадими?
Саволимизга қуйидагича жавоблар олдик:
Туман мактабгача таълим бўлими раҳбари Назирахон Қобулова:
-Муҳтарам Юртбошимиз ўз маърузаларида бугунги куннинг долзарб муаммосига айланган мавзу ҳақида тўхталиб ўтдилар. Албатта, ҳозирги кунда ҳар бир соҳани ўз ичига қамраб олган босма газеталар фаолиятига алоҳида эътибор билан қараш керак. Газетани мунтазам ўқиб борган инсоннинг дунёқараши кенгаяди, нутқи, сўз бойлиги, фикрлаши ортади. Шунинг учун туманимизда фаолият кўрсатаётган “Пахтакор” газетаси мавқеини янада оширишимиз, унинг ранг-баранглиги таъминлашда амалий ёрдам беришимиз зарур. Президентимизнинг фикрларини туман ҳокими иштирокида ўтказилаётган йиғилишларда кенг таҳлил қилиш лозим. Газета нафақат корхона-ташкилот балки кенг аҳоли қатлами билан омма орасидаги мулоқот кўприги. Илгари “Пахтакор”газетаси қошида “Ёш мухбир”номли тўгарак ташкил этилганди. Ушбу тўгаракни яна қайтадан ташкил этиш керак деб ўйлайман. Туманимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро туманимизда бўлаётган ҳар бир соҳага оид янгиликлар билан танишиб бориши, газетага обуна бўлиб тахририятни молиявий қўллаб қувватлаши даркор, деб ўйлайман. Зотан обунасиз газетани чоп этиш имконсизлигини барчамиз биламиз. Тўғри, бугунги кунда Интернет кенг ривожланиб бормоқда. Лекин унда ёзилган хабарлар, янгиликларни ўқиб баъзи пайтда кайфиятингиз бузилади. Чунки унда баъзи бир блогерларнинг исботланмаган, ёлғон тарзда ёзилган мақолалари таъбингизни тирриқ қилади. Шунинг учун ҳам газетани ўрни бошқа. Биз мактабгача таълим ташкилотлари жамоалари билан “Пахтакор”газетасига обуна бўлишга алоҳида эътибор қаратамиз. Ишонаманки, барча биздан ўрнак олади.
Туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Дилмурод Мусурмонқулов:
« Айтинг-чи, ўқитувчи ўз устида ишлаши,билим ва маҳоратини ошириш учун қўшимча методик ёрдамни қаердан олади? Албатта,шу соҳага оид китоб ва қўлланмалардан, махсус педагогик нашрлардан олади. Афсуски,биз кейинги йилларда “мажбурий обуна”баҳонасида иҳтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик. Бунинг натижасида мактаб ва олийгоҳларнинг ўқитувчи ва домлалари ўзлари учун зарур бўлган газета ва журналлардан ажралиб қолди. Шундай аянчли ҳолга келдикки, ҳатто айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлдилар», деб “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”га бағишланган йиғилишда Давлатимиз раҳбари тўла ҳақиқатни айтиб ўтдилар. Дарҳақиқат 2020 йилда «Пахтакор» газетасига 5000 дан ортиқ ўқитувчи ва мураббийлардан иборат жамоамиздаги обуна сони 500 донага ҳам етмади. Бу албатта мажбурий обунага йўл йўқ деб ихтиёрий обунанинг ҳам барбод бўлишига йўл қўйилганидандир. Туман газетасининг фаолияти барчамиз учун керак. Мисол учун бирор бир ўқитувчининг бир соатлик дарс ишланмаси ҳақида туман газетасида чоп этилганда, мақолани бошқа макталардаги ўқитувчилар ҳам ўқиб, мулоҳаза қиладилар. Бу эса ўқитувчининг газета орқали билим савияси янада ошиб боришига ёрдам беради. Газетхонларни газетага обуна бўлишлари учун газета мавқеини, сифатини ошириш керак. Унда ҳар бир соҳа учун алоҳида саҳифа ажратиш лозим. Энди газетага обуна ҳақида тўхталадиган бўлсам, ўйлайманки ўқитувчиларимиз ва мураббийларимиз Иккинчи Жаҳон уруши йилларида ҳам фаолиятини тўхтатмаган «Пахтакор» газетасига обуна бўладилар ва аждодларимиз ишларини давом эттирадилар.
Шукуржон МАМИТОВ, туманлараро Давлат архиви бошлиғи:
-Бизнинг жамоамиз «Пахтакор» билан ҳар доим ҳамнафас. Газетанинг ҳар бир чиқишини интиқлик билан кутамиз. Зотан унинг саҳифаларида ўтган аждодларимизнинг Ватанимиз озодлиги ва мустақиллиги учун олиб борган фаолияти, туманимиз тарихига оид мақолалар, бугунги кун ҳаёти, мутасадди раҳбарларнинг, депутатларнинг бугунги кунда олиб бораётган ишлари асосли ёритилиб борилади. Албатта туманимиз тараққиётига тўсиқ бўлаётган танқидий чиқишлар ҳам барчани қизиқтиради.
Газетанинг 2021 йилда чиқишини ранг-баранглигини таъминлашда мен бир қаор таклифларни илгари сурмоқчиман: Масалан танқидий-таҳлилий мақолалар имкони борича ҳар бир сонида бериб борилса ва кейинги чиқишида мутасаддиларнинг мақолада келтирилган танқида муносабати билдирилса. Президентимиз ҳар бир раҳбар омма олдида ўз ҳисоботини бериб бориши лозимлигини айтиб ўтган эдилар. Бу ҳам амалга ошса нур устига нур бўларди.
Албата обунани фақат тахририятда амалга оширилиши ҳамманинг диққатини тортади. Чунки ҳамма обуначи ҳам газетани ўз вақтида қўлида бўлишини ва ўқишни истайди. Газетани етказиб беришни тахририят зиммасига олар экан биз яна жамоамиз билан тўла обуна бўламиз. Зотан интернет орқали «Пахтакор»нинг сайтдаги, Телеграмм ва Фейсбукдаги мақолаларини (Paxtakor29.uz) мунтазам ўқиб, жаҳон ва Ўзбекистонимизда, туманимиздаги янгиликлар билан танишиб бориш жуда ёқимли. Мен «Пахтакор»га обуна бўлишни барчага тавсия қиламан.