Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

БОБУР ТАВАЛЛУДИГА БАҒИШЛАНДИ

Бизнинг 12 — умумий  ўрта таълим мактабимизда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан ўқувчилар ўртасида “З.М.Бобурнинг  бой ижодий, маданий меъросини ўрганиш ва тарғиб қилиш» мавзусида абадий – бадиий кеча бўлиб ўтди.

Тадбирда Андижон вилояти халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Роҳатбек Тўйчиев, халқ депутатлари Избоскан туман Кенгаши депутати Дилфузахон  Аҳмедова, “Пахтакор” газетаси мухбири ва ижодкор  Маҳмуджон  Рустамов ҳамда  маҳалла мутасаддилари, ота – оналар иштирок этдилар.

Ўқувчилар меҳмонларга шоҳ ва шоир  З.М.Бобурнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна кўринишларини намойиш этдилар ва ғазалларидан намуналар ўқидилар. Тадбирда сўз олган депутатлар  Бобурнинг ижоди ва унинг  ижодий мерослари ҳозирги кунда  ҳам  ўқувчи ёшларни Ватанни тушуниш, Ватанга бўлган  муҳаббат, садоқат руҳида таълим беришда катта аҳамият касб этаётганлиги ҳақида тўхталиб ўтдилар. Шу билан бирга улар ўқувчиларни  ушбу меросни авайлаб-асраб келажак авлодга етказишда ҳамда  Ватанга муносиб фарзандлар бўлиб етишишларига тилак билдирдилар.  Кеча давомида ижодкор М. Рустамов ўқувчиларга ўзининг ижод намуналаридан ўқиб берар экан, унинг “Избосканим жону таним”,  “Соғлом авлод дилидан” ва Она – ватан, ота – оналарни мадҳ этувчи шеърлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.  Тадбирда  ёш ижодкор ўқувчилардан туман миқёсида ўтказилган “Китобхонлик ва китобхонлик маданияти” танловининг 2- ўрин соҳибаси  10 – синф ўқувчиси Оминахон Яхшибоева ҳам ўзи ёзган шеърларидан ўқиб берди. Ўқувчи қизимизга  М. Рустамов  келажакдаги ижодига муваффақиятлар тилаб, ўзининг “Бир кам дунё” номли китобини совға қилди. Тадбир давомида  Гузар маҳалласининг раиси  М.Асқарова ва ота – оналар ўз фикрларини билдириб, ана шундай тадбирлар ўқувчилар тарбиясида муҳим омил бўлишини билдирдилар ва тез-тез шундай учрашувлар ташил этилиши фойдадан ҳоли эмаслигини айтиб ўтдилар.  Адабий – бадиий кеча якунида фан олимпиадасининг вилоят босқичида  муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритган ўқувчилар—Ш. Анваржонов,  Р.Олимова,  З. Абобакирова ва бир қатор ўқувчиларни қизғин қутланди ва  уларга “Мақтов ёрлиғи” ва эсдалик совғалари топширилди. Мазмунли ва мароқли ўтган бадиий кеча барчада катта таассурот қолдирди.

Саидахон Йўлдошева

Маънавий – маърифий  ишлар бўйича мактаб директори ўринбосари

Улашинг: