Кейинги йилларда республикамизда соғлом овқатланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан кўзланган мақсад соғлом авлодни вояга етказиш учун фуқароларни соғлом озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва уларнинг бу борадаги билимларини ошириш. Президентимизнинг 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айни шу вазифа кўзда тутилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, жисмоний фаоллик ҳамда овқатланиш меъёр ва қоидаларига амал қилмаслик, таркибида туз, қанд, ёғ миқдори кўп бўлган таом ва ширинликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш, шунингдек, етарли даражада витамин ва минераллар истеъмол қилмаслик оқибатида ёшларда рационал ўсиш ва ақлий ривожланишда ортда қолиш, катталарда эса юрак қон-томир, эндокрин, хавфли ўсма каби инсоннинг эрта ўлимига олиб келувчи қатор касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлади.
Бу борада тиббиётнинг асосий вазифаси касалликларнинг олдини олиш, саломатликка таҳдид солиши мумкин бўлган хавфларни бартараф этиш. Бунинг учун биринчи навбатда жисмоний фаоллик ва соғлом овқатланишни кенг тарғиб қилмоғимиз зарур.
Юртимизда спортнинг оммалушуви яхши йўлга қўйилган. Эндиги вазифа рационал овқатланиш маданиятини ёйиш ҳисобланади. Бунга фарзандларимизни кичик ёшидан ўргатиш мақсадга мувофиқ саналади. Шу сабаб юқоридаги қарорда болаларнинг 5 ёшгача бўлган даврда оптимал ривожланиши ва ўсишини таъминлаш мақсадида патронаж ҳамшираларнинг универсал-прогрессив модели 2022 йил 1 январга қадар босқичма-босқич жорий этилиши кўрсатиб ўтилди. Хомиладор ва туғруқдан кейинги даврдаги аёллар ҳамда 5 ёшгача болалари мавжуд оилалар учун амалдаги штатлар доирасида алоҳида патронаж ҳамширасини бириктириш, ушбу патронаж ҳамшираси томонидан умумий ҳолати қониқарли ва хавф гуруҳидаги аҳолини аниқлаш ҳамда улар соғлиғининг умумий ҳолатини дифференциаллашган ёндашув асосида кузатиб бориш, умумий ҳолати қониқарли бўлган барча ҳомиладор ва туғруқдан кейинги даврдаги аёллар ҳамда 5 ёшгача болалари мавжуд оилаларни ягона меъёр асосида бевосита кузатиш каби вазифалар белгиланди.
Юқоридагилардан бир хулосага келиш мумкин: фарзандларимизда тўғри овқатланишга етарли муносабатни шакллантирсак бу билан тўла соғлом ҳаётни яратамиз. Бунинг учун патронаж ҳамшира билан биргаликда соғлом овқатланиш сари қадам ташлайлик.
Дилфуза АҲМЕДОВА,
Халқ депутатлари Избоскан туман кенгаши депутати.