Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

1 Декабрь – ОИТСга қарши кураш куни

Маълумки, бугунги кунда ушбу касаллик дунё бўйича “пандемия” тусини олмоқда. БЖТССТнинг 2002 йилдаги маълумотига кўра, ер юзида ОИВ/ОИТС билан касалланганлар 42 млн. кишини ташкил этади. Улардан 38,6 млн. катта ёшдагилар, 19,2 млн. аёллар, 3,4 млн. 15 ёшгача болалардир. 2002 йилнинг ўзида ОИТС хасталиги билан касалланган 3,1 млн. бемор вафот этди. Шу кунгача ОИТС хасталигидан вафот этганларнинг сони 25 млн. кишига етди. Бу рақамлар 13 йил олдинги рақамлар эди.

ОИТС қандай бошланган?

1980 йилнинг октябр ойидан 1981 йилнинг март ойигача Американинг Лос-Анжелес шаҳридаги учта шифохонада “Пневмоцист зотилжам” ташхиси билан бешта бемор даволанган. Бу касаллик жуда оғир ўтиши ва бу касалликни чақирувчи вируслар дориларга чидамлилиги билан бошқа касалликлардан ажралиб туради. Бу касаллик жуда кам учрайди, асосан чала туғилган чақалоқларда, иммун тизимининг пасайишга олиб келувчи дори воситалари қабул қилганларда ёки радионурлар таъсирига учраган одамларда ва саратон билан касалланган шахсларда аниқланади. Яъни, пневмоцистли зотилжам касаллиги пайдо бўлиши иммун тизимининг жиддий шикастланганини кўрсатади. Аниқланишича, ушбу беморларда иммун тизимининг сусайишига олиб келадиган бирон сабаб бўлмаган. Улар ёш бесоқолбозлар бўлган. Беморларнинг иммун тизими текширилиб кўрилганда лимфоцитлар сонининг кескин камайиб кетганлиги аниқланган. Касаллик белгилари асосида бу хасталик “Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми” ОИТС деб номланган.

Касаллик асосан жинсий алоқа йўли орқали,.парентерал йўл орқали, яъни вирус билан зарарланган қон ва қон маҳсулотлари қуйилганда, ностерил шприцлар ва тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланилганда, тери бутунлиги бузилиши билан кечадиган барча муолажаларда,.вертикал йўл орқали, яъни ОИТС вирусини ташувчи онадан ҳомилага ёки чақалоққа туғруқ жараёнида ва туғилгандан сўнг она сути орқали юқиши мумкин.

Эмизикли ёшдаги болалар ОИТС хасталиги билан хасталанган бўлса, онасига ушбу касалликни юқтирган ҳолатлар амалиётда аниқланилган. Уларнинг оғиз шиллиқ қаватида турли яралар бўлади. Натижада сўлаги қон билан аралашади. Бола она кўкрагини эмаётган вақтида тишлаши мумкин. Тишлаган соҳада эса жароҳатлар пайдо бўлади. Шу соҳадаги жароҳатга сўлак билан аралашган қондаги вирус тушади. Натижада боладаги касаллик онага ўтади.

Касалликнинг яширин давр – бир неча ойдан 10 йил ва ундан кўпроқ йилгача давом этиши мумкин. Бу босқичда ташхис фақат тахминий бўлиши мумкин. Бу даврда клиник белгилар бўлмайди ва ОИТС вирусига қарши антителлалар ишлаб чиқарилмайди. Хасталикка чалинган одамлар соппа-соғ, иш фаолияти бузилмаган, ўзини бемор деб ҳисобламайди. Бироқ, бу одамлар касалликнинг тарқалишида муҳим рол ўйнайди.

Белгиларнинг юзага чиқишида беморларнинг 30-50 % касаллик ўткир бошланиб, тана ҳарорати кўтарилади, ангина ёки фарингит белгилари кузатилади. Бўғимлар, мушаклар оғриши мумкин. Жигар, талоқ ва лимфа тугунларининг катталашиши кузатилади. Бу даврда бемор даволанишга муҳтож эмас. Аста-секин беморларда танадаги барча лимфа тугунларининг катталашуви, катталашган лимфа тугунлар орасидаги оғриқ кузатилади. Беморларнинг жинсий қобилияти ва иш фаолияти сақланган бўлади. Зарур бўлганда бемор амбулатор даволаниш билан чегараланади. Кейинги даврда беморнинг иммунитети кескин пасайиб кетганлиги боис, турли касалликлар келиб чиқади. Беморнинг аҳволи оғир бўлади. Масалан, сурункали гепатит, пневмония, камқонлик, сил, турли саратон касалликлари. Касалликнинг сўнгги босқичи, яъни терминал даврда оддий сўз билан айтганда, бемор ўлим тўшагида ётади. Аҳволи ўта оғир, озиб кетган, вақти-вақти билан тана ҳарорати кўтарилиб туради. Қондаги гемоглобин миқдори жуда пасайиб кетади. Бемор аҳволи кун-сайин оғирлашиб, ўлим билан тугайди.

Ҳозирги даврда ОИТС касаллиги билан касалланган беморларни бутунлай тузалиши имконияти йўқлиги сабабли дааволашнинг мақсади беморнинг умрини узайтиришга ва унинг ҳаёт кечиришини яхшилашга қаратилган бўлиши лозим.

Азизлар! Кўплаб машҳурларни ҳам ҳаётдан олиб кетган бундай даҳшатли касалликка чалинмаслик учун соғлом ҳаёт тарзига риоя этайлик, ўзимизни ва болаларимизни турли хасталиклардан эҳтиёт қилайлик.

Ҳ. Ўтанов,

Туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори.

А. Ибрагимов,

Кўп тармоқли марказий поликлиника тери-таносил касалликлари шифокори.

 

Улашинг: