Солиқ тўловчиларни сегментларга ажратиш, 2021 йилдан қандай солиқ текширувлари бўлади? «Таҳлика-таҳлил» дастури қандай ишлайди? Тадбиркорлар солиқ текшируви бўйича нималарни билиши зарур? Шу каби саволлар юзасидан Давлат Солиқ қўмитаси солиқ назорати департаменти директори Лутфулло Умурзаков билан интервью ташкил этилди.
– 2021 йилда қанақа текширув бўлиши мумкин, у қандай амалга оширилади?
– Солиқ текширувлари Солиқ кодексининг 137-моддасига асосан 3 та турда ўтказилади.
Биринчи тур – «камерал» солиқ текшируви. Бу текшириш Солиқ кодексининг 138-моддасига биноан, солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботлари ва солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар ва маълумотларни таҳлил этиш асосида ўтказилади.
Камерал солиқ текшируви – солиқ текширувчилар (солиқ агентлари) томонидан солиқлар ва йиғимлар тўғри ҳисобланишини ўз вақтида ва тўлиқ бюджет тизимига тўланишини текшириш мақсадида солиқ тўловчи, солиқ агентлари томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларини ва солиқ органида мавжуд бўлган солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида бошқа маълумотларни ўрганиш асосида солиқ органи томонидан ўтказиладиган текширув ҳисобланади.
– Камерал текширув асосида ҳужжатлар ўрганилиб, аниқланган камчилик бўйича қандай чора кўрилади? Тақдимнома киритиладими ёки жарима қўлланадими?
– Агар солиқ ҳисоботидаги тафовутлар ёки хатолар аниқланса, солиқ органи томонидан икки кун муддатда солиқ тўловчига уларни ўн кунлик муддатда бартараф этиш тўғрисида талабнома юборилади.
Агар камерал солиқ текшируви пайтида солиқ тўловчи томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги аниқланса, текширувчи мансабдор шахс томонидан мазкур ҳолатлар юзасидан далолатнома тузилади (Далолатнома текширувчи мансабдор шахс ва солиқ тўловчи томонидан имзоланади).
Текшириш натижалари солиқ органи ва солиқ тўловчи иштирокида кўриб чиқилади ва қарор қабул қилинади. Солиқ тўловчини жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорга асосан қўлланилган молиявий санкция суммалари солиқ тўловчи томонидан қарор олинган кундан эътиборан ўн кун муддатда ихтиёрий равишда тўланганда жарима миқдори икки бараварга камайтирилади, яъни солиқ тўловчи 10 кун муддатда молиявий санкция суммасининг ярмини тўлаши мумкин бўлади.
Солиқ тўловчи камерал солиқ текшируви натижалари бўйича қабул қилинган қарорни (қўшимча ҳисобланган солиқ ва (ёки) молиявий жарима) бир ой ичида ихтиёрий бажармаган тақдирда, солиқ қарзини ундириш солиқ органи томонидан мустақил равишда амалга оширилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, солиқ тўловчи солиқ органининг қарори устидан юқори турувчи солиқ органига ёки судга шикоят қилиши мумкин бўлади.
Иккинчи тур – «сайёр» солиқ текшируви ҳисобланади. Бу текшириш Солиқ кодексининг 139-моддасига биноан, солиқ тўловчиларнинг солиқлар соҳасидаги айрим мажбуриятларининг бажарилишини текшириш йўли билан амалга оширилади.
– Сайёр текширув ўтказиш тартиби ва асоси қандай?
– Сайёр солиқ текшируви солиқ тўловчи томонидан содир этилган солиққа оид ҳуқуқбузарлик тўғрисида жисмоний ёки юридик шахсларнинг мурожаатлари, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган маълумотлар, солиқ хавфи электрон дастури, валюта операциялари бўйича мониторингда аниқланган ҳолатлар, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органлар маълумотлари асосида ўтказилади.
Сайёр солиқ текшируви ягона тизим орқали Бизнес вакилни хабардор қилиш асосида ўтказилади. Сайёр солиқ текширувида қуйидагилар текширилиши мумкин:
Хронометраж кўздан кечириш, назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилиши, солиқ тўловчи ишчилар сони, бозорлар, савдо комплекслари ва уларга туташ бўлган автотранспорт воситаларининг тўхташ жойлари, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари, ер қаъридан фойдаланувчи солиқ тўловчилар томонидан ҳақиқатда қазиб олинган фойдали қазилмалар ҳажмлари, банкларда тўлов топшириқномаларининг ва инкассо топшириқномаларининг ўз вақтида бажарилиши, шунингдек, валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, активлар ва мажбуриятлар инвентаризациясини ўтказиш ҳолатлари текширилади.
– Айрим мажбуриятларни текшириш деганда нима назарда тутиляпти?
– Солиқ тўловчининг айрим мажбуриятлари деганда – савдо қоидаларига риоя этилиши, шу жумладан, назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилиши, товарларнинг қонуний келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатлари мавжудлиги, шунингдек, ишчилар сонини, тушумлар ва ишлаб чиқариш ҳажмларини солиқ ҳисоботларида акс эттирилиши, валютани тартибга солишга доир қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши ва бошқа қонунчиликда белгиланган мажбуриятлар тушунилади.
Учинчи тур – «солиқ аудити». Бу текшириш Солиқ кодексининг 140-моддасига мувофиқ, юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб бўлган солиқ тўловчиларга нисбатан жойига чиққан ҳолда амалга оширилади.
– Юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига кимлар мансуб? Уларни жойига чиқиб ўрганиш тартиби қандай?
– Бюджет тизимига солиқ ва йиғимлар тўланмаслиги ёки тўлиқ тўланмаслигига олиб келиши мумкин бўлган, солиқ тўловчи томонидан солиқ мажбуриятларини бажармаслик солиқ хавфи деб эътироф этилади. Солиқ хавфи даражаси солиқ хавфи мезонлари асосида аниқланади ва 1 дан 100 гача баҳоланади, бунда хавф даражаси 81 дан 100 гача бўлганда юқори хавф гуруҳи деб белгиланади.
– Тадбиркорлик субъектлари хўжалик ва молиявий ишларини текширишга «мораторий» эълон қилинган. У нима бўлади?
– Хабарингиз бор, 2018 йилда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида текшириш ўтказишга икки йиллик мораторий эълон қилинган эди.
Коронавирус пандемияси туфайли 2020 йилда «мораторий» муддати 2021 йил 1 январга қадар узайтирилди. Президентнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган мурожаатномасида мораторий муддати яна бир йилга узайтирилиши таклиф этилган. Ҳозирги кунда мораторий муддатини узайтириш тўғрисида норматив ҳужжат лойиҳаси тайёрланмоқда.
– Агар мораторий яна узайтирилса, шу текширувлар ҳам амалда қолаверадими? Агар амал қилса, мораторий аҳамияти нимадан иборат?
– Солиқ кодексининг 136-моддасига асосан, солиқ назоратининг қуйидаги шакллари мавжуд.
1) солиқ текширувлар (камерал , сайёр, солиқ аудит)
2) солиқ мониторинги
Таъкидлаш жоизки, эълон қилинган мораторий» фақат солиқ аудитига татбиқ этилиб, ўз навбатида солиқ аудити солиқ хизмати органи ходимлари солиқ тўловчининг ҳудудига ташриф буюрган ҳолда охирги 5 йиллик бутун молия-хўжалик фаолиятини текширишдан иборат бўлади.
Камерал солиқ текшируви ва сайёр солиқ текширувлари эса, хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини тўлиқ қамраб олмайди, шунингдек, солиқ мониторинги назоратининг замонавий усулидан иборатлигини инобатга олган ҳолда эълон қилинган мораторий инсофли солиқ тўловчиларнинг фаолиятига ўз ижобий ҳиссасини қўшишига ишончимиз комил.
– Таҳлика-таҳлил дастури ҳақида маълумот берсангиз: у қандай дастур ва ишлаш тартиби, молиялаш манбалари ва кутилаётган натижа қандай?
– Ҳукуматнинг 2021 йил 7 январдаги 1-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, у солиқ хавфини аниқлашга қаратилган автоматлаштирилган дастурдир. Ушбу дастур ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Давлат солиқ қўмитаси томонидан Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бўлиб, солиқ органларида мавжуд ички ва ташқи маълумотларни умумлаштирган ҳолда автоматик тарзда ишлайди.
Дастурни ишга туширишдан кутилаётган натижа – бу солиқ қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш бўлиб, кичик хато ва камчиликларга йўл қўйган солиқ тўловчиларга уларни тўғрилашга ёрдам беради. Ўз ўрнида, қасддан бўйин товлаш ҳолатларини ҳам аниқлаш имконини яратади.
Молиявий манбага келадиган бўлсак, дастурнинг ҳисоб-китоблари ҳали охирига етгани йўқ. Давлат солиқ қўмитасининг ўзидаги ахборот технологияларини ҳисобга олган ҳолда Жанубий Корея, Туркия, Россия давлатларига бориб, технологиялар ўрганилди. Дастурни молиялаштириш харажатлари «СОРЖ» жамғармаси (Солиқ органларини ривожлантириш жамғармаси)нинг қўшимча маблағлари ҳисобидан қопланади.
– Солиқ текширувларини ўтказиш учун солиқ тўловчиларни сегментларга ажратиш ҳақида маълумотлар берилди, яъни «яшил», «сариқ» «қизил» йўлакларга ажратиш. Бунинг мезонлари қандай? Тадбиркорлар қандай қилиб сегментларга ажратилади ёки чиқарилади?
– Юқорида айтиб ўтганимиздек, таҳлика-таҳлил дастури асосида солиқ тўловчиларнинг солиқ хавфи даражаси аниқланади ва сегментларга ажратилади.
Солиқ тўловчиларнинг солиқ хавфи даражаси дастур орқали аниқланади ва 1 дан 100 гача бўлган оралиқда баҳоланади.
Бунда солиқ тўловчиларни сегментлаш қуйидагича тоифаланади:
- 1 баллдан 29 баллгача тўплаган солиқ тўловчилар паст хавф яъни, «яшил» йўлак бўлиб, уларга назорат тадбири тайинланмайди.
- 30 баллдан 80 баллгача тўплаган солиқ тўловчилар ўрта хавф яъни, «сариқ» йўлак бўлиб уларга «камерал» солиқ текшируви тайинланади.
- 81 баллдан 100 баллгача тўплаган солиқ тўловчилар – юқори хавф яъни, «қизил» йўлак ҳисобланиб, уларга «солиқ аудити» тайинланади.
Солиқ тўловчиларнинг сегментларга ажратилиши солиқ назорати турларининг ҳаққоний қўлланилишини таъминлайди. Солиқ хавфи даражаси паст («яшил» йўлакда) бўлган солиқ тўловчиларга ҳеч қандай солиқ текширувлари тайинланмайди.
Мадина Очилова суҳбатлашди. (Kun.uz.dan olindi)