Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Янги Ўзбекистон-янгича қараш, Касб-ҳунар билан келажак сари

Избоскан туманидаги 10 та гуруҳда 274 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган 2-касб-ҳунар мактабида ана шундай мавзу асосида ота-оналар, жамоатчилик вакиллари ҳамда ўқувчилар иштирокида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирни мактаб директори Мансурбек Абдужабборов қисқача кириш сўзи билан очди. У ўз сўзида кейинги тўрт йил давомида таълим-тарбия соҳасида ижобий ўзгаришлар бўлаётгани, Давлатимиз раҳбари ёш авлод таълим-тарбияси, пухта билим олишлари учун чексиз ғамхўлик кўрсатаётганига, бугунги ёшларимизнинг билим олишлари, касб-ҳунар ўрганишлари учун барча қулай шарт-шароитлари яратилиб берилаётганига тўхталиб ўтди.
Шундан кейин мактаб ўқувчилари ўз чиқишларида ўз иқтидорларини намоён қилдилар. Бекзодбек Маҳмудовнинг «Она ҳақида»ги ижроси, 3-гуруҳ ўқувчиларининг «трио»си, Шоҳруҳбекнинг ҳазил шеърлари ва бошқа чиқишлар тадбир қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.
Тадбир якунида мактабда ўтказилган футбол ва спортнинг бошқа турлари бўйича ўтказилган мусобақалар ғолиблари тақдирланди.
Ота-оналар ва тадбир иштирокчилари ижодкор ўқувчилар томонидан ташкил этилган ярмаркани кўздан кечирдилар. Абдуҳалим Абдусатторов, Саидумар Яхшибоев, Самандар Қорабоевлар томонидан тайёрланган намуналар, автомобил моторини йиғиш, пайвандлаш ишлари мактабда ўқувчиларни касб-ҳунарга қизиқтириш ва ўргатиш намунали эканлигидан далолат берди. Айниқса 27 нафар қизнинг тикувчилик бўйича эгаллаётган ҳунари таърифга лойиқ.

Улашинг: