Фикр 19 январ 2021 57
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ватан ҳимоячилари куни арафасида Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида сўзлаган нутқи биз, илм-маърифат аҳлини ниҳоятда тўлқинлантириб юборди.
Мен, адабиётшунос олим, қолаверса, барча юртдошларимиз қатори она Ватанимизнинг ҳар жиҳатдан кучли-қудратли бўлишини истайдиган оддий фуқаро сифатида ана шу ғоят сермазмун, кенг қамровли нутқнинг энг муҳим жиҳатлари ҳақида ўз таассурот ва кечинмаларимни қоғозга туширишга шошилганим бежиз эмас. Чунки бундай тарихий воқеани йиллар давомида кутиб, орзу қилиб келардик. Президентимиз томонидан ижод аҳли қалбида армон бўлиб келаётган ўй-фикрлар бажарилиши шарт бўлган қатъий талаб ва вазифа сифатида кун тартибига қўйилди.
Тақдир тақозоси билан мажбурий ҳарбий хизматни Афғонистонда ўташимга тўғри келган. 1986 йилнинг кузида совет қўшинларининг дастлабки жанговар полклари афғон диёрини тарк этганида мен ҳам ўша сафда эдим. Термизга етиб келгач, дивизия штаби бошлиғи, колонна қўмондони ҳаммамизга ташаккур билдириб, оқ йўл тилади. Менга рўбарў бўлгач, алоҳида самимият билан деди:
— Ўртоқ катта лейтенант, сиз Ўзбекистондан экансиз. Мен илгари ҳеч қачон бу юртда бўлмаганман. Мана шу имкониятдан фойдаланиб, бу ўлкани бир томоша қилиб кетсам, дегандим. Хизматчилик, яна бу ерларга келиш насиб қиладими-йўқми…
Мен бош ирғаб, она шаҳрим — Самарқанд ҳақида сўзлай кетдим. Генерал мени тўхтатиб: “Бўлди, Самарқанд орқали учиб кетаман, бирга йўлга чиқамиз”, дея гапни қисқа қилди.
Самарқандга келиб, сайрни Амир Темур мақбарасидан бошладик. У пайтларда мақбара анчагина хароб, фақат кўҳна меъморий ёдгорлик сифатида туристларга хизмат қиларди. Ўзим ҳам, тўғриси, Амир Темур ҳақида “Ватан тарихи” дарслигидан ўқиганларимдан бошқа нарсани билмас эдим. Шунинг учун қисқагина изоҳ бериб, меҳмонни Амир Темур дахмасига олиб тушдим. Шу ерда мақбара назоратчисини суҳбатга тортдик. У дахмадаги қабртошлар кимга тегишли экани, Иккинчи жаҳон уруши арафасида Амир Темур қабри очилгани ҳақида гапириб берди. Генерал унинг сўзларини диққат билан тинглар экан, кўзини Амир Темурнинг қабридан узмай, бирпас туриб қолди ва ўйчан қиёфада сўз қотди: “СССР Қуролли Кучлари олий академиясида бизга “Амир Темурнинг ҳарбий сиёсати ва жанг тактикаси” деган махсус фан ўқитилган. Барча генераллар бу фанни пухта ўзлаштириши қаттиқ талаб қилинарди. Буни қаранг, дунёга машҳур шундай тенгсиз саркарда сизнинг ватандошингиз, ўзбек миллатига мансуб экан-да! Бизга уни мўғул деб таништиришарди. Нега шундай улуғ инсоннинг мақбараси бу даражада хароб аҳволда?”, деб бошини сарак-сарак қилди. Ўшанда қалбимда миллий руҳ, миллий ғурур уйғонгандек бўлди. Шундан кейин ҳалиги меҳмонга қайси обидани кўрсатмай, уларнинг абгор аҳволидан хафалигим — аламга, аламим — нафратга айланиб бораверди. Шу кундан эътиборан, совет тузуми ўрнатган тартиб-қоидалар, аждодларимизни обрўсизлантириш, халқимизни манқуртлаштириш сиёсати моҳиятига диққат қила бошладим. Ичим армонга тўлиб кетди…
Президентимизнинг йиғилишдаги: “Мустабид тузум даврида тиз чўкиб, ерга қараб яшадик”, деган ҳаққоний сўзлари миллионлаб юртдошларимизнинг қалб ҳолатини, аҳволи-руҳиятини ифода этгандек бўлди.
Менга у кишининг бир фикри, айниқса, кучли таъсир қилди. Давлатимиз раҳбари ҳарбий округлар ўртасида уч босқичдан иборат мусобақалар ўтказиш, ғолибларга муқаддас Ватан, куч-қудрат тимсоли бўлган Соҳибқирон Амир Темурнинг жанговар байроғини Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони сифатида шахсан ўзи топширишини маълум қилди. Ана шу сўзлар минбардан янграганда, йиллар давомида менинг қалбимни, нафақат менинг, балки кўплаб аждодларимизнинг (Фитратнинг “Темур сағанаси” деган сочмасини эсланг) юрак-бағрини ўртаган “Биз нега бунчалар заиф бўлдик?” деган саволга жавоб топгандек бўлдим. Чунки биз ўзгаларга қарамлик йилларида Амир Темур руҳидан, Амир Темур шижоатидан, бой тарихимиздан узоқлашдик. Бугун Президентимиз ана шу буюк қудратни яна халқимиз, айниқса, ёшларимиз қалбига қайтармоқда.
Яратганнинг буюк инъоми — мустақиллик тантана қилиб, армонларнинг ушалиш даври келди… Тараққиётда кимдандир ўздик, кимдандир орқада қолиб кетган жойларимиз ҳам бўлди. Ниҳоят дунё сиёсатида “Янги Ўзбекистон” деган ибора пайдо бўлди. Бугун ҳаёт янгиланмоқда, қалб ва руҳ, онгу тафаккур янгиланмоқда.
Яқинда Англиядан бир ҳамкасбим архив материаллари билан танишиш учун Тошкентга келди. Бир гал суҳбат асносида ёрилиб қолди: “Дўстим, хафа бўлмайсан-у, бир нарсага ҳайронман. Давлатчилигингиз тарихининг ўзи — катта бойлик-ку! Ён-атрофга қарасанг, баъзилар ўз халқи руҳини кўтариш учун ёлғон тарихни тўқиб-бичиб ётибди. Сизлар эса асрлар давомида шаклланган бор тарихни тиклашга ҳам қандайдир тортиниб тургандексизлар… Ёки мен ноҳақманми?”
Инглиз дўстим мутлақо ҳақ эди. Ана шу сўзлар таъсирида юрган кунларимда Президентимизнинг Хавфсизлик кенгашидаги тарихий нутқини бевосита воқеа жойида ўтириб эшитиш бахтига муяссар бўлдим. Кўнглимда нуқул бир фикр айланади денг: отга қамчи босадиган вақт келди! Мана, миллат раҳнамоси ҳам шуни таъкидламоқда.
Тарихдан маълумки, ислоҳотчиларга ҳеч қачон осон бўлмаган. Уларнинг ҳаёти мудом жиддий мураккаблик, синов ва хатарлар пўртанасида кечади. Аллоҳ таоло халқ тақдирига масъул бўлишни ирода этган бундай мард ва жасур зотларни Ўзи сақлайди ва қўллаб-қувватлайди. Бу — улуғ авлиё ва машойихларнинг китобларида келтирилган фикрлар. Бугунги кунда дунё миқёсида том маънода мард ва жасур йўлбошчи сифатида тан олинган ислоҳотчи халқимизни шиддат билан олдинга бошлаб бормоқда.
Албатта, йиллар давомида йўл қўйган камчиликларимизни уч-тўрт йилда тузатиш осон эмас. Аммо шу йўлда жуда катта ва дадил қадамлар қўйилмоқда. Ўтган қисқа даврда давлат тилининг мақомини жойига қўйиш, шарти кетиб, парти қолган таълим тизимини тўғри ўзанга буриш, ўқитувчининг тушиб кетган мавқеи ва обрў-эътиборини кўтариш, бир-бирини инкор этадиган қонунларни тузатиш… булар осон иш эмас. Иқтисодиёт ва сиёсат, жамиятдаги муаммолар ҳақида-ку, гапирмасак ҳам бўлади. Барчаси режали, чуқур ва ҳар тарафлама пухта ўйланган ҳолда ҳал этилмоқда.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари миллий армиямизнинг жанговар руҳини, ёшларимизда мардлик ва шижоат фазилатларини янада кучайтириш ҳақида жуда куюниб гапирди. Умуман, ёшларни буюк аждодларимиз анъаналари руҳида, ҳарбий-ватанпарварлик тамойиллари асосида тарбиялаш мазкур нутқнинг лейтмотиви — бош ғояси бўлди. Президентимиз буюк бобомиз Амир Темур “Тузуклар”идан ёрқин мисоллар келтирди. Ҳатто ҳарбий либослар ҳам миллий қадриятларимизга мос бўлиши лозимлигига алоҳида урғу берди. Ҳақ гап. Миллий руҳни байроқ қилиб кўтарган давлатларнинг ўз анъаналарини қандай фахр билан кўз-кўз қилаётгани жаҳон спорт майдонларида, илм-фан, маданият, ахборот ва инновациялар соҳасида яққол намоён бўлмоқда. Бизга ҳам вақт келди, фурсат келди, имкон етди: ухласак — уйғониб, ётсак — туриб, юрсак — югуриб олдинга интилайлик энди. Тасаввур қилинг, дунёдаги минг-минглаб туристлар атайлаб Лондонга қирол саройидаги фахрий қоровул алмашиш маросимини кўргани боради. Туркия ва Ҳиндистондаги ҳарбий маросимларни айтмайсизми? Яна қанча давлатлардан мисол келтиришим мумкин. Бизнинг уч минг йиллик давлатчилигимиз тарихида ўзимизнинг армиямиз ёхуд дунё ҳавас қиладиган ҳарбий жанг санъатимиз бўлмаганми? Ҳарбий унвон ва лавозимларимиз-чи?
Афғонистон мудофаа тизими америкача армия тизимини ўзлаштирган бўлса-да, улар ўз тарихий номлари, атамаларидан воз кечмади-ку! Ёки араб мамлакатларини олинг. Улар ҳам мустамлакачи тузумлардан кўп озор чекди. Аммо мустақил бўлиши билан армиясида тарихий анъаналарни тиклади. Чунки ёшларда миллий руҳни уйғотиш, улар учун идеал тимсолларни яратиш орқали мард ва жасур авлодни тарбиялашда бунинг таъсири беқиёс.
Маълумки, ёшлар ҳавасга, романтикага, идеалга интилувчан бўлади. Президентимиз ўғил-қизларимиз ана шундай идеални миллий армиямиз, аскар ва офицерларимиз, генералларимиз тимсолида кўрсин, уларга ҳавас қилсин ва интилсин, деган мақсадда бу масалани кун тартибига қатъий қилиб қўймоқда.
Шарқ донишмандлари “Кимлигингни тушунтириб ўтирма, борингни кўрсат”, дейди. Афсуски, биз узоқ вақт давомида бу ҳикматга амал қилмадик — ўзимизда борини ҳам ёшларимизга кўрсатолмадик. Энди хатони тузатадиган, айниқса, маънавий тарбия борасида “нишон”га тўғри урадиган вақт келди.
Давлатимиз раҳбарининг нутқидаги ўта таъсирчан нуқталардан бири ҳарбий атамаларни ислоҳ қилиш ҳақидаги топшириқлар бўлди. Нафсиламрини айтганда, ҳарбий либосларимиз собиқ тузум давридаги ҳолатдан фарқ қилмаслиги етмаганидек, ҳарбий атамаларимиз ҳам — эски “чопони”да турибди.
Давлатимиз раҳбарининг Қуролли Кучлар тизимида ўзбек тилини қўллашни кенгайтириш борасидаги фикрлари Учинчи Ренессансга пойдевор бўладиган тамойиллардан биридир. Нафақат армиямиз, балки бутун жамиятимизнинг жону тани бўлган миллий руҳни ана шундай шонли тимсоллар шакллантиради. Миллий атамалар асрлар давомида томиримизда мудраб ётган ана шундай руҳни тирилтирадиган улкан қудрат манбаидир. Уларни ҳаётимиздаги ҳақиқий ўрнига қайтарсак, мен ишонаман, улар билан бирга буюк Амир Темур бобомиз ва бошқа аждодларимиз руҳи, улуғ тарихимиз ҳам қайтади, бизга мададкор бўлади.
Нега тарихий, мумтоз бадиий асарларни ўқишга қийналамиз? Чунки тарихимиздан узилиб қолганмиз. Улуғ саркарда аждодларимиз ҳақида тарихий мавзуда ёзилган бадиий асарларда “ўрон” сўзини учратсак, тушунмай қийналамиз. Уни “пароль” дейишса, тушунамиз. Бундай сўзлар кўп. Масалан, адовий — порох; баковул — хўжалик ва овқатланиш учун масъул шахс; боргоҳ — штаб; бекларбеги — штаб бошлиғи; бўлжар — плац; бўлук — батальон; доруға — комендант; минглик — минг аскарлик ҳарбий қисм, мингбеги — минг кишилик ҳарбий қисм қўмондони; мунши — писарь; мурчил — колонна, саф; туман — дивизия; туманбеги — дивизия қўмондони; урду — армия; урдугоҳ — лагерь; ўнлик — взвод, ўнбеги — взвод командири; хўшун — рота; хўшунбеги — рота командири; чодир — палатка; навкар — ҳарбий хизматчи (ёлланма); ясовул — қўриқловчи, соқчи; ўғруқ — қўшин ортидаги таъминот қисми (тыл); тавочи — адъютант; фавж — отряд; қаравул — асосий кучлардан анча илгари юрадиган разведкачилар отряди; ҳировул — қўшиннинг илғор қисми; довул — барабан; манқал — печка (буржуйка), садоқ — ўқдон (магазин) ва ҳоказо.
Тарихчи манбашунос мутахассисларимизга мурожаат қилинса, юзлаб бундай атамаларни топиб беради. Уларни ҳарбий атамалар сифатида жорий қилсак, нафақат сўзимиз, балки ўзимиз ҳам ўзгарамиз. Улар жон томиримиздек бизники, ўзгаларники эмас! Ўзимизникини, аввало, ўзимиз тиклайлик, кейин бошқалар ҳавас қилиб биздан олсин.
Давлатимиз раҳбари бизни ҳам тафаккур майдонига тушишга даъват этиб, бонг урди. Мутахассислар, тарихчилар, ижод аҳли, тилчию адабиётчилар — барча-барчамиз йиғилишда айтилган эзгу ғояларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг чуқур илмий асосларини топишимиз, нафақат ҳарбий атамалар, балки давлат ва жамият бошқарувининг барча соҳаларида ҳали-ҳануз амалда бўлган ва ҳатто ўзбекчаси борлиги унутиб юборилган, тарихан фақат ва фақат ўзимизга тегишли бўлган атамаларни жорий этиш, давлат тилининг ҳақиқий, амалий мақомини тиклашга эришиш — наинки вазифамиз, балки инсоний, фуқаролик бурчимиз бўлиши керак.
Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,
филология фанлари доктори, профессор