Избоскан туманида кенг жамоатчилик вакиллари, аҳоли ва ёшлар иштирокида “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида тарғибот тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Унда сиёсатчилар, маънавият тарғиботчилари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, таниқли спортчилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашмоқда.
Тарғибот тадбирларида иштирокчиларга Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган фикрлар, Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатининг устивор йўналишлари, шунингдек, “Конституция – халқ фаровонлиги ва юрт тинчлиги”, “Янги Ўзбекистон – янги тараққиёт босқичида”, “Аҳоли, айниқса, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга инновацион ёндашув” каби мавзулар юзасидан кенг тушунчалар берилди.
– Бугун мамлакатимиз барча соҳаларда тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Избоскан тумани бўлими раҳбари Озодбек Каримович Позилжонов. – Президентимиз раҳбарлигида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ижобий самаралар бериб, аҳолининг турмуш фаровонлиги, маънавияти юксалмоқда. Халқаро миқёсда Ўзбекистоннинг нуфузи ортиб бормоқда. Ана шу ўзгаришлар, эришилаётган ютуқлар, бунёдкорлик ишлари, умуман, ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида юртдошларимизга янада кенгроқ маълумотлар бериш ўтказилаётган тадбирларнинг бош мақсадидир.
Тумандаги барча умумтаълим мактабларида бўлиб ўтаётган тадбирларда аҳоли вакиллари, айниқса ёшлар фаол иштирок этмоқда. Ўтказилган суҳбат ва маърузалар юзасидан қизиқарли савол-жавоблар бўлди. Қатнашчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга тўлақонли жаволар олмоқдалар.
Тадбирлар доирасида умумтаълим мактаблари ўқувчилари, уюшмаган ёшлар ҳамда маҳалларида яшовчи аҳоли вакиллари иштирокида мактабларнинг спорт залларида спортнинг волейбол, баскетбол, шашка, стол тенниси турлари бўйича мусобақалар ташкил этилмоқда.
–Учрашувлардан аҳолимиз кенг доирадаги тушунчаларни олмоқда, – дейди Даминбойчек маҳалла фуқаролар йиғини раиси Маликахон Шодмонова. –Қолаверса, тадбирлар орқали юртимиздаги ўзгаришлар ҳақида кенг маълумотлар олмоқдалар. Бу албатта, барчамизнинг кайфиятимизни янада кўтарди. Ватан тараққиёти, иқтисодий ривожланиши йўлидаги ишларимизни янада баракали бўлишига туртки бўлмоқда. Шу билан бирга аҳолининг дунё қараши янгича бўлаётгани, олдинга интилиш, эртанги кунга бўлган ишонч уларнинг тадбир қатнашчиларига бераётган саволларида намоён бўлмоқда.
Тадбирлар доирасида намойиш этилган ёш рассомларнинг ижод намуналари, ҳунармандлар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, санъаткорлар томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар барчага хуш кайфият улашди.
«Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида тарғибот тадбирлари туманимизда қизғин давом этмоқда.
М. Мирзаабдуллаев.