Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Инсон ҳуқуқлари-адлия органлари ҳимоясида

Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва самарали ҳимоя қилишнинг етакчи омилларидан биридир. Ҳар бир шахс ўзи ёки бошқалар билан бирга ваколатли давлат  органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоят билан мурожаат этиб, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини рўёбга чиқариши ва ҳимоя қилиши мумкин.

2017 йил 11 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун Конституциямизнинг ҳуқуқий механизмини таъминловчи ҳамда давлат томонидан фуқаролик жамиятини шакллантиришда шахс фаоллигини кафолатловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатдир. Қонунда фуқаролар ҳамда давлат органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат органларининг фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашини яхшилаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига оғишмай риоя этилиши ўз ифодасини топган.

Адлия органлари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномаларида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши устидан тизимли равишда  назорат тадбирлари амалга оширилмоқда ҳамда фуқароларнинг ўз конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини холисона ва ҳар томонлама кўриб чиқишини таъминлаб, улар бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, Избоскан туман адлия бўлимига инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига оид фуқаролардан жами 146 та мурожаатлар келиб тушган. Шундан 51 таси шикоятни, 95 таси аризани ташкил этади. Ушбу кўриб чиқилган мурожаатларнинг 91 таси асосли деб топилиб қаноатлантирилган, 45 та мурожаат муаллифларига ҳуқуқий тушунтириш берилган, 5 таси тегишлилигига кўра бошқа идора ва ташкилотларга кўриб чиқиш учун юборилган.

Ўрганиш натижасига кўра, аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида қонун бузилишларни олдини олиш юзасидан
50 та тақдимнома, маъмурий жавобгарликка тортишни сўраб ваколатли идораларга 16 та таклифлар киритилди, тегишли судларга 10 та 68.940.000 сўмлик аризалар киритилди ва барчаси қаноатлантирилди.

Масалан, Избоскан туманида яшовчи фуқаро Д.Расулованинг ишга жойлашишда амалий ёрдам беришликни сўраб қилган мурожаатини ўрганиш натижасига кўра Избоскан туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг                2020 йил 20 январдаги 34-сонли буйруғи билан бирлашманинг мажмуи реанимация постига ҳамшира вазифасига ишга қабул қилинишига эришилди.

Шунингдек, Избоскан туманида яшовчи фуқаро Х.Жўраевага А.Жомий маҳалла фуқаролар йиғини томонидан икки ёшгача бўлган бола парвариш нафақа пулини тўлиқ олмаётганидан норози бўлиб, қилган мурожаатини ўрганиш натижалари юзасидан туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига киритилган тақдимнома натижасида А.Жомий маҳалла фуқаролар йиғини масъул ходимига «Хайфсан» интизомий жазоси берилди. Фуқаро Х.Жўраевага тўланмай қолган уч ойлик нафақа пулларини ундириб берилишига эришилди.

Бўлим томонидан ҳисобот даврида бошқарманинг иш режаси ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари асосида 43 та ўрганишлар ўтказилди. (шундан
8 таси мурожаатлар асосида) Ўтказилган ўрганишларда жами 404 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди. Аниқланган қонун бузилишларни бартараф этиш юзасидан давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларга жами 50 та тақдимнома киритилди, 227 та огоҳнома киритилди. Улар натижасида жами 56 нафар мансабдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилди.

Шунингдек, фуқароларга 28.474.000 сўм миқдорда пул маблағлари ундирилишига эришилди.

Конституцияда ва қонунларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини мансабдор шахслар томонидан бузилиши аниқланиб, айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани тегишли органлар олдига қўйиш юзасидан ҳисобот даврида айбдор мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан тегишли суд ва бошқа ваколатли идораларга жами 16 та таклиф киритилди. Киритилган таклифлар натижасига кўра, 16 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Шунингдек, бўлим томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида ахолини, вояга етмаганлар ва ёшлар ҳуқуқий билимларини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ғоясини тарғиб қилиш юзасидан ҳисобот даврида жами 1087 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди. Шундан 465 та оммавий ахборот воситалари орқали ҳуқуқий тарғиботлар ўтказилган бўлиб, уларнинг 6 таси телевидениеда, 20 таси радиода, 5 та газета ва журналларда, 434 таси веб-сайтларда ўтказилган. Жойларда 598 та оғзаки ҳуқуқий тарғиботлар ўтказилган бўлиб, уларнинг 16 таси маъруза, 198 таси давра суҳбатлари, 9 таси семинарлар, 375 таси уйма-уй бориб ўтказилган тарғиботлардир. 598 та манзилли тарғиботлар ўтказилиб, уларнинг 272 таси МФЙларда ва бошқа жойларда ўтказилган. Тарғибот тадбирларини 2158 нафар фуқаролар тинглаганлар. 2206 та буклет кўргазмалари ҳуқуқий тарғиботлар ўтказилди.

Бир сўз билан айтганда, бу йўналишда амалга ошираётган ишларимиздан кўзланган мақсад битта — қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг, вояга етмаганлар ва ёшларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва тиклаш. зеро, қонун устуворлиги таъминланган жамиятда тараққиёт бардавом бўлади.

Хайрулло АХМЕДОВ,

Избоскан туман адлия

бўлими бош маслаҳатчиси 

Мақола  «Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини ўз вақтида бартараф этишга кўмаклашиш» лойиҳаси асосида тайёрланди.  

Улашинг: